ЎзА Ўзбек

09.02.2019 09:40 Чоп этиш версияси

Кутубхона қаерда бўлса? Ёхуд унинг кўзлари очиқ!

Кутубхона қаерда бўлса? Ёхуд унинг кўзлари очиқ!

Қуёш нур илинди. Қоронғилик чекиниб, шабнам тушган боғ ва хиёбонлар товланди. Бу ўйиндан завқланган масрур қушлар дарахт шохларига қўниб пайдар-пай чуғурлашди-да, шулар ичидан биттаси қанот силкиб, кўкка учди. Худди осмоннинг тубига етмоқчидек...

Олмахон унга бир қараб қўйгач, ҳалиги қушнинг ҳаракатларга ҳавасланиб тик ўсган дарахт шохига тирмашиб, юқорига чиқа бошлади. У айри шохга етиб чарчадими, бирдан тўхтади-да, қушни кузатди. Узоқ тикилиб кўзлари толгач, аланглаганча қайрағочдан ерга тушди. У ёқдан-бу ёққа нимадир излаб зириллаб югургач нимадир топди, сўнгра фавворадан отилаётган томчиларга ҳайратланганнамо бир муддат қараб турди-да, шивирни пайқаб олислади.

...Мустақиллик метросидан чиққач хаёл суриб кетиб борарканман, олмахон ҳайиқмай мен томонга пилдираб келди-ю, аллақандай маъсум тикилиб, кейин қўлидаги ёнғоқни тушириб қўйишдан қўрққандек уни маҳкам ушлаганча изига қайтди. Гўё менга йўл кўрсатмоқчидек ортига қарай-қарай йўлакдан кетаркан, қушлар “пир” этиб ҳар тарафга тарқалди. Бу ноодатий ўйиннинг сабабини билмоқчидек ўша томонга ўгирилдим. Қушлар аллақачон шохга қўниб, яна сайрашга чоғланди. Бепарво олдинга қадам ташлаган ҳам эдимки, ногаҳон “тиқ-тиқ” этган товуш қулоққа чалиниб сергакландим. Олмахон эса сада биқинидаги ковакка бошини суқиб “ҳа” дегунча яширинди. 

Тахминимча, бирор қиз пошнасини тақиллатиб ортимдан келарди. У билан гурунглашиб кетармиз, деган ўйда қайрилдим. 
Минг таассуфки, бир киши ҳасса тутганча аллақаерга шошар, бирор мажлис ё йиғилишгами эртароқ етиш ниятида бамисоли учгудек шашти бор эди. 

У тўрт-беш қадам босиб, илкис мункиди. Шошгандан кейин шу-да! Ҳасса қўлидан учди, у ниманидир қидириб, пайпаслади. Бошим ғувиллади: ёрдамга ошиқдим. Ана ҳассаси...

Ҳассани топиб, қўлига тутдим. Суяниб тургач кийимларини қоқди-да, ҳассани қўлтиғига қистириб, кулди.
— Сизни ҳам йўлдан қолдирдимми?
— Қайтанга яхши, бир ўзим зерикардим. 
У нимадан гап бошлашни билмай каловланаркан, андиша маънисини тушундим.
— Эрталабдан, йўл бўлсин, оғайни?
— Кутубхонага... — деди у дадил. 
Ҳазиллашаяптими?.. Қандай ўқийди? Тўғриси, бир лаҳзада бошимда минглаб тахмину саволлар туғилди. Лекин вазият суҳбатдошимнинг кўнглига тегиб кетмаслик даражасида эҳтиёткорлик, ўта ҳалимликни тақозо этарди. 
— Кечикмай деб, югуришингизга қараганда... Ишласангиз керак!
У бош чайқади.
— Йўқ...
Тил тишлаб туролмадим.
— Бўлмаса нега?
— Кутубхонага нега боришади? — деди у ажабланганнамо.
Чиндан, кутубхонага нега боришади? Савол шу қадар ўринсиз эдики, панд еганимни англаб, мум тишладим.
Ҳаёжонданми ё ҳайратданми, ишқилиб, аллақандай туйғу таъсирида уни йўлакдан етакларканман, “Яқин ўртада кутубхона йўқ-ку!” деган ўй миямни чулғар, ҳар бир бинонинг пештоқига қарардим. Сўл томонимизда “Санъат галереяси” ва “Ёшлар ижодиёти маркази” чиқди. 

Ҳангома жонланиб, унинг исми Қудрат эканини, ёши мендан уч ёш катталигини билдим. Бир неча кун илгари келганида ҳасса ёрдамида манзилга зўрға етиб олгани, кейин кечгача ўша ерда китоб титкилаганини эшитиб, ўқиган китобларини сўрашга тушдим. 
Қудратдан қай китобни сўрамай “ўқиганман” деб жавоб берар, тўлқинланиб, ўша асарда келтирилган жумлалардан иқтибос келтирар, қайси метод — реализм, романтизм ё сентиментализм, сюрреализмми дарров изоҳларди. 
— Олдиндан узр, лекин бир савол мени қийнаяпти, — дея тутилиб гап бошладим. — Шунча китобни ўқиш... 
У мулоҳазани дарров илғади.
— Тушундим. Адабиётга ихлос қўйишимда... — у негадир тўхтаб чуқур нафас олди. — Домламизнинг ҳиссаси катта. У барчамизни йиғиб китоб ўқир, биз берилиб, завқланиб тинглардик-да, асарнинг бирор ўрни тўла англашилмаса, мутолаа битгач устоздан сўрардик. 
“Баҳор қайтмайди”, “Кўнгил озодадур”, “Чинор” ва “Ўзбек характери” сингари асарларни айнан ўша пайтларда устоздан эшитганман... Кейинчалик Брайль ёзувини ўргангач, ўзим ўқий бошладим. Ҳарфлар оламнинг чироғи. Ишонсангиз, барча нарсани тасаввур этишга уринаяпман. Одам қиёфаси, руҳияти, тоғ, дарё, табиатнинг кўриниши, меҳр-шафқатнинг улуғворлигию, муҳаббатнинг қудрати, ғурур, ор-номуснинг юксаклиги. Садоқат ва вафонинг қадри, Ватаннинг азизлиги.
— Исмини хотирлайсизми, устозингизнинг? — деб сўрадим.

