ЎзА Ўзбек

14.03.2019 20:00 Чоп этиш версияси

Хориждаги ватандошимиз, ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоил расмийлар узр сўрашини талаб қилмоқда

Хориждаги ватандошимиз, ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоил расмийлар узр сўрашини талаб қилмоқда

Ёзувчига бир қанча саволлар билан мурожаат этганимизда, у бизни кутилмаган жавоби билан ҳайратлантирди. Жавобни ҳеч қандай ўзгартиришларсиз эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ҳамид Исмоилнинг ”Жинлар базми” романи 2019 йилги Европа тикланиш ва тараққиёт банки адабий мукофоти ғолиби бўлди. Роман ҳозирда адабиётчилар орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, Ёзувчилар уюшмаси ходимаси Рисолат Ҳайдарова асар ҳақида қуйидагича фикр билдирди:

"Архивлар, ўша даврдаги матбуотни қайта титкилаш нима учун зарур бўлиб қолди? Биламизки, Буюк Британия ва Россия Ўрта Осиё учун курашган. Муаллиф советлар зулмини кўрсатиш орқали сиёсий манфаат кўзлаган бўлиши мумкин. Биз бу асарга муносабат билдиришимиз керак. Акс ҳолда ёшлар ижтимоий тармоқдаги шов-шувларга учиши мумкин".

Нафақат ўзбек, балки хорижий адабиёт ихлосмандлари орасида ҳам муҳокама ва қизиқиш уйғотган асар борасида ёзувчи Набижон Боқий қуйидагича фикр билдирди.

”Жўржи Зайдон романлари орқали миллатдошларига ўзининг гапини айтиб кетган. Абдулла Қодирий ҳам тарихий пойдевор устига қурилган романларида ўз замони учун энг долзарб муаммони – миллат тақдирини жонли акс эттиради, миллати тўғрисида қайғуради. Ҳамид Исмоил ҳам қалбининг қўрида асраб юрган Ватан туйғусини қоғозга ўраб замондошларига тақдим этади. Тарихий мавзунинг уч йўналиши бўйлаб, битта манзил томон бориб, миллат ва уммат меҳробига топинган адибларнинг хизматига муносиб ажрни дорилбақода Ўзи бергай!"

“Жинлар базми” – тарихий роман жанрининг учинчи йўлида ёзилган. Биринчи йўлда улуғ адибимиз Абдулла Қодирий ўзининг устози деб билган атоқли араб ёзувчиси Жўржи Зайдон самарали ижод қилган. Биз шартли равишда ”биринчи йўл” деб атаётган нимарса мазмуни нимадан иборат? Бунда бадиий асар воситасида ўқувчи тарих билан таништирилади. Жўржи Зайдон заҳматкаш муаррих эди; ўзи узоқ йиллик изланиш-тадқиқотлари натижасида тўплаган тарихий ҳақиқатни роман шаклида китобхонга етказади. Абдулла Қодирий эса Жўржи Зайдондан фарқли ўлароқ иккинчи йўлни танлайди ва тарих воситасида бадиий ҳақиқатни ифодалайди. Тарих Қодирий бобо учун шунчаки либос, холос. У жонли образлар мисолида биз қўлдан бой берган бебаҳо қадриятларимизни кўргазмали қурол сифатида кўз олдимизда гавдалантиради. Замондош ёзувчимиз Ҳамид Исмоил эса совриндор романида тарихий силсила воситасида ўқувчини жазавага тушириб қўядиган бадиий ҳақиқатни бўрттириб акс эттиради. Устига-устак, бадиий воситалар билан жазавадор тарихий ҳақиқатни акс эттиради. Хусусан, бир неча юз йиллардан буён буюк давлатлар (”сверхдержавы”) ”КАТТА ЎЙИН” қоидалари бўйича бутун дунёни аҳмоқ қилиб келаётганини ўзбек ўқувчисига илк бора рўй-рост кўрсатиб беради. Заҳматкаш ўзбек ёзувчисининг тарихда биринчи бўлиб, 26 минг доллар (икки юз миллион сўм!) мукофот олгани жиддий воқеадир”. 

Ҳамид Исмоилнинг BBC таҳририятидаги ҳамкасби Ибрат Сафо асар ҳақида қисқача шундай ёзади:

“Ҳамид ака Исмоиловнинг ”Жинлар базми” шахсан мен учун охирги йилларда ўзим ўқиган энг кучли асар десам бўлади. Қодирийдек буюк шахс қисмати, у даврда юзага келган сиёсий бўлинишлар, минтақамиздаги ташқи қудратларнинг рақобати ҳақида билишни истаган одамларга уни ўқишни тавсия қиламан”

“Жинлар базми” ҳақида фикрлар хилма хил ва табиийки улар асар билан таниш бўлмаган ўқувчини мутолаага чорлайди. Умуман олганда, асар муаллифи Ҳамид Исмоил мукофоти ва ўз асари ҳақида нима дейди. 

Ёзувчига бир қанча саволлар билан мурожаат этганимизда, у бизни кутилмаган жавоби билан ҳайратлантирди. Жавобни ҳеч қандай ўзгартиришларсиз эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Азизим Анорахон, куюнчаклигингиз учун раҳмат, лекин менинг кўнглимда катта гина бор. Бундан роса икки йил аввал Тошкент қўналғасига учиб келиб биринчи қилган ишим – дўстлардан машина сўраб онамнинг мозор бошисига ўтмоқчи бўлганимда, Ўзбекистон расмийлари мени ўз Ватанимга киритмай Истанбулга қувишган. Бундай бедодликлар осонликча унутилмайди. Ўшанда ўзимга: то бу расмийлар расман узр сўрашмагунча, улар ўзиники қилиб олган ерни елкамни чуқури кўрсин, деб айтганман. Узр, лекин раҳматли онам мени ўз сўзида турувчи қилиб тарбиялаган. Афсуски, саволларингизга жавобим шу. Ишларингизда зафарлар тилаб, Абдулҳамид акангиз”.

Ҳамид Исмоилга юборилган қуйидаги саволлар эса очиқ қолди.

1. Ўтган асрнинг 60-йилларида машҳур бўлган ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор: ”Ўзбек адабиётининг довруғи Тўйтепадан нарига ўтмайди”, деган эди алам билан. Ҳамид ака, сизнингча, ҳозир ўзбек адабиётининг довруғи Швеция Қироллик академиясигача, яъни, Нобель мукофоти ҳайъатигача етиб бордимикан?

2. Бадиий асарлар билан Европани забт этиш учун инглиз, француз, испан ёки ҳеч бўлмаса, рус тилида ижод қилиш керакми? Ёхуд китобхонни мафтун қиладиган асарларни ўзбек тилида яратиб қўйиб, сўнг уни Европа тилларига адекват-муносиб таржима қилиб ҳам ”Эски дунё”га чиқиш мумкинми?

3. Ҳозирги замон турк ёзувчиси Орхан Помук ва тобора танилиб бораётган Холид Ҳусайн ижоди ҳақида нима дейсиз? Уларнинг тажрибалари ёш ёзувчиларимиз томонидан атрофлича ўрганилса, адабиётимиз равнақи учун не қадар фойдали бўларди?

Саволлар очиқ қолган бўлса-да, улар устида бош қотириш бизнингча адабиётимизга алоқадор ҳар кимнинг вазифаси.

Анора Содиқова, ЎзА
12 518