Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.11.2016 19:45 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда "Олтин куз – 2016" мавсумий либослар кўргазмаси бошланди

Пойтахтимизда "Олтин куз – 2016" мавсумий либослар кўргазмаси бошланди Пойтахтимиздаги «Zarqaynar» миллий санъат марказида "Олтин куз – 2016" кузги-қишки либослар намойиши бошланди.

Тошкент шаҳридаги Ҳаваскор модельерлар ва тикувчилар уюшмаси томонидан "Begim parfum gallery", "7-Studio", "Bek mega textile" каби компаниялар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирга либослар мода ва дизайни соҳасидаги мутахассислар, талаба-ёшлар, коллеж ўқувчилари, мода ихлосмандлари таклиф этилди.

Мамлакатимизда миллий маънавиятимизни юксалтириш, ёшларнинг кийинишга оид дидини тўғри шакллантириш, турли йўналишлар каби мода ва дизайн соҳасида изланаётган иқтидорли ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилмоқда.

Турли ижодий ва жамоат ташкилотлари томонидан ўтказилаётган лойиҳалар, танлов ва фестиваллар, маърифий ҳафталиклар истеъдод эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаолиятини халқимизга яқиндан таништириш, ижодини тўғри йўналтириб боришдек мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Ҳаваскор модельер ва тикувчилар уюшмаси юртимиз енгил саноати ривожи ва ранг-баранглигини таъминлашга ҳисса қўшиш, ўз фаолиятини эндигина бошлаётган ёш модельерлар, чеварларга ҳар жиҳатдан кўмак кўрсатиш, мода соҳасида ўз ишини бошлаш истагидаги ёшлар учун маҳорат сабоқлари, ўқув машғулотлари ўтиказиш каби мақсадларни кўзлайди.

"Олтин куз – 2016" модалар намойишида юртимиз ва хорижий мода саноатининг замонавий тараққиёт тамойил ва йўналишлари, эксклюзив либослар, кенг омма учун мўлжалланган маҳсулотлар яратишда янгича ёндашувлар, текстиль ва енгил саноатдаги инновацион янгиликлар билан танишиш мумкин.

Миллий либослар марказида кундалик либослар, модельерларнинг энг сара ижод намуналари, ҳаммабоп кийим-кечаклар болалар, аёллар ва эркаклар йўналишида намойиш этилади. Камалакранг хонатлас, кўркам адрас, бахмал, нафис шойи каби миллий матоларимиз модельерларнинг бой ва бетакрор хаёлот олами натижасида гўзал либослар кўринишида томошабинлар эътиборига тақдим қилинади.

Модалар намойиши бетакрор ва ранг-баранг тадбирларга бой. Парфюмерия соҳасидаги янгиликлар, мода нашрларининг тақдимотлари, ёшлар ижодининг турли йўналишлар бўйича намойиши, миллий либослар кўриги, маҳорат дарслари, атоқли модельер ва дизайнерлар билан учрашувлар, концерт ва гўзаллик кўргазмалари шулар жумласидандир.

Намойишнинг илк кунида ёш модельерларнинг «Street Style» услубидаги либослар тўплами тадбир иштирокчилари ҳукмига ҳавола этилди. Жўшқин, завқли, шу билан бирга қулай, оддий ва табиий услубдаги бу либослар кўпчиликда катта таассурот уйғотди.

Назокат Усмонова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
14 611