ЎзА Ўзбек

24.07.2020 Чоп этиш версияси

Халқаро юристлар учун хорижий тиллар қанчалик муҳим?

Халқаро юристлар учун хорижий тиллар қанчалик муҳим?

Бугунги кунда юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар юқори билимли, малакали, кенг дунёқараши билан жаҳон стандартларига тўла жавоб берувчи кадрлар тайёрлашни тақозо этмоқда.

Айнан шу маънода мамлакатни ҳуқуқий жиҳатдан модернизация қилишга, халқаро талабларга жавоб бера оладиган юридик кадрларни тайёрлашга қаратилган қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётир. Юридик таълим ислоҳотлари бўйича яратилган мавжуд тизимни республикада ўтказилаётган демократик ва ҳуқуқий янгиланишлар, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг юксак талабларига мослаш ҳамда замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилмоқда.

Бу борадаги амалий ишлар, олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар Тошкент давлат юридик университети фаолияти самарадорлигига ҳам ўз ижобий таъсирини кўрсатаётир. Университетимиз жамоаси яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда келажагимиз эгалари бўлган ёшларга замонавий, халқаро талабларга жавоб бера оладиган, сифатли таълим беришга интилмоқда. Бу борада халқаро даражада кўзга кўринган олийгоҳлар ва бошқа халқаро ташкилотлар, етакчи мутахассис ва олимлар билан самарали ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, халқаро даражадаги юридик кадрларни тайёрлашда хорижий тилларни пухта ўргатиш муҳим масалалардандир. Aйниқса, замон шиддат билан ривожланиб бораётган бир пайтда, глобаллашув жараёнида ҳар қандай йўналишдаги кадрлар учун хориж тилларини билиш долзарб аҳамият касб этади. Бўлажак юристлар учун эса хориж тилларини билиш янада аҳамиятли бўлиш билан бирга, ҳар томонлама қулай ва замон талаби бўлиб қолмоқда. Тан олиш керакки, ҳозирда юртимиздан жаҳон арбитражларида маҳорат билан ўз позициясини билдира оладиган малакали юристлар деярли етишиб чиққани йўқ. Давлатимиз хориж судларида ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун кези келганда хориж юристлик консалтинг фирмалар ёрдамига таянишга мажбур бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, яқинда Тошкент давлат юридик университети, умуман юртимизнинг олий юридик таълим йўналишида катта қадам ташланди.

Бу борада халқаро тажрибани ўрганадиган бўлсак, турли хил ёндашувларни кўрамиз. Масалан, Канадада юрист (адвокат) бўлиш учун бир қатор талаблар ва шартлар мавжуд. Хусусан, исталган бир соҳада яхши баҳолар билан тўлдирилган бир бакалавр унвонини олиш, ҳуқуқ факультети (Канада ва AҚШда кўпинча ҳуқуқ факультети эмас, балки «ҳуқуқ мактаби» – “lаw sсhооl” деб аталадиган ўқиш жойлари)га қабул қилиниш, ҳуқуқ факультетларига кириш учун мажбурий бўлган “Law School Admission Test” (LSAT) имтиҳонидан юқори балл олиш, ҳар бир топширилаётган ҳуқуқ факультетининг керакли ҳужжатларини тўлдириш ва ҳужжат топшириш харажатларини (“application fee”) тўлаш, ҳужжатларни белгиланган муддатгача (“deadline”) топширишга улгуриш, ҳуқуқ факультетини яхши баҳолар билан битириш, тўртинчидан, адвокатлик синовларини (“Barrister Examination” va “Solicitor Examination”) муваффақиятли топшириш, адвокатлик фирмасида, корхоналарнинг ҳуқуқий бўлимида ёки давлат идораларининг ҳуқуқий бўлимларида 10 ойлик амалиётни муваффақиятли тугатиш лозим. Шунингдек, адвокатлик амалиёти, лицензия ва суғурта тўловларини вақтида тўлаш, адвокат қасамёдини қабул қилиш маросимида шахсан қатнашиб, қасамёд қабул қилиш ва адвокатлик лицезиясини қабул қилиб олиш, камида 2 та хориж тилини пухта билиш шулар жумласидандир.

