ЎзА Ўзбек

22.04.2019 18:11:36 Чоп этиш версияси

Халқаро ислом академияси билан Истанбул университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди


Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Шуҳрат Ёвқочев раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси ташриф билан Туркия Республикасида бўлиб турибди.

Ташрифдан мақсад Туркиянинг диний таълим тизими билан яқиндан танишиш, имом-хатиблар малакасини ошириш йўналишларида тажриба алмашишларни ташкил этишдан иборат.

Мамлакатимиз делегацияси аъзолари 22 апрель куни Истанбул университетининг Илоҳиёт факультетида бўлиб ўтган учрашувларда иштирок этди, университет фаолияти, таълим тизими билан яқиндан танишди.

photo5902264339178565969.jpg

Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан Истанбул университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мамлакатимиз қадим тамаддунга бешик диёр. Бу заминдан етишиб чиққан алломалар илмий мероси замонавий илм-фан ривожи учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шу боис ҳам улар ҳаёти ва бебаҳо илмий меросини тадқиқ қилишда нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда қизиқиш катта.

Ўзбекистон делегацияси Туркияга ташрифи доирасида мамлакатимиз институт ва музейлари фондида сақланаётган нодир асарларни тадқиқ қилиш ва уларни сақлаш борасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун Туркия қўлёзма асарлари ташкилотида ҳам бўлди. Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси манбалар хазинаси билан соҳада тажриба алмашишлар, қўлёзма асарларни сақлаш ва тиклаш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мамлакатимиз делегациясининг ўзаро манфаатли ва фойдали битимларга бой бўлган Туркия сафари давом этмоқда.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланди.