ЎзА Ўзбек

22.11.2012 15:23 Чоп этиш версияси

Маданий ёдгорликлар – давлат муҳофазасида

Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир.

(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 49-модда.)

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини асраб-авайлаш, ёш авлодни уларнинг муносиб ворислари этиб тарбиялаш, аҳоли ўртасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ўтмиш кўзгуси бўлган музейлар фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Музейлар инсон маънавий оламини бойитиш ҳамда унинг миллий ғурурини юксалтиришга хизмат қилади. Шу маънода, музейлар маънавият ва маърифат ўчоғи сифатида эъзозланади.

Давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 12 январда қабул қилинган “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида“ги фармони ҳамда 2008 йил 12 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши мазкур соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди.

Мамлакатимизнинг барча жойида бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳоли, айниқса, ёшларни халқимизнинг бой маданий мероси билан таништириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 15 давлат, 29 жамоат музейи фаолият кўрсатаётир.

– Халқимизнинг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб-авайлашга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди Республика Маънавият тарғибот марказининг вилоят бўлими раҳбари Файзулло Зоҳидов. – Конституциямизда ҳам бу мерос давлат муҳофазасида эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган. Ёшларни миллий истиқлол ғояси, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда музейлар муҳим ўрин тутади. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасида улар бутунлай янги, замонавий қиёфага эга бўлмоқда, янги-янги экспонатлар билан бойимоқда.

Миллий адабиётимиз узоқ ва бой тарихга эга. Шу боис уни асраб-авайлаш, тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этади. Қўқон шаҳрида жойлашган Ғафур Ғулом номидаги вилоят адабиёт музейи мазкур йўналишда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида музей кўплаб экспонатлар билан бойиди. Айни кунда унинг фондида 14 минг экспонат сақланмоқда. Экспонатлар ичида икки мингдан ортиқ араб, форс ва туркий тиллардаги ноёб қўлёзмалар, шунингдек, кўплаб тошбосма китоблар, шоир ва ёзувчиларнинг архивлари, ноёб фотосуратлар бор.

Музейда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг асар ва девонлари нусхалари сақланмоқда. Шунингдек, ундан ҳаёти ва ижоди Қўқон билан боғлиқ бўлган олтмиш нафардан зиёд ижодкорнинг фаолияти ҳамда адабий меросига оид қизиқарли экспонатлар ҳам жой олган. Улар орасида XV ва XVI асрларда китобат қилинган қўлёзмалар ҳам бор.

Музей директори Абдулатиф Турдалиевнинг айтишича, ушбу маънавият ва маърифат масканида мустақиллик даври адабиётини кенг тарғиб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда илмий-адабий анжуманлар, учрашувлар ўтказилиб, илмий тадқиқотлар олиб борилаётир. Талабалар, коллеж ва мактаб ўқувчилари иштирокида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Музейда фарғоналик ижодкорларнинг истиқлол йилларида нашр этилган асарлари билан ҳам танишиш мумкин.

Мухтасар айтганда, бу даргоҳ чет эллик меҳмонлар ва юртдошларимизни бой маданий меросимиз билан таништириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий қадрият ва анъаналаримизга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.


ЎзА, Маъсуджон Сулаймонов
11 529