ЎзА Ўзбек

14.11.2016 16:10 Чоп этиш версияси

Кинооператор ижодига назар

Ғафур Ғулом қиссаси асосида яратилган "Шум бола" бадиий фильмини такрор ва такрор томоша қиламиз. Мазкур асарнинг мухлислар назаридан тушмаётганига фильм сюжети, режиссёр иши ва актёрларнинг юксак ижросидан ташқари яна бир сабаб бор: бу оператор маҳорати.

Мазкур фильмни таниқли кинооператор Темур Қаюмов суратга олган. Бундан ташқари, у "Сен менинг қўшиғимсан", "Жазирама қуёш остидаги уй", “Тақдир эшиги”, "Олмос камар", "Пиёда юриш”, “Ёлғиз ўзи”, “Сураткаш”, “Чўққилар чорлайди”, "Тўқувчи", "Булоқлар", "Қаҳрабо дон ҳақида сўз" каби бадиий ва ҳужжатли фильмлар оператори ҳамдир.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон санъат арбоби Темур Қаюмовнинг ижодига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Темур Қаюмов 1941 йил Тошкентда таваллуд топган. Кино сирлари ва операторлик бўйича институтни битиргач, “Ўзбекфильм” киностудиясида узоқ йиллар давомида меҳнат қилган. Унинг эл назарига тушган кўплаб бадиий ва ҳужжатли фильмлари шу киностудияда яратилган. Ўзбек кино санъати ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Темур Қаюмов шу кунларда ҳам қизғин ижод билан банд – мамлакатимиз бокс усталари ҳақидаги ҳужжатли фильм устида ишламоқда.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижод аҳли учун яратилаётган имкониятлар кино соҳасида, хусусан, операторлик соҳасида ҳам ўз самараларини бермоқда, – дейди Т.Қаюмов. – Янгидан-янги яратилаётган бадиий ва ҳужжатли фильмлар бунга яққол мисолдир. Бугунги кунда бу соҳада кўплаб истеъдодли операторлар фаолият юритмоқда.

Тадбирда кинооператор Т.Қаюмовнинг ижодига оид фотолавҳалар намойиш этилди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА
4 411