ЎзА Ўзбек

13.08.2019 Чоп этиш версияси

Халқаро фестивалга Сирдарёдан 60 нафар ҳунарманд боради

Халқаро фестивалга Сирдарёдан 60 нафар ҳунарманд боради

Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида биринчи маротаба ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига қатнашиш учун Сирдарё вилояти ҳунармандлари ҳам қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Ушбу фестивал олдидан Гулистон шаҳридаги “Ватан” тантаналар мажмуасида “Мен Қўқонга бораман” шиори остида вилоят ҳунармандларининг маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда вилоятда фаолият юритаётган ҳунармандлар ўзлари яратган, миллий минталитетимизни ўзида яққол намоён эта олган турли маҳсулотлари билан қатнашди.

Ҳунармандчилик Сирдарё учун кенжа аммо жадал ривожланаётган соҳалардан биридир. Қўқондаги тадбирга 60 нафар сирдарёлик турли тақинчоқлар, ёғоч ўймакорлиги, зардўзлик, миниатюра, ҳайкалтарошлик, матоларга гул босиш, болажонлар саломатлиги учун хавфсиз бўлган юмшоқ ва қаттиқ қўғирчоқлар, кундалик эҳтиёж моллари, эркак, аёл ва болалар миллий либос ва оёқ кийимлари, бешик, пичоқ, обдаста, уй-рўзғор, ошхона жиҳоз ва буюмлари каби 400 га яқин маҳсулотлари билан иштирок этади.

photo5373237519224777498.jpg

Қўқон шаҳрида ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига ҳозирлик кўраётган ҳунармандлардан бири Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи Раъно Азимбоева фаолиятини оддий металлардан миллий услубда тайёрланган тақинчоқлар ясаш билан бошлаган.

Бугунги кунда ҳунарманд-тадбиркор шаҳар аҳолиси ва ижтимоий соҳа муассасалари учун кийим-кечаклар, кўрпа-ёстиқ ва ётоқ жилдликлар ишлаб чиқармоқда. У ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, мавжуд технологик тизимни бугунги давр талабига жавоб берадиган даражада ушлаб туриш мақсадида Тошкент шаҳридан 36 миллион сўмлик ускуна ва жиҳозлар келтириб, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Натижада корхона ташкил этилган даврда 10 хил турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунга келиб маҳсулот турлари 20 хилга етди. Кичик корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш мақсадида корхона қошида битта савдо дўкони фаолият юритмоқда.

Ишлаб чиқариш жараёнларида сарф этиладиган электр энергиясини иқтисод қилиш мақсадида тежамкор тикув машинкаларидан фойдаланиб келинмоқда. Натижада кийим-кечаклар, кўрпа-ёстиқ ва ётоқ жилдлари маҳсулотларини ишлаб чиқаришга сарф этиладиган электр энергия миқдори қарийб 2 баробарга иқтисод қилинмоқда.

photo5373237519224777497.jpg

– 25 йилдан буён ҳунармандчилик билан шуғулланаман, – дейди Раъно Азимбоева. – Бу йил биринчи маротаба Қўқон шаҳрида ўтадиган халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этаман. Ясаган ҳунармандчилик маҳсулотларимиз оилавий корхонамиз томонидан металл буюмлардан ясалган турли тақинчоқлар, кийим-кечаклар, кўрпа-ёстиқ ва ётоқ жилдликлари ўзимизнинг фирма дўконида сотилмоқда. Бундан ташқари, турли ижтимоий соҳа муассасалари буюртмаларини ҳам тикиб тайёрлаб беряпмиз. Бу ҳунар менга ота мерос. Худога шукур, ана шу ҳунар ортидан рўзғоримда қут-барака, оиламизда тинч-тотувлик, хотиржамлик бор. Бу ҳунарни фарзандларимизга ҳам ўргатаяпмиз.

Жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивали ажратиладиган жойга Сирдарёнинг диққатга сазовор жойлари, обидалари акс эттирилган декорациялар ўрнатилиши, миллийликни ўзида акс эттирган вилоят санъаткорларининг саҳналаштирилган бадиий чиқишларини ташкил этиш бўйича ҳам қизғин тайёргарлик кўрилаётир.

3 516
А.ҚАЮМОВ, ЎзА