Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.11.2016 19:29 Чоп этиш версияси

Халқаро санъат фестивали давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизда ўтаётган “Олтин куз” халқаро санъат фестивали доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам турли маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат мусиқали театрида намойиш этилган концерт дастурида “Айқулаш жулдузлари”, “Аму тўлқини” ансамбллари, “Гулзор” фольклор-этнографик ансамбли, “Шуғла-энерго” фольклор-ҳаваскорлик жамоаси иштирок этди. Улар ижросидаги миллий мумтоз қўшиқлар томошабинларда катта таассурот қолдирди. Концерт сўнгида санъатшунос олимлар мазкур қўшиқларнинг яратилиш тарихи, уларнинг мазмун-моҳияти ва халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

Мазкур санъат фестивали ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда санъатга қизиқишни оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

– Ушбу санъат ва маданият тадбиридан кўзланган асосий мақсад миллий ва жаҳон санъати дурдоналарини асраш, миллий театр ва мусиқа санъатимизни кенг тарғиб этиш, санъат ва маданият орқали ёшларнинг маънавиятини янада бойитишдан иборат, – дейди Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Бегис Темирбоев. – Тадбир доирасида қорақалпоғистонлик бир гуруҳ санъат усталари, эстрада хонандалари Хоразм вилоятида бўлиб, ўз дастурларини намойиш этди.

Фестиваль доирасида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар давом этмоқда. Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри ижодий жамоаси Қўнғирот туманида, Устюрт газ-кимё мажмуасида, Мўйноқ тумани овулларида бўлиб, “Асл хазина”, “Жайдари келин” спектаклларини намойиш этди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
6 276