ЎзА Ўзбек

11.06.2019 10:56 Чоп этиш версияси

Киноижодкор ва бурч

Киноижодкор ва бурч

Ёшлар ижодий студияси томонидан суратга олинган “Қор ёғмоқда, оппоқ қор...” бадиий фильмининг ёпиқ намойишидан сўнг дунёда қаҳри қаттиқ одам борлигига ишонмай қўйдим. Рўмолча уч-тўрт марта ёноққа, чаккаларга бориб келди. Яхшиям кинозал нимқоронғи, йўқса...

Минг йиллар синовидан ўтган қоида — ҳар қандай санъат асари биринчи навбатда таъсир кучига қараб баҳоланади. Санъаткор, у рассом, бастакор, шоир, ёзувчи, қўшиқчи ёки актёр бўладими, қай йўсинда бўлмасин, ўзини муттасил фош этиб боради. Ўзидан қўшади. Ижоднинг табиати шуни тақозо этади. Воқеа-ҳодиса, тасвир, оҳангни қалб призмасидан ўтказмагунча ўзгага юқтира олмайди.

Экранда, мен шундай деб атадим, соф ўзбекона тасвирлар, биз билган, эшитган, ҳис қилган ва... қадрдон изтироблар. Ўзбекистон халқ артистлари Пўлат Саидқосимов ва Рихси Иброҳимова ижросидаги икки қариянинг умр шомидаги ўй-ташвишлари, муносабатлари тўғридан-тўғри онгу-шуурингизга ўрнашади. Улар билан бирга яшай бошлайсиз. Руҳингиз покланади, ёруғ ниятлар пайдо бўлади. Хўш, фильм нима ҳақида, бош қаҳрамоннинг мақсади қандай? Бу саволга жавоб беришдан ўзимни тияман. Жавобим бир ёқлама бўлиб қолишидан қўрқаман. Дафъатан сўз билан ифодалаш қийин. Тўлиқ тасаввур олиш учун фильмни томоша қилиш, ҳис қилиш керак бўлади. Тўғриси, озгина хавотирим ҳам йўқ эмас. Бугунги кунда бир қадар жангари, ур-сур, қоришма жанрларда суратга олинган фильмларни томоша қилишга ўрганган томошабинга “Қор ёғмоқда, оппоқ қор” ғалатироқ туюлиши ҳам мумкин. Муҳими, ушбу картина оддий томошабинга ҳам, соҳа мутахассисига ҳам бирдай тушунарли. Ҳар ким имкониятига яраша, дунёқарашига қараб қабул қилади.

Қорга ёзилган “Сожида, мен келдим” деган оддий сўзлар икки инсоннинг муҳаббат дунёси ва тарихи ҳақида унсиз сўзлаб, кишини ҳайратга солади. Энг муҳим жиҳати томоша тугаши арафасида томошабин фильмнинг аҳволи, тақдири ҳақида эмас, ҳаёт ва умр ҳақидаги ўйларга берилади.Атрофидагиларга бошқа нуқтадан туриб назар ташлай бошлайди. Таассуротлари кинозал остонасида қолиб кетмайди, ўзи билан олиб кетади. Энди фильм қаҳрамонлари у билан бирга яшашда давом этади.

Бир неча кун ўтгач, киноижодкорлар бундай натижага қандайэришди, дея ўзингизга савол берасиз. Фильмни яна кўргингиз келади.

Кинодраматург ва режиссёр Рихсивой Муҳаммаджонов Европа ва океанорти мамлакатлари киноматография мактабини чуқур ўрганган, энг илғор анъаналарини ўзининг ижодига татбиқ қила олган, барча жанрларда ёзадиган, кино ярата олган, миллий кино ривожига муносиб ҳисса қўшган санъаткордир. “Суюнчи”, “Чинор остидаги дуэль”, “Чол ва набира”, “Сотқин”, “Ойдин”, Зулфиқор Мусоқов билан ҳамкорликдаги “Абдуллажон”, ”Камбағал одамлар” “Биринчи бўса”, “Осмондаги болалар 1”, “Осмондаги болалар 2” каби йигирмадан зиёд бадиий фильмлар шундан далолат бериб турибди. Мавриди келганда ушбу фильмларнинг асл ғоясини, муаллиф нима демоқчи эканлигини томошабинга етказиш вазифаси санъатшунос, киношунослар олдида очилмаган қўриқдай турганлигини айтиб ўтишни жоиз деб биламан.

Фильм тақдимоти шу йил 10 июнда ўтказилди. Лекин сценарий муаллифи ва режиссёр Рихсивой Муҳаммаджонов, бош роль ижрочиси Пўлат Саидқосимов энди орамизда йўқ... Улар маслакдошлари, ҳамкасблари кўп бор таъкидлаганидек, сўнгги нафасигача кино дарди билан яшади. Бу улкан санъаткорларнинг ҳаёти ва ижоди афсоналарга қоришиб кетди... Рихсивой ака суҳбатларда “Экранга жаҳолатни олиб чиқиб бўлмайди, кино яратаётганда миллатнинг ғурури биринчи ўринда туриши зарур. Рост, ҳаётий ёзинг. Майда-чуйдага куч-қувват сарфламанг, юксак нарсалар ҳақида ёзинг. Кино инсонни шакллантириши керак” деб кўп такрорлагувчи, буни ижодкорнинг асосий бурчи деб ҳисоблагувчи, ўзи бу қоидага бир умр амал қилиб яшаган ижодкор эди.

Ҳусан СУЛАЙМОНОВ.

ЎзА
2 353