ЎзА Ўзбек

24.03.2019 Чоп этиш версияси

Хотин-қизлар нега норасмий меҳнат билан шуғулланмоқда?

Хотин-қизлар нега норасмий меҳнат билан шуғулланмоқда?

Фарғона вилоятида норасмий ёлланма бир марталик ишда банд бўлувчи хотин-қизлар билан мулоқотлар ташкил этилиб, уларнинг муаммолари ўрганилмоқда.

Фарғона вилоятида жорий йилда 42 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш белгиланган бўлиб, бу борада хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари ҳамда Олтиариқ туманида бир марталик иш билан таъминловчи бюролар фаолият кўрсатмоқда.

Бироқ, бугунги кунда шаҳар ва туманларда норасмий меҳнат билан шуғулланаётган аёллар масаласига эътибор қаратилмаган эди. Вилоят хотин қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси, вилоят “Тадбиркор аёл” уюшмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида мазкур масалани ҳал этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

618f9580-6aca-436b-9a86-b19f91fb29b1.jpg

Қўштепа туманида норасмий ёлланма бир марталик ишда банд бўлувчи хотин-қизлар билан мулоқотлар ташкил этилиб, уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат олиб борилди. Мулоқот жараёнида уларни қийнаб келаётган кўплаб муаммолар аниқланди. Шоҳсанам Маҳмудова ўзига муносиб иш топа олмагани учун аҳоли хонадонларида норасмий меҳнат билан шуғулланиб келмоқда. Унинг муаммоси ҳал этилиб, тумандаги 20-мактабгача таълим муассасасига ишга жойлаштирилди. Аксарият хотин-қизлар жамоат ишларига жалб этилди.

215d1295-96b8-4fd4-a342-10bb97339837.jpg

Вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилафрўз Қосимованинг айтишича, бу каби мулоқотлар барча шаҳар ва туманларда давом этмоқда. Норасмий меҳнат билан шуғулланаётган аёлларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, ҳудудларда “Меҳнат” масъулияти чекланган жамиятлари (кичик хизмат кўрсатиш гуруҳлари)ни ташкил этиш орқали хотин-қизларни қонуний тарзда иш билан таъминлаш, меҳнат дафтарчаси очиш кабилар кўзда тутилмоқда.

4 693
М. Сулаймонов, ЎзА мухбири