ЎзА Ўзбек

04.12.2019 Чоп этиш версияси

Хива – 2020 йилда турк дунёси маданияти пойтахти

Хива – 2020 йилда турк дунёси маданияти пойтахти

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ доимий кенгашининг 37-мажлисида 2020 йилда Хива шаҳри турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилинди.

Хива шаҳрига бу мақомни бериш таклифи 2018 йил сентябрь ойида Қирғизистонда ўтказилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг VI саммитида билдирилган эди.

Жорий йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди. 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг VII саммитида иштирок этиб, 2020 йилда Хива шаҳри “Туркий дунёнинг маданият пойтахти“ деб эълон қилиниши қардош халқларимизни янада яқинлаштиришга, абадий дўстлигимизни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшишини таъкидлаган эди.

Ривоят қилишларича...

Хива нафақат юртимиздаги, балки Ер юзидаги энг қадимий шаҳарлардан бири саналади. Хоразм заминининг дурдонаси саналган Хива ўз тарихи давомида не-не босқинларни, истилоларни кўрмади. Жаҳонни зир титратган фотиҳлардан ном-нишон қолмади. Аммо, Хива ҳамон гўзал ва навқирон.

Маълумки, 1997 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Хива шаҳрининг 2700 йиллиги кенг нишонланган эди. Айни пайтда Хива юртимизнинг туристик салоҳияти тобора ортиб бораётган кўҳна ва навқирон шаҳарларидан бири саналади.

Икки ярим асрдан зиёд тарихга эга бўлган бу қадимий шаҳар бир қанча тарихий воқеалар, босқинлар, қирғинларнинг гувоҳи бўлган. 1598 йилдан то 1920 йилгача Хива хонлигининг, бир муддат Хоразм Халқ Совет Республикасининг пойтахти бўлиб келган шаҳарнинг биргина Ичан-қалъа меъморий обидаси ўнлаб тарихий обидаларни ўз ичига олади. Жумладан, Муҳаммад Аминхон, Қутлуғмурод иноқ мадрасалари, Исломхўжа минораси, Калтаминор, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Тошҳовли сингари обидалар Хоразм меъморчилик мактабининг ўзига хос намуналари саналади.

Хива шаҳрининг бунёд қилиниши тўғрисида ҳам бир қанча афсоналар тўқилган. Улардан бирида айтилишича, унинг ёши Нуҳ пайғамбар тўфони билан тенг эмиш. Яратганнинг амри билан қирқ кун ёққан ёмғирдан ер юзини сув босади. Кемага чиқиб олган одамлар ва жонзотлар сувда узоқ сузишади. Бир куни улар узоқдан баланд бир тепаликни кўришади. Бу ерга келгач, Нуҳ пайғамбар кемадан тушиб, шу ерда қолади ва ўғли Сомга яна сузишни буюради.

Сом кемада бир неча кун сузгандан кейин, қуруқ ерни топиш учун қушларни учириб кўради. Лекин ҳеч қуруқлик кўринмасди. Бир кун Cом Оққуш билан Кабутарни учиради. Улар узоқ учиб қуруқ ерни топишади, шунда Оққуш севинганидан “қувоқ, қувоқ!” деб овоз беради, Кабутар эса қанот қоқади. Бу овозни эшитган Сом кемани шу томонга ҳайдайди ва қуруқликка чиқишади. Бу жойни у ҳақда илк бор хабар берган Оққушнинг “Қувоқ! Қувоқ!” деган қичқириғи билан аташади. Кейинчалик бу сўз “Хивақ” сўзига айланган экан.

Лаззатли булоқ суви

Шаҳарнинг бунёд қилиниши тўғрисида хивалик Худойберди Қўшмуҳаммад ўғли ўзининг 1831 йилда ёзилган “Дили ғаройиб” асарида ҳам қизиқарли маълумотлар беради. Унинг ёзишича, қадимда Хоразмнинг 4-5 тадан дарвозаси бўлган шаҳарлари кўп экан. Улардан бири Журжония, бири Урганч, яна биттаси Рамул.

