ЎзА Ўзбек

24.10.2012 14:17 Чоп этиш версияси

Хитойлик санъаткорлар – Самарқандда

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг йигирма йиллиги муносабати билан юртимизда ўтказилаётган Хитой маданияти кунлари Самарқанд шаҳрида давом этди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир доирасида Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқали драма театрида Хитойнинг Бонду ўлкаси “Хан Шин” ансамблининг концерти намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Маданий, гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик икки халқ тарихи, маданияти, миллий анъана ва қадриятларини ўрганиш ва кенг тарғиб этишда муҳим омил бўлмоқда.

– Хитой маданияти кунлари доирасида Шарқнинг энг гўзал ва бетакрор шаҳри – Самарқандда ўз дастуримизни намойиш этиш имкониятига эга бўлганимиздан ғоят хурсандмиз, – дейди “Хан Шин” ансамбли раҳбари Ву Хиао Лиин хоним. – Чунки қадимий Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу шаҳар азалдан ўзининг бой тарихи, илм-фан ва юксак маданияти билан дунё аҳлини ҳайратга солиб келади. Томошабинлар дастуримизни катта қизиқиш билан кутиб олганидан мамнунмиз.

Хитойлик меҳмонлар Самарқанднинг тарихий обидалари ва муқаддас қадамжолари, бу ерда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, шунингдек, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари билан танишдилар.


ЎзА, Ғ.Ҳасанов
8 460