ЎзА Ўзбек

08.07.2019 Чоп этиш версияси

Халқаро фольклор фестивали чорлайди

Халқаро фольклор фестивали чорлайди
Барҳаёт анъаналар

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида жорий йилнинг 11-13 июль кунлари Марғилон шаҳрида бўлиб ўтадиган "Буюк ипак йўли" халқаро фольклор санъати фестивалига тайёргарлик жараёнига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ва бошқалар мамлакатимизда миллий мусиқий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш масаласи Президент Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади. Юртимизда миллий санъатни равнақ топтириш борасидаги эътибор натижаси ўлароқ, эндиликда ҳар икки йилда бир марта Марғилон шаҳрида "Буюк ипак йўли" халқаро фольклор санъати фестивали ўтказилиши кўзда тутилмоқда. 

Ушбу фольклор байрами миллий мусиқий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда тарғиб этиш, бу йўналишда ижод қилаётган ижрочиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, фаолиятини кенг жамоатчиликка тарғиб этиш, маданий-маърифий алоқаларни халқаро миқёсда янада ривожлантириш каби мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир. 

Фестиваль доирасида илмий-ижодий конференция, давра суҳбатлари, сайллар, концертлар, кўргазмалар ташкил этилади. Ранг-баранг ҳаваскор бадиий фольклор жамоалар, ашула ва рақс ансамбллари, яккахон ижрочиларнинг дастурлари мусиқа ихлосманлари эътиборига ҳавола этилади. 

Санъат байрамида Эрон, Ҳиндистон, Франция, Россия, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Мўғулистон ва бошқа давлатлардан фольклор жамоалари қатнашиши кўзда тутилган. Юртимиздан эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан "Сувсепар", "Ёр-ёр", "Саҳро саболари", "Кармана", "Гулдиёр", "Бешқарсак", "Бойсун", "Чавқи", "Деҳқон болалари", "Наврўз", "Чодир жамол", "Жўралар", "Кабутар", "Воҳа" ва бошқа жамоаларнинг чиқишлари кутилмоқда. Улар ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос либослари, анъана ва урф-одатлари, қадимий куй-қўшиқларини томошабинлар эътиборига ҳавола этади. 

Фестивалда қўшиқчилик санъати (алла, ўлан, лапар, терма, маросим қўшиқлари, халфачилик ва бошқа йўналишларда), рақс санъати (турли ҳудудларга хос рақс санъати), қадимий миллий фольклор чолғучилик санъати (миллий мусиқа чолғуларида куй-қўшиқлар ижроси) каби номинация бўйича ижодий танлов ўтказилади. 

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

3 319
Н.УСМОНОВА, ЎзА