Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.01.2018 15:00 Чоп этиш версияси

Кинематография истиқболлари бағишланди

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги киносаройида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2017 йил 29 декабрь куни кинематография соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар бўйича ўтказилган мажлисда муҳокама этилган масалаларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги бош директори Ф.Зокиров ва бошқалар давлатимиз раҳбари томонидан кино соҳаси вакиллари олдига қўйилган вазифаларни изчил таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

"Ўзбеккино" миллий агентлигининг бино ва иншоотларини капитал таъмирлаш, жойларда мавжуд кинотеатрлар фаолиятини қайта тиклаш ва янгиларини барпо этиш, уларни замонавий кинотехнологиялар билан таъминлаш борасидаги амалий чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Соҳа мутасаддилари томонидан кинематография учун малакали кадрлар тайёрлаш тизими, сценарийнавис ва режиссёрлар, оператор ва актёрлар тайёрланаётган таълим муассасаларининг илмий ва ижодий савияси, ўқув дастурлари ва услубиётларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳозир пойтахтимиз ва Самарқанд шаҳрида миллий киносанъатимизнинг дурдона намуналари билан томошабинларни кенгроқ таништирувчи кинозаллар ташкил этилди. Қатор ретроспектив фильмларни ўзбек тилига ўгириш, дубляж ишларини олиб бориш борасидаги жараён давом этмоқда. Экран асарларини яратишда, энг аввало, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, ёшларларни теран тафаккур, соғлом ва мустақил дунёқараш соҳиби этиб камол топтириш ижодкорлар зиммасидаги асосий вазифа эканига жиддий ёндашилмоқда.

Брифингда, шунингдек, миллий кинематографияда кадрлар масаласи, тизим учун малакали кадрлар етказиб бериш, "устоз-шогирд" анъаналарининг бардавомлигини таъминлаш, мамлакатимизда ягона кинопрокат тизимини жорий этиш, бунда энг олис ҳудудларда фильмлар намойишини ташкил этиш чораларини кўриш, кино соҳасида халқаро ҳамкорликка доир истиқболдаги режалар хусусида ҳам маълумот берилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
9 703