— Йўқ, — деди Қудрат бош чайқаб. — Овозини эслаб қолганман, лекин боягидек адабий оқимлар, ёзувчиларнинг услуби, буюк асарларнинг янги адабий даврни бошлагани ва ўзига хос йўналиши тўғрисида кўп гапирарди. Масалан, адабиётда айсберг назарияси. Ким олиб кирганини биласизми? 
— Адабиётни яхши тушунмайман! — дедим хато гапириб қўйишдан қўрққандек. — Мени синашингиз ажабланарли...
— Тасаввуримда анчагина эҳтиёткор одамга ўхшагандингиз! Мана исботи. Қадам ташлашингиздан маълум: етти эмас, етмиш ўйлаб гапираяпсиз. Бунинг яхши тарафи, кам хато қиласиз. Ортиқча мақтаб юборди, деб ўйламанг-у, бироқ сиз ҳам буларни билиб қўйсангиз, келажакда асқатади. Майли, бошқа соҳа кишиси бўлсангиз-да! Айсберг назарияси Эрнест Хемингуэйнинг кашфиёти. Айсбергнинг саккиздан бир қисми кўринади. Баъзи китобхонлар унинг бир қисмини, баъзилар эса саккиз қисмини ҳам кўради. Яъни, асл, синчков китобхон асар моҳиятини тўла англаши ва ёзувчининг мақсадини тушуниши мумкин. 

Қудратни эргаштирардим. Хаёлдан эса бояги илакишган “Кутубхона қаерда бўлса?” деган фикр ўтар, ишқилиб, бирор биладиган учраб қолсин-да, деб қўярдим, ичимда. Шу пайт иморат ёнидан қайрилиб, бир киши биз томонга келаверди, афтидан, қоровул ё миробга ўхшарди: қўлида ключ, сув сачраган кўйлаги ҳўл. Ундан сўраш учун оғиз жуфтлаган ҳам эдимки, ҳамроҳим енгил тортди.
— Икки юз метрдан зиёд юрдик. Ўнгга қайрилган йўлак борми, ариқча ёнида?.. 
— Ана, етай дедик... ҳозир сакраймиз. 
— Ўшандан тўғри юрамиз, ўнгга томон.
Ариқдан ҳатлаб одимладик. Қудратнинг қадами янада тезлашди. Уни кимдир кутиб тургандек олдинга ошиқди. 
— Яна шунча юрсак етамиз! Чап қўлдаги иморат.
...Алишер Навоий кутубхонасининг лаби кенг мармар зина, чор-атрофи эса ям-яшил майсазор эди. Қуёш нурида у янаям кўркам, чиройли, сервиқор кўринар, кўз қамаштирарди. 
Сукутдан зерикибми у гап қотди.
— Брайль ёзувидаги асарларнинг аксарияти янги нашр. Ҳа, айтганча, Жалолиддин Румийни ўқигансиз-а?.. 
— Йўқ...
Ўқигансиз, алдаманг... “Учмоққа қанот йўқ вале учгаймен”. Кучли хоҳиш ҳар қандай ҳаракатларни жонлантириш қудратига эга. 
Биз ўнг тарафдан кириб бордик.
Кутубхонанинг чап биқинида икки киши гурунглашиб турарди.
Уларнинг суҳбати бизгача етгач, Қудрат ғўлдиради. 
— Ҳалиги киши қуш деганига, бир воқеа эсга тушди.
— Шунчалик сирлими? — дедим қизиқиб.
— Йўғ-эй! Бир туш кўрибман! Тушимда икки қуш бор эмиш. Улар тасодифан қудуққа тушиб кетишибди!
— Қанақа қуш экан?
— Қарға ва кабутар. Қарға у ердан чиқолмабди, кабутар эса қутулиб қолибди. Қизиқ-а, иккиси ҳам қуш-ку, лекин...
— Унинг қаноти синганмикан? — дедим шошиб.
— Баъзи қушлар тик, баъзилари қия, айланиб учармиш... Бири кўкка учди, бири қудуқни булғатди. 
Унинг маънили гапидан киши лаззатланар, яна гапиришини истаб, бутун вужуд қулоққа айланарди. 
У кулиб кутубхонанинг мармар зинасидан юқорига кўтарилди. 
— Раҳмат! — деди Қудрат қўл силкиганча.
— Сизга раҳмат! — дедим-у, негадир овоз чиқмади.
Изимга қайтмоқчи эдим, негадир кўнглим оғринди. Ҳеч бир сабабсиз ўша ерга михландим. Узоқ остонада туриб қолдим.
Қудрат юқориларди.

* * *
Бу воқеага анча йиллар ўтган эса-да, ҳали-ҳануз хаёлимдан кўтарилмайди. Ҳар гал кутубхонага борсам, Қудрат ҳассасини тақиллатганча шу атрофда юргандек, кутубхонага кимнидир етаклаб келаётгандек туюлади.

Олимжон Жумабоев, ЎзА
2 903