ЎзА Ўзбек

15.11.2012 16:41 Чоп этиш версияси

Кино санъаткорлар – Оролбўйида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасида ўзбек киноси кунлари ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари Нукус шаҳрида бунёд этилаётган болалар дам олиш ва истироҳат марказида бўлди, қорақалпоқ халқининг миллий мероси дурдоналари сақланаётган Санъат музейи экспонатлари билан танишди.

Тадбир доирасида ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг азалий дўстлигини тараннум этувчи “Маргия” фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур фильмни Муратбой Низанов сценарийси асосида таниқли режиссёрлар Бауатдин Боймуратов ва Абдувоҳид Ғаниев суратга олган. Оролбўйининг гўзал табиат манзаралари, Нукус шаҳрида истиқлол йилларида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари фильмда тажрибали оператор Асенбой Асқаров талқинида ўз ифодасини топган.

– Фильмда суратга тушган ўзбек актёрлари, айниқса, қорақалпоқ қизи образини яратган Шаҳзода Матчанованинг ижрочилик маҳоратини алоҳида таъкидлашни истардим, – дейди журналист Муяссар Қобулова. – Қадриятларимизнинг боқийлигини акс эттирган ушбу картина Мустаҳкам оила йилида томошабинлар учун ажойиб совға бўлди.

Ўзбек миллий киноси кунлари доирасида томошабинлар билан учрашувлар бўлди, миллий маънавиятимизни бойитиш, баркамол авлодни тарбиялашда кино санъатининг ўрни ҳақида фикр юритилди.


ЎзА, А.Ортиқбоев
8 885