ЎзА Ўзбек

28.05.2018 20:40 Чоп этиш версияси

Хумоюн Саманий: биз бундай фестивални орзиқиб кутамиз

Хумоюн Саманий: биз бундай фестивални орзиқиб кутамиз Бухорода жорий йилнинг 25-27 май кунлари ўтказилган ХVII- Ипак ва зираворлар халқаро фестивалида зардўзлик, заргарлик, каштачилик, кулолчилик, гиламдўзлик, атлас тўқиш, мис ва ёғоч ўймакорлиги, тасвирий ва амалий санъат йўналиши бўйича кўплаб маҳсулотлар намойиш этилди.

Фестиваль қадимий Арк қалъасидан то Лаби ҳовуз мажмуасигача бўлган қарийб бир ярим километр масофага чўзилган кўчалар ва унинг атрофидаги ҳудудларни қамраб олди. Ундаги ҳар бир тадбир кўҳна Бухоронинг ўша замонлар даврига хос ҳунармандчилик, маданий ҳаёт манзараларини эслатиб турди.

Қўл меҳнати намуналари, Бухоронинг зардўзлик, заргарлик, каштачилик, кулолчилик моллари, водийлик атласу адрасчилар, Бойсуннинг жундан тўқилган гул нақшли гиламлари, Шаҳрисабзнинг ироқи дўппилари, ипакдан ишланган мато буюмлари, қорақалпоғистонлик, хоразмлик, навоийлик, самарқандлик усталарнинг бетакрор маҳсулотлари харидорларга манзур бўлди.

Фестиваль мамлакатимиз ҳунармандчилиги имкониятларининг бетакрор намойишига айланди. Улар орасида наинки Бухоро вилоятида, балки юртимиз ташқарисида ҳам танилган ғиждувонлик кулолсоз Нарзуллаевлар сулоласи вакили Абдулла устанинг ижод намуналари алоҳида ўрин эгаллади.

4.jpg

5.jpg

– Мен кўплаб халқаро кўргазмаларда қатнашганман, – дейди Абдулла Нарзуллаев. – Улар хориж бозорига чиқишимга катта имконият яратди. Бугунги фестивалда ҳам сопол идишларимизга қизиқиш катта бўлди.

Тадбир хорижий меҳмонларда ҳам катта таассурот қолдирди.

– Бухорога илк бор келишим, – дейди жанубий кореялик Пак Ёнг Сун. – Ниятим жаҳонга машҳур меъморий ёдгорликлар билан танишиш эди. Уларни кўриб ҳайратга тушдим. Булар ҳақиқий мўъжиза. Саёҳатим ипак ва зираворлар фестивалига тўғри келди. Бу ерда халқингиз миллий ҳунармандчилик санъатининг услуб ва анъаналари, яъни аждодлар меросини меҳр билан асраётганини кўриб қойил қолдим.

Тадбирда Марказий Осиё давлатлари ва Россиядан келган ҳунармандлар ҳам иштирок этди.

18.jpg

16.jpg

– Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар тобора ривожланиб бормоқда, – дейди афғонистонлик Хумоюн Саманий. – Бу ҳунармандчилик соҳасида ҳам яққол кўринади. Ипак ва зираворлар фестивалига бу йил кўпчилик бўлиб келдик. Яқин қўшнилар бўлганимиз боис, қарашларимизда, маҳсулотларимизда этнографик ўхшаш томонлар бор. Бу ерда ложувард, ақиқ ва бошқа қимматбаҳо тошлардан тайёрланган тақинчоқларимизга қизиқиш катта экан. Сизларда шу йўналишда фаолият юритаётган усталар кўп. Тадбир улар билан тажриба алмашишга хизмат қилди. Биз бундай фестивални орзиқиб кутамиз.

Кўргазма-савдоларда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намуналарини томоша қилиш ёки харид этиш баробарида, қўл меҳнатининг мураккаб жараёни билан усталарнинг маҳорат дарслари орқали танишиш имконияти ҳам яратилди.

Ўлкамиз табиати турли зиравор гиёҳларга бой. Улар нафақат хушбўй, балки шифобахш хусусиятга ҳам эга. Иштирокчилар ош танловида бу каби зираворлар қўшиб тайёрланган паловлардан татиб кўрди.

Фестиваль доирасида мамлакатимиз ҳудудларидан ташриф буюрган фольклор-этнографик дасталарининг чиқишлари намойиш этилди. Тадбирда Челябинск (Россия) маданият ва санъат институти қошидаги хор жамоа концерт дастури билан қатнашди.

25.jpg

32.jpg

– Институтимиз Бухоро давлат университети билан кўп йиллардан буён яқин ҳамкорлик қилиб келади, – дейди хор жамоаси раҳбари Наталья Сафонова. – Маданий алоқалар алмашинуви дастури доирасида март ойида бухоролик ҳамкасбларимиз юртимизда бўлиб, бизни Наврўзга бағишланган қўшиқлар билан хурсанд қилди. Улар таклифига кўра, бугун фестивалга келдик. Турли мамлакатлар вакилларини бирлаштирган ҳунармандлар байрамидаги руҳ, ўзгача кайфият бизга чексиз қувонч бағишлади.

Фестиваль доирасида намойиш этилган ёш модельер ва дизайнерлар коллекциялари, Ўзбекистон тарихидан ҳикоя қилувчи фильмлар тақдимоти томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир таниқли ва ёш санъаткорлар ижросидаги катта концерт дастури билан якунланди.

Фестивалда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
7 856