ЎзА Ўзбек

19.09.2020 Чоп этиш версияси

Хорижда малака ошириш имконияти яратилди

Хорижда малака ошириш имконияти яратилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги «Эл-юрт умиди» жамғармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тизимида фаолият юритувчи ўқитувчи ва ходимлар «Эл-юрт умиди» жамғармаси ёрдамида хорижда малака ошириш имкониятига эга бўлади.

photo_2020-09-19_07-12-58.jpg

Келишувга кўра, хорижда таълим олиш истаги бўлган номзодларни танлаб олиш ва тайёрлаш икки томон ҳамкорлигида ташкил этилади. Шунингдек, томонлар ўртасида халқаро таълим ташкилотлари, хорижий мамлакатларнинг давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, уларни таълим соҳасида ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш режалаштирилмоқда.

– Ушбу ҳамкорлик агентлик тизимида фаолият юритувчи мутахассисларга ўз малакасини ошириш учун янги имкониятлар очиб беради, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Сарвар Бобохўжаев. –Келгусида хорижда фаолият юритаётган ҳамюртларимиз иштирокида агентлик тизимидаги таълим муассасаларида турли тадбирлар ва хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда семинарлар, маҳорат дарслари ташкил этилади. Истиқболли ҳамкорлик таълим сифатини янада яхшилашга кўмаклашади.

5 905
М.Тошқораева, ЎзА