ЎзА Ўзбек

22.11.2019 Чоп этиш версияси

Маданият етакчиларининг Тошкент платформаси​

Маданият етакчиларининг Тошкент платформаси​

“Ижодий Марказий Осиё” форумига 2017 йилда Британия Кенгаши томонидан асос солинган. Унинг асосий мақсади минтақа мамлакатларининг ижодий-маданий саноатини ривожлантириш. Ушбу форумга ўтган икки йилда Қозоғистон мезбонлик қилди.

Жорий йилги форум Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси ва кўмаги билан ташкил этилди.

Ўзбекистон, Буюк Британия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон вакиллари қатнашган “Ижодий Марказий Осиё – 2019” форумида илк бор Туркманистон делегацияси ҳам иштирок этди. Шу тариқа форум минтақа мамлакатларини тўлиқ қамраб олди.

7.JPG

11.JPG

Форумнинг очилишида Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчиси Тим Торлот, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бошқарма бошлиғи Элмурод Нажимов, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Рейчел Айленд ва бошқалар сўзга чиқди.

Реклама, архитектура, санъат, антиқа буюмлар бозори, ҳунармандчилик, мода ва дизайн, кино, интерфаол дам олиш дастурлари, мусиқа, ижрочилик санъати, нашриёт, дастурий таъминот, телевидение ва радио каби маданий ижодий саноат тармоқлари интеллектуал мулкни ривожлантириш ва ундан фойдаланиш орқали иш ўринларини кўпайтиришга ҳисса қўшадиган соҳалар ҳисобланади.

15.JPG

16.JPG

22.JPG

ЮНЕСКО маълумотига кўра, бугунги кунда маданий ижодий саноатнинг глобал иқтисодиётдаги улуши 6 фоиз бўлиб, унда 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган қарийб 30 миллион киши банд. Марказий Осиёда ҳам маданий ижодий саноатни ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжуд. “Ижодий Марказий Осиё” форуми ана шу салоҳиятни юзага чиқаришда минтақа мамлакатларига кўмак бериши мумкин.

Форум ялпи сессияларида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бўлим бошлиғи Фурқат Полвонзода, “Артишок” театри (Қозоғистон) директори Анастасия Тарасова, “We Make Places” (Буюк Британия) ташкилоти директори Кейт Стюарт каби ўнлаб экспертлар минтақада маданий ижодий саноатни фаол ва нуфузли тармоққа айлантириш, аудитория ва мижозлар базасини шакллантириш, шунингдек, маданият ва санъат соҳасида янгича ёндашувли таълим, маданий менежмент каби мавзулар юзасидан фикр алмашди.

2 957
Малоҳат ҲУСАНОВА, Отабек МИРСОАТОВ​ (сурат), ЎзА