ЎзА Ўзбек

04.02.2020 Чоп этиш версияси

“Хуррам жин” аслида ким томонидан ўйлаб топилган?!

“Хуррам жин” аслида ким томонидан ўйлаб топилган?!

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги қишлоқларнинг бирида яшовчи хонадон эгаларини тинчини бузаётган Хуррам жин ҳақида ҳикоя қилган сериал шов-шувларга сабаб бўлмоқда.

Эзгу фикр, доно ақл билан бир мартагина ўйласангиз аслида Хуррам жин ким? Уни ким, қачон ўйлаб топган? Нега, хонадоннинг иккита келини учун эмас, фақатгина кенжа келин учун хизмат қиляпти? деган саволларга жавоб топасиз.

Ўзингиз ўйланг ҳеч замонда жин инсонга яхшилик қиладими? Нега, хонадонда яшовчи шунча киши қолиб, фақат кенжа келинини ҳимоя қилиб, унинг фойдасига ишлайди. Жин орқали машҳур бўлиш, одамлар оғзига тушиш бу хонадон эгаларига нега керак бўлди?

Жин жинлигини қилди

...Бобомнинг бобоси жуда илмли, зиёли инсон бўлган. Аммо илмига маҳлиё бўлиб қолмай, катта далада тонг отгандан қош қорайгунча кетмон чопган. Эрта баҳор дала юмушлари кўпайган вақтларда, уйга ҳам келмай тарвуз етиштирганлар. Шундай кунларнинг бирида бобомнинг йўлини жин (алвасти) тўсган. У билан узоқ курашган бобом жинни маҳв этган. Шунда қош кўзи қоп-қора парига айланган жинни узун сочларидан бир тутам кесиб, “Ҳеч қачон менга ва яқинларимга зиён бермайсан”, дея қасамга таяб, ўзини уйига олиб келган.

Сочларини эса сандиққа солиб қулфлаб қўйган. Ўша кундан бошлаб, бувимнинг хизматида бўлган гўзалликда тенги йўқ пари уй юмушларини аъло даражада бажарган.

Қанча кўп ишламасин, уйқу, чарчаш нималигини билмаган пари хуш муомаласи, одоби билан атрофдагиларга ҳам манзур бўлган. Турмуш ўртоғи, қолаверса, қўни-қўшниларни парига бўлган муносабатини кўрган бувим жаҳл устида унга таъқиқланган юмуш яъни ўчоқ-тандирни кулини олишни буюрган. Бу вазифани ҳам бажарган пари кул кукунларига қўшилиб, ўзи ҳам жинга айланиб ғойиб бўлган. Уйга келган бобом, қўлида ҳар куни обдаста, елкасида сочиқ билан кутиб оладиган парини кўрмагач, хавотирланганча уни суриштирган.

Бувим эса, уни ғойиб бўлганини билса-да, билмаслигини айтиб, урчуқ йигиришда давом этган. Ўша куни бобомнинг тушида гўзал пари кул олгани ва унинг оқибатида жинга айланиб ғойиб бўлгани аён бўлган. Уч кун ўтиб эса, жин бобомнинг соғлигига, мол-мулкига зиён берган. Аввал оғилдаги моллари, кейин бешикдаги эгизаклари, сўнг ўзи оламдан ўтган. Жин ҳеч қачон одамзодга яхшилик қилмайди. Шунинг учун рўзғорни тоза-озода сақлаш керак. Ухлашдан аввал ошхоналарни йиғиштириб, ювиқсиз идишларни ювиб устини ёпиб қўйиш керак. Бу ҳаётий ҳикояни раҳматли бувимдан эшитганимда 12 ёшда эдим.

Орадан 20 йил ўтиб, инсонларга яхшилик қиладиган, колбаса еб, кола ичадиган жин ҳақида эшитдим. Ажойиб томони шундаки, блогер олган сериалда айтилишича, жин тозаликни хуш кўрар экан. Ҳеч замонда жин тозаликка ўч бўладими? Ахир, жинлар нотоза жойларда “базм” қилишини афсона-ю, эртакларда ўқиганмиз-ку.

Жин “крилл” алифбосида ёзади

Шўрчи тумани “Лайлакхона” маҳалласидаги уйларнинг бирида яшаб, одамларни озодаликка чақираётган “Хуррам жин” ўзбек тилини билади. У саволларга “крилл” алифбосида жавоб ёзиб, ташлаб кетади. Боз устига, ташлаб кетган хатларини яна ўзи олиб қўйиши ҳақидаги сериалчиларни қандай тушуниш мумкин?

У қандай жин бўлдики, хонадон эгаларига шарт қўйиб, уни бажариш учун муддат берса. Ажабланарлиси, хонадондаги икки келиннинг кичкинасининг манфаати учун хизмат қилса, елиб югурса.

