ЎзА Ўзбек

25.03.2019 Чоп этиш версияси

Халқ чолғулари, миллий рақс ва ёш мақом ижрочилари ўртасида кўрик-танлов ўтказилади

Халқ чолғулари, миллий рақс ва ёш мақом ижрочилари ўртасида кўрик-танлов ўтказилади
Президентнинг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 20 март куни Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ чолғулари ижрочилари”, Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” ва Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” республика кўрик-танловларини ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда Маданият вазирлиги кўрик-танловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул этиб белгиланган.

Танловларда Ўзбекистон Республикасидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлари, шу йўналишдаги академик лицейлар ўқувчилари, олий таълим муассасаларининг талабалари ҳамда ўқитувчилари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ўқитувчилари, бадиий ва ижодий жамоаларнинг созандалари, раққосалари, хонандалари ҳамда эркин ижодкорлар иштирок этиши мумкин.

“Халқ чолғулари ижрочилари” кўрик-танлови шу йўналиш бўйича ижод қилиб келаётган ижрочилар ўртасида республика миқёсида 2019 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта июнь ойида ўтказилади.

Танловда 17 ёшдан 35 ёшгача бўлган талабгорлар иштирок этиш имконига эга.

Ушбу танлов халқ чолғуларида ижрочилик санъатини янада юксалтириш, моҳир ижрочиларни кашф этиш, миллий саньатимизни дунё саҳналарига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ҳамда улар ижодини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Танлов қуйидаги 7 йўналиш бўйича ўтказилади:

най, қўшнай, баян, аккордеон

чанг, доира-ксилофон

рубоб-прима, қашқар рубоб

афғон рубоб, дутор бас

дутор (дутор прима), танбур

ғижжак, ғижжак альт

ғижжак қобуз бас, ғижжак қобуз контрабас. 

Ғолиблар ҳар бир йўналиш бўйича диплом, статуэка ва қуйидаги миқдордаги пул мукофоти билан тақдирланади:

I ўрин – энг кам иш ҳақининг 40 баробари миқдорида пул маблағи

II ўрин – энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида пул маблағи

III ўрин – энг кам иш ҳақининг 20 баробари миқдорида пул маблағи.



Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” кўрик-танлови шу йўналишида ижод қилиб келаётган раққосалар ўртасида республика миқёсида 2019 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта октябрь ўтказилади.

Танловда 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган раққосалар иштирок этиши мумкин.

Танловнинг асосий мақсади миллий рақс санъатини янада ривожлантириш, уни юксак даражага кўтариш ва дунё саҳналарига олиб чиқишдан иборат. Бундан ташқари, истеъдодли миллий раққос ижрочилари, балетмейстерларни кашф этиш, рағбатлантириш ва уларнинг ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда “Устоз-шогирд” анъанасини тиклаш ва ривожлантириш асосида миллий рақс ижрочилари учун замонавий рақс мактабларини яратиш кўзда тутилган.

Танлов миллий рақс ижрочилиги йўналиши бўйича ўтказилади. Иштирокчиларининг ижро дастури якка ижро тарзида намойиш этилади.

Ғолиблар ҳар бир йўналиш бўйича диплом ва статуэтка ва қуйидаги миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади:

I ўрин – энг кам иш ҳақининг 40 баробари миқдорида пул маблағи

II ўрин – энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида пул маблағи

III ўрин – энг кам иш ҳақининг 20 баробари миқдорида пул маблағи.



Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” кўрик-танлови шу йўналишида ижод қилиб келаётганлар ўртасида республика миқёсида 2020 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта апрель ойида ўтказилади. 

Танловда 17 ёшдан 35 ёшгача бўлган халқ чолғулари ижрочилари ва мақом хонандалари иштирок этиши мумкин.

Танловнинг асосий мақсади ўзбек мусиқа ижрочилиги маданиятини янада юксак даражага кўтариш, миллий мақом санъатини дунё саҳналарига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни кашф этиш, рағбатлантириш ва уларнинг ижодини тарғиб этишдир.

Асарлар иштирокчилар томонидан ёддан ижро этилади.

Танлов қуйидаги 9 йўналиш бўйича ўтказилади:

мақом хонандалиги: – аёл овоз

мақом хонандалиги: – эркак овоз

най, қўшнай, сурнай ижрочилиги

чанг, қонун ижрочилиги

қашқар рубоби, уд ижрочилиги

дутор, танбур, сато ижрочилиги,

ғижжак ижрочилиги

доира, ноғора ижрочилиги

мақом ансамбли.

Танлов ғолиблари ҳар бир йўналиш бўйича диплом ва
статуэтка ва қуйидаги миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади:

а) мақом хонандалиги ва анъанавий чолғу ижрочилиги бўйича (8 та йўналиш)

I ўрин – энг кам иш ҳақининг 40 баробари миқдорида пул маблағи,

II ўрин – энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида пул маблағи

III ўрин – энг кам иш ҳақининг 20 баробари миқдорида пул маблағи.

б) мақом ансамбли бўйича (1 та йўналиш)

I ўрин – энг кам иш ҳақининг 70 баробари миқдорида пул маблағи

II ўрин – энг кам иш ҳақининг 60 баробари миқдорида пул маблағи

III ўрин – энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул маблағи билан тақдирланади.

6 692
ЎзА