ЎзА Ўзбек

26.06.2020 Чоп этиш версияси

Лобид нима? Лаввоҳ ким?

Лобид нима? Лаввоҳ ким?

“Мажмағил” қандай маънони ифодалайди? “Мавзун”нинг изоҳи нима? “Мавиз” қандай тушунча? “Лаввоҳ” ким? “Лаванд” деганда нимани англайсиз? “Лобид” сўзи қай ўринда қўлланилади?

Бу мисоллар орқали бир гапни айтмоқчимиз: луғат фақат тил ўрганувчилар учунгина яратилмайди! Бундан муддао сўз бойлигимизни тарихга муҳрлаш ҳам эмас! Луғат бу — хазина! Сўз мулкининг бебаҳо ганжинаси! У ҳатто ўзбек тилини мукаммал даражада биладиган инсон учун ҳам керак!

Шу маънода, бугун халқимиз учун тарихий кун. Сабаби, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ўқувчилар эътиборига тақдим этилди. Лойиҳа ташаббускори — Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти. Луғат Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг бир гуруҳ олимлари томонидан тайёрланган. Янги нашр ўзида 80 мингдан ортиқ сўзни жамлайди. Улар ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган, қолаверса, шевада қўлланиладиган сўз ва сўз бирикмалари, фан, техника, санъат ва маданият соҳаларига оид ҳамда тарихий атамалардан иборат.

photo5453962022258585173.jpg

— Бу эзгу ишларнинг бошида Президентимиз турибди, — дейди Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев. — 2019 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ижроси доирасида янги-янги лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Масалан, йил охирига қадар “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” лотин алифбосида ҳам нашр этилади. У 17 мингга яқин янги сўз ва сўз бирикмалари қўшилиши ҳисобига жами 100 минг сўзлик тўпламга айланади. Лекин глобаллашув даврида бунинг ўзигина етарли эмас. Шу сабабли изоҳли луғатнинг мобиль иловаси ҳам ишлаб чиқилди. У янги турдаги луғатлар билан бойитилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, izohli-lugat.uz веб-сайти устида иш олиб борилмоқда. Унда фойдаланувчи томонидан сўз қўшиш имконияти яратилиши режалаштириляпти.

Дарвоқе, соҳа вакилларининг айтишича, яқин истиқболда “Халқаро термин-элементларнинг изоҳли-иллюстратив луғати”, “Ижтимоий-сиёсий атамаларнинг изоҳли луғати”, “Ўзбек тилининг имло луғати”, “Ўзбек тили синонимлари луғати”, “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”, “Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати”, “Тарих атамаларининг изоҳли луғати” сингари 20 дан ортиқ илмий ва амалий қўлланмалар босмадан чиқади.

photo5453962022258585124.jpg

Луғат тақдимотига бағишлаб ўтказилган тадбирда Давлат тилини ривожлантириш департаменти мутасаддилари, Фанлар академияси олимлари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар мутахассислар, соҳа вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар янги нашрнинг афзалликлари, уни янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдирдилар.

Дарвоқе, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “мажмағил” сўзига йўқолиб кетган, яшамай қўйган, деган мазмун билан изоҳ берилади. Қолаверса, ўсиши, ривожи ортда қолган, яхши ўсмаган, нимжон деган маънолари ҳам бор экан бу сўзнинг! “Мавзун” эса келишган, хушбичим, хушқомат, деган маъноларни ифодалайди. “Мавиз” деб майизни ва ундан тайёрланадиган ичимликни айтамиз. “Лаванд” — бўшанг, дангаса, ношуд кимсаларга, “лаввоҳ” эса лойиҳачи, лавҳа тайёрловчиларга қарата айтиладиган сўз. “Лобид” — мажбурий, ноилож, зўрма-зўраки деган мазмунни ифодалайди.

Сизни яна қандай сўзлар маъноси қизиқтиради? Буларни билмоқчи бўлсангиз, янги нашрдан чиққан “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни варақлашингиз кифоя.

5 820
Фаррух Бўтаев, ЎзА