“Рамул Сом ибн Нуҳ томонидан отасининг кемасига ўхшатиб қурилган, деб ёзади, тарихчи Худойберди, – ҳозир у Хивақ номи билан машҳурдир. Аввалги номи Рамул – қумлоқ экан. Сом бир куни овдан кейин баланд бир қирнинг устида ётиб ухлайди ва туш кўради. Тушида ўзининг атрофида уч юзта машъала ёниб турганини кўради. Уйғониб қараса, машъалалардан нишона ҳам йўқ, атрофи фақат қумдан иборат. Кўрган тушидан вақти хуш бўлиб, бу жойни белгилаб қўяди ва иккинчи марта келганида бу ерда қалъа деворини қурдиради. Қалъанинг кун ботиш тарафида бир чашма қаздириб сув чиқаради. Баъзилар ана шу қудуқнинг номини Хивақ деб аташган”.

Шу қудуқнинг сувини ичганлар лаззатланиб, “эвоҳ”, “хе-воҳ” деб хитоб қилишган. Хиванинг номланиши ҳам ана шу хитобдан келиб чиққан деган ривоятлар бор.

Бошқа бир ривоятга кўра, Сомнинг тушига отаси Нуҳ (а.с.) кириб, шу ухлаб ётган ерида бир қалъа қуришни буюради ва “қалъанинг шаклини менинг кемамга ўхшатиб қургин”, дейди. Шунда Сом отасига “кема шаклидаги шаҳар ҳам, кемадек чайқалиб турувчи бўлади-ку”, деганида, отаси унга, “биз унинг ўртасига лангар ташлаймиз”, деб жавоб беради. Шундан кейин Сом бу жойда отаси Нуҳнинг кемасига ўхшатиб қалъа барпо қилади. Яъни, шаҳарнинг тарҳини чизиб, қурган киши Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли Сом бўлган.

Хиваликлар Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини Нуҳ пайғамбари томонидан шаҳарнинг ўртасига ташланган лангар деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун ҳам мақбара катта пештоғининг ўнг қанотидаги кошин нақшларга кема тасвири туширилган. Токи бу мақбара бор экан, Хива шаҳри тинч туради, деган қараш мавжуд.

Хива ҳақидаги маълумотлар кейинги минг йилликнинг кўплаб тарихий манбаларида учрайди. Бир қатор араб манбаларида Хива қалъаси Амударёдан ажралиб чиққан Хейваник (Хейконик) канали бўйида қурилган шаҳар экани айтилади. Шаҳар номи ҳам ана шу каналнинг аталишидан келиб чиққан деган тахминлар бор. Академик Яҳё Ғуломовнинг кўрсатишича, Х аср араб олими Истаҳрий “Хива каналидан Хивагача кемалар қатнаган” деб ёзган. Яҳё Ғуломов Хоразмнинг ҳокими Қутлуғ Темурнинг 1349 йилда Шайх Сулаймон Ҳаддодий мақбарасига қилган вақф ҳужжатида Хейконик номи биринчи марта учрашини айтади. Унинг фикрича Хейваник, Хейконик сўзининг бузиб айтилган шакли бўлса керак. Бу канал кейинчалик Паҳлавон ёпи (ариғи) номини олган.

Албатта булар афсона бўлса-да, унинг ичида ҳам ҳақиқат учқунлари ётганлигини унутмаслик керак.

Дарҳақиқат, бугунги кунда Хива Шарқнинг сайёҳлар эътиборидаги энг қадимий шаҳарлардан бирига айланиб бормоқда. 2020 йилда шаҳарнинг турк дунёси маданияти пойтахти, деб эълон қилиниши бу гўзал шаҳар довруғини дунё миқёсида оширишда яна бир муҳим қадам бўлди.

Эслатиб ўтамиз, маълум бир йилда туркий тилли давлатлар ва мухтор ўлкалардаги шаҳарлардан бирини турк дунёси маданияти пойтахти, деб эълон қилиш анъанасига 2010 йилда Туркий тилли давлат раҳбарлари саммитида асос солинган. Айни пайтга қадар Нур-Султон (Қозоғистон, 2012), Эскишеҳир (Туркия, 2013), Қозон (Россия, 2014), Марв (Туркманистон, 2015), Шеки (Озарбайжон, 2016), Туркистон (Қозоғистон, 2017), Кастамону (Туркия, 2018), Ўш (Қирғизистон, 2019) сингари шаҳарлар ана шу номга сазовор бўлган.

4 626
Комилжон ХУДОЙБЕРГАНОВ, Рустам ЖАББОРОВ, ЎзА