ЎзА Ўзбек

17.12.2019 Чоп этиш версияси

"Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар" танлови ғолиблари тақдирланди​

"Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар" танлови ғолиблари тақдирланди​

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори Соибжон Бегматов бугунги кунда мақом санъати ривожи йўлида қилинаётган ишлар ҳақида гапирди. 

photo5460840828994956558.jpg  

Бу йил илк бор ўтказилган мазкур танлов ўзбек мусиқа ижрочилиги маданиятини янада юксак даражага кўтариш, миллий мақом санъатимизни дунё саҳнасига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни кашф этиш, рағбатлантириш ва уларнинг ижодини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Мутахассислар фикрича, танлов, ўз навбатида, мақом ижрочиларининг истеъдоди ва ижодий қобилиятини кенг намоён этиш, уларнинг ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш, ижодкорлар орасида мақом санъатига бўлган қизиқишни оширишга ҳам хизмат қилади. 

photo5460840828994956561.jpg  

– Танловда "Сегоҳ" мақом йўлида яратилган асаримиз билан иккинчи ўринни қўлга киритдик, – деди Ўзбекистон халқ ҳофизи Эркин Рўзиматов. – Мақомга қанчалик яқинлашган сайин уни шунчалар кучли англайсан, бутун борлиғинг билан ҳис қилиш даражасига эришасан. Мақом шундай нодир нарсаки, у киши қалбини маҳв этади, сўнг эзгулик сари бошлайди. Мана 40 йилдан буён шу санъатнинг сеҳрига ошуфта бўлиб юрибмиз. Танловларнинг катта-кичиги бўлмайди. Ижодкорга оддий рағбат ҳам бир дунё илҳом беради.

Танловда бастакорлар ўртасида “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар”, композиторлар ўртасида “Миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги энг яхши саҳна асари”, мусиқашунослар ўртасида "Мақом соҳасида яратилган китоблар” йўналишлари бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди. 

photo5460840828994956559.jpg  

Танлов ғолиблари диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди. Ғолиблар 2020 йил сентябрь ойида II Халқаро мақом санъати анжуманида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

“Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танлови икки йилда бир марта ўтказилади.

4 397
Дилобар МАМАТОВА, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ​, ​Темур МАМАДАМИНОВ​ (сурат), ЎзА