Айни пайтда мамлакатимизда юридик таълим соҳасида ёшларнинг инвестиция ва тижорат фаолиятида халқаро ҳуқуқ асосларини ўзлаштиришини, халқаро хусусий, тижорат ҳуқуқи, халқаро арбитражнинг моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини амалда қўллаш, илғор адвокатлик техникаси, активларни халқаро қидириш ва уларни қайтариш техникаси, халқаро тергов қилиш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш соҳасида ўқитишни таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Тижорат арбитражи соҳасидаги халқаро юридик амалиётни, мамлакатларнинг ҳуқуқий позициясини ишлаб чиқиш ва уни ҳимоя қилишнинг замонавий тенденцияларини тизимли асосда ўрганиш ҳамда халқаро арбитраж иш юритувини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш соҳаларида процессуал ҳужжатларни тайёрлаш, ҳуқуқ ва халқаро шартномалар нормаларини талқин қилиш кўникмалари такомиллаштирилаётир. Шу ўринда қайд этиш жоизки, бугунги кунда юридик университетда ўқув жараёни дунёнинг кўпгина мамлакатларида амалда бўлган ва ўзининг қулайлиги ҳамда самарадорлиги билан тан олинган ўқитишнинг модуль тизимига асосланиб амалга оширилмоқда. Мазкур тизимда ўқув жараёнининг асосий мазмуни, талабаларда мустақил таълим олиш қобилиятини ривожлантириш, уларнинг ўз соҳаси йўналишларига қизиқишларидан келиб чиқиб, ўқув фанларини танлаш имкониятини бериш ва мустақил таълим олишини таъминлаш учун тўлақонли ўқув адабиётларини яратишни назарда тутади. Юридик таълимнинг устувор йўналишлари бўйича талабаларни фундаментал базавий, шунингдек, амалий касбий тайёргарлигини таъминлайдиган дастур ва ўқув режалар асосида ўқитиш зарур. Шунинг учун университетнинг фанлар юзасидан ишчи ва ўқув дастурлари Германия, Францийа, Буюк Британия, шунингдек, Япония давлатлари тажрибасини ўрганиш асосида оптималлаштирилган бўлиб, ўқитишнинг замонавий шакл ва методлари, педагогик, ахборот-коммуникация, инновацион технологияларни қамраб олади. Шу билан бирга, ўқув жараёнига юристларнинг билим, кўникма ва малакасини шакллантиришга қаратилган мутлақо янги фанлар киритилганлигини қайд этиш жоиз. Жумладан, Юристнинг ёзма нутқи, Илмий-тадқиқот фаолият, Юристлар учун хорижий тил ва ҳоказо. Шунингдек, Давлат-ҳуқуқий фаолият, Жиноий-ҳуқуқий фаолият, Фуқаролик-ҳуқуқий фаолият, Тадбиркорлик-ҳуқуқий фаолият (Бизнес ҳуқуқи), Халқаро-ҳуқуқий фаолият каби бешта соҳа мутахассисликлар доирасида махсус фанларни инглиз тилида ўқитиш амалиёти ҳам йўлга қўйилди. Бу келгусида ўз натижаларини бериши шубҳасиз.

Дарҳақиқат, халқаро даражадаги малакали юрист бўлиш учун, хорижий юридик компаниялари, халқаро арбитраж иш юритувида иштирок этиш имкониятини қўлга киритиш учун хориж тилларини мукаммал билиш ўта муҳимдир. Мамлакатимиз ҳар бир соҳада дунёга юз тутаётган бир пайтда халқаро майдонда юридик нуқтаи назардан миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишга қодир, жаҳон арбитражларида маҳорат билан ўз позициясини билдира оладиган малакали юристларни тайёрлаш давр талаби. Бу эса, ўз навбатида, асосий мутахассислиги билан бирга хориж тилларини ҳам мукаммал биладиган юридик кадрлар етишиб чиқишини тақазо қилади. Шундай экан, юридик таълим соҳасида хориж тилларини, айниқса, инглиз тилини мукаммал ўқитиш, ёшларга бу имкониятни янада кенгайтириш долзарб аҳамиятга эга.

Дилсўз ЗОЙИРОВА,
ТДЮУ Тил ўргатиш кафедраси ўқитувчиси.

7 158
ЎзА