ЎзА Ўзбек

02.10.2018 Чоп этиш версияси

Кинотеатр тақдири кимни қизиқтиради?

Кинотеатр тақдири кимни қизиқтиради? Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги диққатига!

Фарғона вилоятининг Риштон тумани “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган кинотеатр қаровсизликдан ачинарли аҳволга келиб қолган.

Томидан чакка ўтадиган, айни дамда минерал ўғит сақланадиган омборга айлантирилган бу маданият масканининг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмайди, чоғи. Йўқса, аҳвол бу даражага етиб келмасмиди? Табиийки, бундай аҳвол теварак-атрофда яшайдиган аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, бундай муассасалар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш орқали юртдошларимизнинг маданий ҳордиқ чиқаришига шароит яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яшовчи аҳоли учун ҳам бу борада барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, уларнинг ҳам маданият ва санъатдан баҳра олишга ҳақи бор. Маданият ва санъат гўшаси ўз номига муносиб ишлаб турганига нима етсин?! Лекин, Риштон туманида....

1985 йилда қурилган бу маскан 450 ўринли бўлиб, унинг қишки кинотеатри ҳам бор. Ваҳоланки, бир пайтлар бу ер нафақат маданият тадбирлари ўтказиладиган маскан, балки халққа зиё тарқатувчи манзил ҳам бўлган. Ҳаваскорлик гуруҳларидан таркиб топган ансамбллар истеъдодларни кашф этиб, қобилияти янада шаклланишига хизмат қилган. Қишлоққа оид ҳар қандай тадбир шу ерда ўтган. Афсус, мана шундай маънавият маскани кейинги йилларда эътиборсизликдан, қаровсизликдан ташландиқ ҳолатга келди. Бир неча йил эгасиз қолиб, қўлдан-қўлга ўтди. Бугунги кунда кинотеатр туман маданият бўлимига қарайди. Аммо мутасаддилар маданият масканини янада обод қилиш, таъмирлаш масаласини ўйлаб ҳам кўришмаган. Маҳалла аҳли кўп идораларга мурожаат қилган бўлса-да, қониқарли жавоб ололгани йўқ.

photo5303463129801402790.jpg

photo5303463129801402791.jpg

– Дарҳақиқат, ҳаётимизни маънавиятсиз, маданиятсиз тасаввур этолмаймиз, – дейди “Навбаҳор”маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бунёд Мадраҳимов. – Илгари бундай масканлар, айниқса, қишлоқ ёшларининг севимли жойи эди. Аслида, барча қулайликлар ҳисобга олиниб, замонавий қиёфада барпо этилган бундай кинотеатр бошқа йўқ. Лекин бу ерда нохуш манзарани кўриб, юрак ачишади. Агар шу бино қайта тикланса, қишлоқ аҳли учун яна қанча хизмат қилган бўларди.

Биз туман маданият бўлими раҳбаридан мазкур муассаса фаолияти ҳақида фикр сўрамоқчи бўлдик. Афсуски, кун бўйи у кишини топишнинг иложи бўлмади.

Қишлоқ аҳолиси бу масканни яна обод ва файзли кўришни истайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 августда қабул қилинган “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳам бу масканда амалий ишлар қилса бўлади. Аммо ҳанузгача бу кинотеатрнинг эртаси ҳақида ҳеч ким қайғурмаяпти.

photo5303463129801402793 (1).jpg

photo5303463129801402795.jpg

photo5303463129801402803.jpg

photo5303463129801402806.jpg

photo5303463129801402807.jpg


6 737
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА