ЎзА Ўзбек

03.12.2018 18:54 Чоп этиш версияси

Лобар Давронова – “Навоий ворислари” танлови ғолиби

“Навоий ворислари” республика кўрик-танловининг Навоий вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ва қатор муассасалар ҳамкорлигида ўтказилган ушбу маънавият ва маърифат беллашувида қуйи босқичларда ғолиб бўлган иштирокчилар ўзаро баҳслашди. Энг кўп ғазал ёд олиш ва ифодали ўқиш, матннинг насрий баёнини ярата олиш, матндаги мураккаб сўзларни изоҳлаш каби шартлар бўйича билим ва маҳоратини синовдан ўтказди.

– Алишер Навоий туркий тиллар тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган буюк мутафаккирдир, – дейди Навоий давлат педагогика институти профессори Абдулҳамид Холмуродов. – Гарчи орадан беш ярим асрдан зиёдроқ вақт ўтган бўлса-да, шоир ижодининг қиммати асло камаймаган. Навоий асарлари ёшларимиз учун маънавий қувват ва юксалиш манбаи саналади. Бугун Алишер Навоий ҳақли равишда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари турли тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг бой маънавий меросидан баҳраманд бўлди ҳамда асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадалардан завқ олмоқда.

Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, Навоий ижодини том маънода халқ мулкига айлантириш ҳамда халқ таълими тизимида жонбозлик кўрсатаётган она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган “Навоий ворислари” кўрик-танловининг дастлабки босқичларида 295 нафар ўқувчи фаол иштирок этди.

Якуний натижага кўра, Навбаҳор туманидаги 34-умумтаълим мактаби 6-синф ўқувчиси Лобар Давронова биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.



Нуриддин Раҳимов, ЎзА
1 427