ЎзА Ўзбек

28.06.2020 Чоп этиш версияси

Халқнинг кўзи ва сўзи бўлайлик

Халқнинг кўзи ва сўзи бўлайлик

Ҳаётимиз шиддат билан ўзгармоқда. Жумладан, матбуот соҳасида ҳам чуқур ислоҳотлар боряпти. Олдинги давр билан кейинги икки-уч йилдаги ўзгаришларда осмон билан ерча фарқ бор, десак, муболаға бўлмайди. Ҳозирги ошкоралик ва сўз эркинлиги шароити илгари бўлмаган.

Бугун Ўзбекистонда нодавлат, хусусий оммавий ахборот воситалари жадаллик билан тараққий этмоқда. Айниқса, интернет журналистикаси деб атаётганимиз электрон ОАВнинг қамрови кенгаймоқда. Ахборот бозорида рақобат муҳити пайдо бўлди.

Ҳамма даврларда холислик ва ҳаққонийлик журналистиканинг олтин қоидаларидан бўлиб келган. Бу мезонларни унутган, унга амал қилмаган журналист ўқувчилар ишончини йўқотади. Ёлғон, олди-қочди, шов-шув хабарларга асосланган ОАВнинг умри қисқа бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг касб байрами муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида журналистларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати эътироф этилган ҳолда, улар ўз ишига янада масъулият билан ёндашишга даъват этилади.

Тан олишимиз керак, гоҳида бирон мавзуни ёритаётганида журналист ва блогерларнинг билим-малакаси етишмаслиги,шошқалоқлик, ҳиссиётга берилиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон учун типик бўлмаган айрим воқеа-ҳодисаларни бўрттириш, аҳолига нотўғри маълумотларни тақдим этиш, айниқса, ижтимоий тармоқларда кўп учраяпти. Бу олиб борилаётган катта ижобий ишларимизга соя соляпти.

Мен ишлаётган ЎзА расмий ахборот агентлиги ҳисоблансада, соҳада бораётган ўзгаришларнинг байроқдори бўлмоқда, дейишимиз мумкин.Биз ҳаммага, ҳар хил тоифа вакилларига минбар беряпмиз.

Барча даврларда ҳам журналист халқнинг сўзи, кўзи, юраги бўлиб, келган. Биз одамларни ўйлантираётган муаммоларни, уларнинг дарду ташвишларини ҳукуматга етказиш билан бирга, Президент, давлатимиз олиб бораётган сиёсатни аҳолига тушунтиришимиз, қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг моҳиятини тарғиб-ташвиқ этишимиз зарур.

Мамлакатимиздаги барча ҳамкасбларимни касб байрамлари билан қутларканман, демоқчиманки, адолат ва халқчиллик ҳамиша шиоримиз бўлсин, ҳар гал қўлга қалам олаётганда хаёлимизда,юрагимизда Ватан турсин, шу меҳнаткаш ва камтарин халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб ёзайлик.

Абдужалол ТАЙПАТОВ,

«Йилнинг энг фаол журналисти – 2020» танлови ғолиби.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган анъанавий «Йилнинг энг фаол журналисти» танловида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - «Сиёсат ва янгиликлар» таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари, Абдужалол Тайпатов ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳоли маънавияти масалаларига бағишланган «Андишанинг оти нима ёхуд маънавият ҳақида айрим мулоҳазалар», «Мен англаган ҳақиқатлар» каби таҳлилий материаллари учун ғолиб деб эълон қилинди.

Агентлик жамоаси номидан устоз журналист Абдужалол Тайпатовни табриклаймиз!

6 093
ЎзА