ЎзА Ўзбек

29.09.2020 Чоп этиш версияси

"Лазги" – дунё аҳлини Ўзбекистонга чорлайди

"Лазги" – дунё аҳлини Ўзбекистонга чорлайди
Қарор ва ижро

“Хоразм лазги рақси” ўзига хос ижро услуби ва жозибаси билан маълуму машҳур. 

Дунёда саноқли рақслар қаторида ушбу рақс ҳам ЮНEСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани фикримиз тасдиғидир.

Маълумотларга кўра, бугунга кунга қадар дунёнинг ана шундай бетакрор 6 та рақси ЮНEСКОнинг ушбу рўйхатига киритилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 28 сентябр куни «Лазги» халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғриси”ги қарорни имзолади. Унда ўзбек рақси санъати тарихида алоҳида ўрин эгаллаган «Хоразм лазги рақси»нинг асрий анъаналарини сақлаш, ривожлантириш мақсадида «Лазги» халқаро рақс фестивалини муносиб ўтказиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган.

– Президентимизнинг халқаро лазги фестивалини ўтказишга доир қарори эълон қилиниши бизни ғоят қувонтирди, – дейди Халқаро «Олтин мерос» хайрия жамоат фонди раиси Амирқул Каримов. – Ушбу рақснинг ЮНEСКО рўйхатига киритилиши номинацияни тақдим этган мамлакатдан маълум чоралар кўришни тақозо этади. Шу маънода, аввалроқ Лазги академиясининг ташкил этилиши ҳақидаги Президентимиз ташаббуси ғоят ўринли бўлди. 

Нега деганда, мана Ҳиндистонни олайлик. Бу мамлакатга ҳинд рақсларини ўрганиш учун дунёнинг турли давлатларидан рақс ихлосмандлари келиб, рақс ўрганади. Рақсларимиз ниҳоятда беназир, жозибаси ҳинд рақсларидан ўтса-ўтадики, асло қолишмайди. Биз шу вақтгача рақсларимиз тарғиботи йўлида Хоразмда «Рақс сеҳри» фестивалини ўтказиб келар эдик. Эндиликда халқаро фестивал ўтказилиши миллий рақс санъатимиз дунё халқларининг нигоҳига тушиб, жаҳон маданиятини бойитишга хизмат қилади.

Халқаро «Олтин мерос» хайрия жамоат фонди ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 2016 йилдан «Хоразм рақси – лазги» номинациясини ЮНEСКО номоддий мероси репрезентатив рўйхатига киритиш юзасидан фаолият бошлаганди. Бунда лазги тарихи ўрганилди, кенг тарғиб этилди. Санъатшунослар томонидан рисола, амалий қўлланма ва алоҳида китоблар ёзилди.

Натижада, 2017 йил март ойида ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия ёрдамида ташкилот бош қароргоҳига тақдим этилди. У ерда турли маъмурий, ташкилий чоралар кўрилиб, 2019 йил 12 декабрь куни ЮНEСКОнинг Богота шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида номинация бир овоздан репрезентатив рўйхатга кириши ҳақида қарор қабул қилинди.

– Кўп асрлик бой ва бетакрор маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлган миллий рақс санъати халқимиз маънавияти, бадиий-эстетик қарашларини юксалтириш, ёш авлодни миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда, – дейди «Умрбоқий мерос» Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази раҳбари Лутфия Мирзаева. 

– Миллий рақсларнинг жозибаси дилларга хушнудлик, кўтаринки кайфият олиб киради. Таралаётган асл истеъдод соҳибларининг куйлари садоларига сеҳрланиб қолишимиз ҳам бор гап. Миллий рақслармиз бизнинг маънавий меросимиз ҳисобланади. Биз улардан маънавий озуқа оламиз. Ҳар бир инсон ўз халқининг миллий мусиқаси ва қўшиқларидан руҳий қувват олиб яшайди. Ўзбек деган жуда катта қадимий халқнинг санъати, адабиёти ҳам буюк. 

Энг гўзал рақс кишига чинакамига завқ берадиган, миллийликни тараннум этадиган рақсдир. Шундай рақслардан бири – "Хоразм лазги»сидир. «Лазги» рақсининг 2019 йилда ЮНEСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилиши унинг ўзбек халқининг бой маданий мероси эканлигидан далолатдир. 

«Умрбоқий мерос» Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази ушбу қарорни қўллаб-қувватлайди ва келгусида «Лазги» рақси, унинг бетакрор ижрочилари билан боғлиқ фаолиятни кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот ишларини кучайтиради.

6 733
Дилобар МАМАТОВА, ЎзА