ЎзА Ўзбек

24.03.2020 Чоп этиш версияси

“Хавотир ичида чайқалар дунё...”​

“Хавотир ичида чайқалар дунё...”​

Мангу даъват

Бу сўзларни кеча ё бир ҳафта илгари ёзганим йўқ. Уларни бир ой, бир йил, ҳатто ўн йил олдин ҳам ёзмаганман. “Дунё” шеъримдан олинган бу мисрани бир неча йиллик изланишлардан кейин ўн беш йил илгари битган эканман. Ўшанда дунёнинг хавотир ичида чайқалаётганидан безовта бўлиб, орзу-умидларимни юрак қоним билан қоғозга кўчирганман.

Аслида, одамзот азалдан хавотир ичида яшайди. Унинг бирор куни хавотир, ташвишсиз ўтган эмас. Одамлар гоҳ урушда, гоҳ офатда, гоҳ касалликка қарши курашда ҳалок бўлган. Буни таниқли авар шоири Ҳамзат Цадаса ҳикматли байтида мухтасар ифодалаган:

Кимларни бағрига олмаган тупроқ,

Унда ҳалок бўлган ўлгандан кўпроқ.

Инсоният таҳликали даврда ҳамиша чора излаган ва сўздан таскин топган. Барчамизга маълумки, коронавирус касаллиги туфайли мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврида юртдошларимизга биринчи навбатда китоб ўқиш тавсия этилди. Шу ўринда милоддан аввал яшаган, биринчи муаллим дея шарафланадиган юнон файласуфи Аристотелнинг шогирди Александр Македонскийга айтган насиҳатидан ҳар қанча ибрат олсак арзийди: “Агар нафсингни бирор лаззатли ишга машғул қилишга мажбур бўлсанг, у ҳолда оладиган лаззатинг донишмандлар мажлисидан, фалсафаю ҳикматларга оид китоблар мутолаасидан бўлсин. Донишмандлар хизматида бўлиш ва уларнинг китобларини ўқиш сени олий даражаю мақомларга эриштиради ва сенга тўлиқ шодлигу саодат бағишлайди”.

Яна минг йиллар ўтди, инсоният хавотир ичида яшай бошлади. Шунда олам узра “Ўқи!” сўзи баралла янгради. Одамлар ўқиди, қалбларида орзу-умидлари томир ёзди ва юксалиш сари қадам ташлади.

Яна минг йиллар ўтди. Шоирларнинг султони Ҳазрат Алишер Навоий ёздилар: “Сўздадур ҳар яхшилиқни имкони бор, мунда дебдурларки, нафаснинг жони бор”. Ҳазратнинг қуйидаги байтида эса, сўзнинг қадр-қиммати мужассам:

Донаи дур сўзини афсона бил,

Сўзни жаҳон баҳрида дурдона бил.

Ҳазрат “Назм ул-жавоҳир” асарида муқаддас Китобдаги “Ҳақиқатан ҳам шеърда, ҳикмат баёнида сеҳр бор” сўзларни келтириб, одамзотни адабиётдан, шеъриятдан ибрат олишга ундаганлар.

Дарҳақиқат, коронавирус туфайли эълон қилинган синовли даврда энг маъқул йўл – китоб ўқиш. Ўқиганда ҳам фақат яхши китобларни мутолаа қилиш керак. Атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов таъкидлаганларидек: “Кечроқ тушуниб етдимки, ёмон, бекорчи, истеъдодсиз ёзилган китоблар бўлиши мумкин экан”. Ҳа, муқоваланган тахламлардаги олди-қочди сафсаталарни ўқиш, таъбир жоиз бўлса, коронавирусдан ҳам хавфлироқ. Чунки, инсоният албатта коронавирус касаллигига даво топади, лекин муқоваланган тахламларни ўқиган одам қалбида қолган асоратни тузатишга даво топиши даргумон.

Ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам муқаддас Қуръонни, ҳадисларни, Алишер Навоий, Гёте, Пушкин, Абдулла Қодирий, Расул Ҳамзатов каби адабиёт дарғаларининг китобларини ўқишимиз керак. Айнан шу даврда буюк аллома Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобини қайта-қайта ўқишимиз лозим. Аллома шу асарида ёзганлар: “Мен қолдириб кетаётган зўр табиблардан бири тозалик, иккинчиси парҳез, учинчиси бадантарбия, қолганлари мизож билан боғлиқ кайфиятдир”. Ўзингиз айтинг, алломанинг сўзларида биз ҳозирги карантин даврида қатъий риоя этишимиз лозим бўлган қоидалар мужассам эмасми?!

Ҳозирги синов даврида китоблардаги умрбоқий ҳикматларга янада кўпроқ амал қилишимиз керак бўлади. Хусусан, Ҳазрат Навоийнинг қуйидаги байтларидаги ҳикматга нафақат бугун, балки умримиз давомида амал қилишимиз зарур:

Демонким, кўнгли поку ҳам кўзи пок,

Тили поку сўзу поку ўзи пок.

Ёки:

Ўзи пок азвожи ила авлоди пок,

Зоти пок, асҳоб ила аҳфоди пок.

Яна Навоий бобомиз ёзадилар:

Агар бор эса поклик нияти,

Анга ёр ўлур поклар ҳиммати.

Ҳозирги синов даврида сўзимиз ҳам, ниятимиз ҳам пок бўлсин, шунда бизга поклар ҳиммати ёр бўлади. Муҳими, бу синовли даврда ва бундан кейин ҳам ҳали ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган болаларимизни асрайлик, эҳтиёт қилайлик. Болалар бизнинг ворисларимиз, келажагимиз, улар биз етмаган ойдин манзилларга албатта етади.

Мақолани “Дунё” шеърим мисраси билан бошлагандим. Шу шеърни тўла эътиборингизга ҳавола этгим келаяпти.

Осмон ридосидан юлдузлар учди,

Қуриди шарқираб оққан дарёлар.

Суянчиқ чинорлар тупроқни қучди,

Емрилиб йиқилди метин қоялар.

Сўнги сафарига кетди нуроний,

Ортидан аёли чуввос солади.

Бари бир, тириклик эмасдир фоний,

Дунёни болалар сақлаб қолади.

Хавотир ичида чайқалар дунё,

Тоза юракларни ғашлар қутқулар.

Инсонга табиий ўлим кам гўё,

Кемалар чўкади, учоқлар қулар.

Оёқнинг остидан чиқар фалокат,

Гулюзга ҳам ажал соя солади.

Йўқликка чекинар охир ҳалокат,

Дунёни болалар сақлаб қолади.

Кечмишлар дилимга ёқади афғон,

Тобакай офатлар келтирар завол?

Бир ёнда зилзила, бир ёнда тўфон,

Наҳот ёмонлашар кун сайин аҳвол?

Чексиз самовотда она заминга,

Қанча сайёралар таҳдид солади.

Бугунги эртаклар айланар чинга,

Дунёни болалар сақлаб қолади.

Қайдадир дунёга келди чақалоқ,

Тиклайман ишончим ҳавозасини.

Ўйимда порлайди умидбахш маёқ:

Ҳаёт сира ёпмас дарвозасини.

Маъсум гўдакларда келажак яшар,

Улар юлдузларга кўприк солади.

Ёруғ иқболингга қулоч ёз, башар,

Дунёни болалар сақлаб қолади.

Асрор МЎМИН,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист


3 641
ЎзА