- Аслида қишлоғимиздаги шу хонадон атрофида турли хил гап-сўзларнинг тарқалганига икки йил бўлди, — дейди исм-шарифини ёзишимизни истамаган фуқаро. — Бир-икки воқеаларни ўз кўзимиз билан кўриш учун бордик, ҳеч нарса юз бермади. Оила бекасининг айтишича, кичкина келинни жиннинг топшириғи билан 10 кунга шаҳарга отасини уйига юборган экан. Келиннинг кетганига 6 кун бўлибди, шундан буён жин ҳам йўқ экан. Умримнинг етмиш бешинчи йили шу қишлоқда ўтяпти. Аммо, бунақа воқеага биринчи бор гувоҳ бўлиб турибман. Ҳеч кимнинг кўзига кўринмайдиган жиннинг колбаса билан кола ичиб кетиши, хонадон эгаларини кийимларини ёқиб юбориши ишониб бўладиган воқеа эмас.

“Менинг дадам жин эмас”

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган Хуррам жин нафақат катталарни, балки болаларни ҳам оромини бузган кўринади. Шу қишлоқдаги мактабнинг 5-синф ўқувчилари таҳсил оладиган синфда тўполон бошланди. Ўқувчилардан бири ўрта қатордаги биринчи партада ўтирган кичкина бўйли йигитга ўдағайлади: “Сенинг Хуррам даданг жин экан. Ҳадеб амакимнинг келинига ёрдам қилмай, мактабимизни, синфхонамизни иситиб берсин. Унга синфимиз номидан мактуб ёзайлик, бизга китоб, дафтар олиб келсин”. Йигитча эса, “Менинг дадам жин эмас. Дунёдаги энг яхши дада. Онамга, бизга жуда меҳрибон. Биздан бекиниб эмас, ёнимизда ўтириб овқатланади”, деди жаҳл билан.

Яна бир ўқувчи эса, “Менинг Хуррам амаким бор. Колбасани жуда ёмон кўради. Овқат егиси келса, ҳеч қачон яшириниб емайди. Хуррам амаким ҳозир Россияга ишлагани кетган. Ҳар уч кунда дадамга қўнғироқ қилиб туради. Биз ҳам гаплашиб турамиз”, дея болаларча мақтанди.

“Вой ўлай, куёвнинг исми Хуррамми?”

- Ойи, ҳали ўқишим керак. Эндигина 2-курс бўлсам. Бунча тўй қилишга шошилмасангиз. Турмушга чиқсам, хаёлим бўлиниб қолади, — деди эрталаб ўқишга отланган қиз.

- Қизим, жуда яхши жой экан. Ўзимиз ўқитиб оламиз дейишди. Йигит отангга ёқди. Куёвинг борми деса, дегудек. Бугун учрашувга чиқасан. Сени кўргани ўқишингга боради.

- Эҳ, ойи, ойи. Ўзи ҳамма ишни битириб қўйибсилар-ку. Йигитни исми нима экан, қаерда ишлар экан ўзи, — дея сўради.

- Катта жойда ишларкан. Топарман-тутарман экан. Яшашга данғиллама уйи, ишлашга супермаркети, юришга замонавий машинаси бор экан қизим. Исмини Хуррам дейишди.

- Вой ўлай, куёвнинг исми Хуррами? Ойи, мен унга турмушга чиқмайман. Бир ками Хуррам жинга тегибди, деб ҳамма устимдан кулиши қолувди. Интернетда Хуррам жин бутун бир қишлоқ, қолаверса, туман аҳлини ваҳимага солаётганини қайта-қайта кўрсатиб ётишибди-ку. Совчиларни қайтариб юборинг, дадамга ҳам айтинг мен Хуррам жинга тегмайман, — деб қўлидаги телефонини онасига узатди.

- Вой ўлмасам, ҳали шунақами. Мени ҳам Хуррам жинга берадиган қизим йўқ, дея аёл эшик қоқиб келган совчиларга дарвозасини очмади.

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё...

Ижтимоий тармоқда машҳур бўламан десангиз ёки кимнидир машҳур қиламан десангиз юртимизда, қолаверса, Шўрчи туманимизда ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлар талайгина. Ана шу ишлар хусусида қанча гапирсак шунча кам. Содда ва самимийликда бошқалардан қолишмайдиган тумандошларимиз ўйлаб топилган жинларга ишонадиган даражада илмсиз, мулоҳазасиз эмас аслида. Зеро, таниқли шоир, олим Садриддин Салим Бухорий ҳазратлари айтганидек,

Ғурбат излаганга, ғурбатдир дунё,
Иллат излаганга иллатдир дунё.
Ким нени изласа, топгай бегумон
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.

Шундай экан келинг, азизлар. Қаердаги носоғлом фикрларга таяниб, кимларнингдир таъсири остида машҳур бўлишга, бировнинг номини жинга айлантиришдан эҳтиёт бўлайлик. Эзгу амалларимиз, мулоҳазага чорлайдиган, ишларимизни ибрат сари бошлайдиган фикрларимиз ортидан эргашайлик. Зотан, ёшларни ҳамиша эзгуликка, илм олишга чорлаган аждодларимизнинг муносиб авлоди эканлигимизни унутмайлик. 

Нигина ШОЕВА,
журналист

9 055
ЎзА