ЎзА Ўзбек

09.01.2019 19:26 Чоп этиш версияси

Китобхон аскар – билимдон аскар

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил этилган мулоқотда ҳарбий қисм ва муассасалар хизматчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Сарҳадларимиз дахлсизлиги, юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашда армиянинг ўрни ва аҳамияти беқиёс экани таъкидланди. Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳарбий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, мудофаа саноати ва ҳарбий таълимни ривожлантириш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни модернизация қилиш, соҳага илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ҳарбий хизматчиларга муносиб турмуш шароити яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда Ватанпарварлик ойлиги доирасида ўтказилган “Китобхон аскар – билимдон аскар“ кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилиб, ғолибларга махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир доирасида вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси томонидан ташкил этилган китоблар кўргазмасидаги сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, бадиий, тарихий ва фалсафий китоблар ҳарбийларда катта қизиқиш уйғотди.

Ватан, тинчлик ва ҳурликни мадҳ этувчи концерт дастури ҳамда ҳарбийларнинг жанг санъати чиқишлари намойиш этилди.



Авазбек Худойқулов, ЎзА
5 936