Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.05.2018 12:35 Чоп этиш версияси

Халқлар дўстлигининг чинакам куйчиси

Миртемир таваллудининг 108 йиллигига

Кўзингни ўйнатма, кулма, қарама,
Нозли нигоҳларинг керакмас сенинг.
Боғлаб оларман, деб энди ўйлама…
Тортган у «оҳ»ларинг чин эмас сенинг.

Кўп кунлар судрадинг тусмол йўлларда,
Мен-да тилсизларча эргашдим-кетдим.
Адашган эканман, билсам, чўлларда,
Мана эндиликда тушуниб етдим…

Тушундим: у тотли хаёллар – хаёл,
Алданмас бу юрак ширин сўзингга.
Йўқол, эй алдамчи, ёндашма, йўқол,
Термулиш йўқ энди орсиз юзингга!

Жилмайма, қарама, сўзлама менга,
Эски афсонани куйлама менга…

Ўтган асрнинг 70-80-йилларида жўшиб ижод қилган Асқад Мухтор, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева каби шеърият заргарлари сафида ўзининг ана шундай қалб торларини чертувчи сатрлари билан халқимиз қалбидан жой олган ижодкор Миртемир ҳам бор.

1910 йил 30 майда Туркистон ўлкасида туғилган, болалиги ва ўсмирлиги Туркистон адирларида, ўзбек тили ва урф-одатларини асл ҳолда сақлаб келаётган иқонликлар бағрида ўтган Миртемир Турсунов ўзбек халқининг ХХ асрдаги миллий шоирларидан бири сифатида эътироф этилади.

У 1919-1920 йилларда эски мактабда таълим олгач, Тошкентга келиб 1920-1929 йилларда Алмаий номидаги намуна иш мактаби ва Ўзбек эрлар билим юртида таҳсил олади. Ушбу билим юртини тамомлаб, Ўзбекистон давлат педагогика академиясида ўқийди.

1928 йилда шоирнинг илк шеърлар тўплами – «Шуълалар қўйнида» нашр қилинади. Китоб миллий ўзбек шеърияти учун янги жанр – сочма (насрий шеър) жанрида ёзилган эди. Унда Ватан мадҳи, меҳнат гашти ва замондошларнинг маънавий дунёси асосий мавзу сифатида тараннум этилади. Шундан сўнг, шоирнинг «Зафар», «Қайнашларим» ва «Бонг» шеърий тўпламлари чоп этилади, «Барот», «Хидир», «Дилкушо», «Сув қизи», «Ойсанамнинг тўйида», «Кўзи» каби достонлар ёзади. Ижодкорнинг 1957 йилда ёзган «Қорақалпоқ дафтари» туркумидан ўрин олган «Сурат» лирик қиссаси ўтган асрнинг 60-70-йилларда ўзбек шеъриятида достон жанрига эътиборнинг кучайиши ва лирик достон жанрининг камол топишига катта таъсир кўрсатган. Пушкиннинг шеърларини, Некрасовнинг «Русияда ким яхши яшайди», Шота Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон», Абай, Махтумқули ва Бердақ асарларини ҳамда кирғиз халқ эпоси «Манас»ни ўзбек тилига таржима қилган.

Миртемир 1978 йил 25 январда Тошкентда вафот этган. Унга 2002 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени берилди.

Адабиётшуносларнинг фикрича, Миртемирнинг шеърий ижодигина эмас, ёру биродарлари, таниш-билишлари даврасида айтган фикр-мулоҳазалари, хотиралари, қизиқ-қизиқ ҳангомалари, суҳбатлари ҳамиша мароқли ва жозибали бўлган. Булар шоирнинг меҳнатга муносабатидан, одамларга меҳр-муҳаббатидан далолат берар, адолат ва ҳалоллик билан йўғрилган бўларди. Филология фанлари доктори, академик Наим Каримовнинг «Миртемир» номли китобида ёритилган шоир ҳаётидаги айрим воқеалар ўқувчида ажиб тасаввур уйғотади:

«...Кунларнинг бирида бир қорақалпоқ йигити Миртемир аканинг уйига келиб, таниқли шоир ва давлат арбоби Наврўз Жапоқовнинг жияни эканлигини, университетга ҳужжатларини топширганлигини, эртанги кун Ойбек домланинг ўғли Омон Тошмуҳамедовга тарихдан имтиҳон топшириши лозимлигини айтди. “Жуда яхши, – деди Миртемир ака, – университетга кириб, яхши тарихчи бўлгин, бўтам. Қорақалпоғистонга яхши тарихчилар керак”. “Тўғри айтажапсиз, оға, – деди йигит. – Лекин Айбек ағанинг ўғли қаттиқ аларкан имтахинди. Жардам бермасанғиз, у менди жиқитади”. Бечора Миртемир ака: “Наврўз оғанинг бир иши тушибди, бошимни эгиб бўлса ҳам Омонбекнинг олдига бориб, шу қорақалпоқ йигитга ёрдам бермасанг бўлмас. Раҳматли отанг билан дўстлиги бор эди Наврўз оғанинг”, – деб эртасига университетнинг имтиҳонлар ўтаётган биносига борибди. Бинога бўлажак талабалардан бўлак ҳеч кимни йўлатмаётган навбатчи Миртемир акани танигани учун ўтказиб юборибди. Миртемир ака Омонбекнинг қаерда имтиҳон олаётганини суриштириб топибди. Эшикни очиб, зир-зир титраб ўтирган йигит-қизларни ҳам кўрмай, тўғри Омонбекнинг олдига борибди. “Омонбек, ўғлим, бир нозик масалада келдим”, – дебди. Омонбек нозик масаланинг нима эканлигини тушуниб, Миртемир акани коридорга имлабди. Аммо Миртемир ака Омонбек худди қочиб кетадигандек, бояги “нозик масала”ни коридорга чиққунча, бояги титроқ болалар олдида айтибди-қўйибди. Хуллас, Омонбек тинчлантирганидан кейин Миртемир ака ўта савоб ишни битирган кишидек уйига хурсанд бўлиб қайтибди. Аммо орадан бир йилми-икки йилми ўтганидан сўнг, Тошкентда Жапоқов билан иттифоқо кўришиб қолиб, гап орасида жиянининг ўқишини сўраган экан, Наврўз оға ҳайрон бўлибди: қайси жиянимни сўраяпсиз, деб. Маълум бўлишича, Наврўз оғага ҳеч бир алоқаси бўлмаган йигит Миртемир акага қорақалпоқларнинг қора қалпоғини кийдириб кетган экан...»

Ўзбекистон халқ шоири Миртемир ниҳоятда машаққатли, аммо бахтиёр тақдир соҳиби бўлган инсон. У ўзбек шеъриятининг тараққиётига, адабий тилининг ривожига бебаҳо ҳисса қўшибгина қолмай, ўз ижоди, ажойиб таржима асарлари билан маданиятимизни бойитди, адабиётимизнинг қозоқ адабиёти билан дўстона алоқаларини мустаҳкамлади. Миртемир ижоди йиллар ўтгани сайин икки халқни дўстлик сари етаклайверади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 726