Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2018 20:30 Чоп этиш версияси

Куй-қўшиқларда Наврўз мадҳи

Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида Наврўзга бағишланган концерт бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси тасарруфидаги Марказий маданият ва аҳоли дам олиш маркази томонидан Наврўз – умумхалқ байрамига бағишланган ҳисобот концерти мусиқа ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилди.

Юртимизда халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини тўғри ва унумли ташкил этиш, турли тўгаракларга жалб этиш, ҳудудий маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фаолиятини давр руҳига мос йўлга қўйишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Маданият бош бошқармаси тасарруфидаги Марказий маданият ва аҳоли дам олиш марказида ҳам бадиий ижоднинг турли йўналишларига оид курслар, тўгараклар, эстрада, мумтоз мусиқа, опера санъати, рақс санъати бўйича жамоалар фаолият кўрсатмоқда.

– Ижодий жамоамиз дастуридан ўрин олган рақслар асосан миллий санъатимиз, унинг бор жозибасини тараннум этишга қаратилган, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, марказнинг "Таманно" бадиий жамоаси хореографи Хумора Ихтиёрова. – Наврўзга бағишланган мазкур ҳисобот концертида ҳам асрлар оша сайқал топиб келаётган миллий анъана ва қадриятларимизни улуғловчи рақсларни саҳналаштиришга катта эътибор қаратилди.

Концертда жонажон Ўзбекистонимизни, баҳор айёмини, истиқлолимизни, дўстлик, ҳамжиҳатлик, миллатлараро тотувликни мадҳ этувчи қўшиқлар, мафтункор рақслар ижро этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
7 292