Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.09.2017 14:13 Чоп этиш версияси

Мўйқаламда дўстлик тасвири

Мўйқаламда дўстлик тасвири Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги ҳамда корейс миллатига мансуб юртдошларимизнинг Ўзбекистонда яшаётганлигининг 80 йиллигига бағишлаб ўзбек ва корейс рангтасвир усталарининг кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент Фотосуратлар уйи ва Жанубий Корея Кёнги тасвирий санъат ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада санъатшунослар, ўзбек ва корейс мусаввирлари, талабалар ва журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Ф.Тошмуҳаммедов, Кёнги тасвирий санъат ассоциацияси раиси Чве Гил Сун ва бошқалар икки давлат ўртасидаги ўзаро дипломатик муносабатлар ўзбек ва корейс халқлари дўстлигининг мустаҳкамланиши, иқтисодий, маданий ва санъат соҳалардаги ҳамкорлигида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз бошқа миллат вакиллари билан аҳил, тинч ва тотувликда яшаб келмоқда. Давлатимиз мустақилликка эришгач, бошқа хорижий мамлакатлар қаторида Корея Республикаси билан ҳам дипломатик алоқалар ўрнатди. Икки давлат ўртасидаги серқирра ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб, ўзаро ишончли ва манфаатли алоқаларга кенг йўл очмоқда. Бундай дўстона ҳамкорлик барча соҳалар каби санъат, хусусан, тасвирий санъатда ёрқин намоён бўлаётир.

Кўргазмада Кёнги тасвирий санъат ассоциацияси рассомлари ўз асарлари билан қатнашди. Улар ижодига оид "Гуллаган олхўри дарахти", "Ажойиб аёл", "Севги гуллари", "Узум мазаси", "Олам уйғунлиги", "Қизил ўрмон ҳиссиётлари", "Куз тафти" каби картиналарда томошабин Жанубий Корея ҳаётининг турли жабҳалари, корейс миллатига хос чизгилар ва ранглар жозибасини кўриши мумкин. Бу асарларга ҳамоҳангликда намойиш этилган "Осмон отлари", "Оппоқ тонг", "Нилуфар гуллаган макон", "Яккашох овида", "Муқаддас оила", "Хайрли тонг" сингари тасвир намуналарида ўзбек рангтасвир усталарининг она Ватан тасвири, табиати, танти одамлари, миллий урф-одатлари ва расм-русумлари ёрқин ва бир-бирига уйғун бўёқларда жилолангани билан аҳамиятлидир.

– Ўзбекистонга ижодий сафарим унутилмас таассуротларга бой бўлди, – дейди Жанубий кореялик рассом Жанг Кёнг Ок. – Чунки бу ерда ўзбек рассомлари ишлари билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдим. Бунда мен ҳар икки халқ ижодкорлари ишларини таққослашга, ўхшаш ва фарқли жиҳатларини ўрганишга ҳаракат қилдим.

Кўргазмада ўзбек ва корейс рассомларининг манзара, натюрморт, жанрли композиция, фалсафий-поэтик жанрлардаги уч юздан ортиқ асари намойиш этилди.

Насиба Зиёдуллаева, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
1 364






Все о погоде - Pogoda.uz