Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2017 16:11 Чоп этиш версияси

Китобхон талабалар танлови

Китобхон талабалар танлови Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишининг ижросини таъминлаш мақсадида таълим муассасаларида турли кўрик-танловлар, ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган «Китобхон талаба» кўрик-танлови шулардан бири. Унда 50 нафардан зиёд талаба «Китоб – тафаккур хазинаси», «Энг фаол бадиий асарлар тарғиботчиси», «Асарлардан видеолавҳалар», «Ижодкор талаба», «Асарлардан яралган наволар» йўналишлари бўйича ўзаро баҳслашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган танловда шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Университет проректори Д.Жумабоев, шоира Қ.Раҳимбоева ва бошқалар давлатимиз томонидан адабиётни, китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни жонлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Танловда китобхонликнинг бугунги аҳволи ва муаммолари, китоб ва китобхонлик маданияти, электрон кутубхоналар ва хизмат кўрсатишнинг инновацион йўналишлари хусусида ҳам фикр алмашилди.

Университетнинг журналистика факультети биринчи курс талабаси Зулхумор Орифжонова танловнинг «Энг фаол бадиий асарлар тарғиботчиси» йўналиши бўйича муваффақиятли иштирок этди. У Тоғай Мурод қаламига мансуб «Отамдан қолган далалар» асарининг ёш авлод тарбиясидаги ўрни, бадиий аҳамиятини кенг жамоатчилик олдида тарғиб этди.

– Бу танлов нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиётининг нодир дурдоналарини ўқиб, мутолаа қилишга, тенгдошларимизга етказишга ундайди, – дейди хорижий филология факультети талабаси Носир Шербоев. – Мен «Китоб – тафаккур хазинаси» эсселар танлови йўналишида иштирок этдим. Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» асари асосида эссе ёздим. Асарда ҳаёт мураккабликлари, инсон ва табиат муносабатлари, эзгулик ва ёвузлик кураши юксак маҳорат билан тасвирланади. Бу асарнинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти жуда катта. Эсседа асарнинг бадиий талқини, мазмун-моҳияти, адиб айтмоқчи бўлган яхлит тушунчаларни ёритишга ҳаракат қилдим.

Танловда ғолибликни қўлга киритган талабаларга эсдалик совғалари топширилди.

Азима Қиёсова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
1 369






Все о погоде - Pogoda.uz