Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 16:59 Чоп этиш версияси

Халқ қалбига йўл топиш – ижодкорларнинг олий мақсади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир» номли маърузасини тинглаб...

Ҳақиқий ижодкор эл-юрти ташвишини ўз муаммоси, шу йўлда хизмат қилишни ҳаёт мазмуни, деб билади. Ижодкор зотининг табиати бироз нозик бўлади: эътибор ва рағбатдан кўнгли кўтарилади, қалб қабатида туйғулар, онг, фикр ҳам юксалади.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувидаги маърузасини тинглаб, шулар хаёлимга келди. Бир неча марта қувонч, ҳаяжон, шукроналик ёши келди кўзимга! Элнинг дардини, қувончу ташвишларини ўзиники, деб билган ижодкоргина юраклардан жой олади.

Миллий адабиётимиз ҳам том маънода янгиланиш ва юксалиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов адабиётга эътиборни – маънавиятга, келажакка эътибор, деб билди. Бу жараёнда ёзувчи-шоирларимиз ҳам ўтиш даври қийинчиликларига қарамай, ўз ижодига, қалб амри билан танлаган касбига содиқ қолиб, миллий ўзлигимизни англаш, халқимиз онгу тафаккурини ўзгартириш, маънавий қадриятларимизни тиклаш ва юксалтириш йўлида хизмат қилиб келмоқда.

Истиқлол йилларида адабиётимизга эътибор кун тартибидан тушгани йўқ, десак бўлади. Биргина мисол. 2010 йилдан буён Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” фонди томонидан “Биринчи китобим” сериясида 73 номда, жами 1 миллион 220 минг нусхада ёш ижодкорларнинг китоблари нашр этилди.

Давлатимиз раҳбари «шу ўта муҳим йўналишдаги ишларимизни бундан кейин ҳам қатъият ва изчиллик билан давом эттирамиз», деди. Бу борада ижодкорлар қалбига йўл топиб, энг тўғри йўналишни кўрсатди: «Бугун биз “ижодкорларимиз ишламаяпти”, деб сизлардан, сизлар эса “давлат ёрдам бермаяпти”, деб бизлардан гина қилиб ўтиришимизнинг мавриди эмас. Келинглар, бугун ўз олдимизга “Ким айбдор?” деб эмас, “Ким нима қилиши керак?” деган савол қўяйлик».

Давлатимиз томонидан ижодкорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароит ва имкониятларга эътибор берайлик: Адиблар хиёбони ҳудудида Ёзувчилар уюшмаси учун алоҳида бино қуриляпти, ушбу янги бинода “Ижод” жамоат фонди, “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока”, “Ёшлик” журналлари ҳам жойлашади; бу ҳудудда Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида кўп қаватли 2 уй барпо этилади; яқин келгусида Зомин ва Паркент туманларининг сўлим ва хушманзара, илҳомбахш ҳудудларида ижодкор зиёлиларимиз учун замонавий ижод уйлари – коттежлар қурилиши режалаштирилмоқда; Олий адабиёт курси тикланмоқда; Ўзбекистон ёш ижодкорлари семинари ташкил этилади; қалам ҳақи оширилади...

Хўш, энди биз ижодкорлар бунга жавобан нима ишларни амалга оширишимиз керак?

Аввало, ғоявий-бадиий жиҳатдан саёз асарларнинг халққа тақдим этилишига чек қўйсак, айни муддао бўларди. Ижодий уюшмаларнинг ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланса, «устоз-шогирд» анъаналарини давом эттирсак, яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдалансак, албатта, бу юксак эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўламиз. Жаҳон маданияти, илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз билан фахрланибгина қолмай, уларнинг бой меросини, ҳаёти ва фаолиятини, тарихимизнинг нодир саҳифаларини адабий-бадиий асарлар, кино санъати орқали дунё аҳлига муносиб тарғиб этиш жуда муҳимдир.

Кино, театр асарлари ва бошқа йўналишлардаги санъат асарларининг ўзагида адабиёт туради. Лекин бугун баъзи режисёр ёки қўшиқчилар ўзи сценарий ёхуд қўшиқ матнини ёзиб, шу мазмун-матрасиз матн асосида фильм ёки қўшиқларни кетма-кет чиқармоқда. Бундай “асарлар” маънавиятимизга, ёшлар тарбиясига, савиясига путур етказувчи зарарли тарғибот воситасига айланиб қолмоқда. Демак, бу масалада ҳам катта ижодкорларимиз жиловни қўлга олишлари керак.

Президентимиз озодлик ва эрк куйчиси Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса, миллат яшар” деган ўлмас сўзларини келтириб, жаҳолатга қарши маърифат билан жавоб бериш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканини яна бир бор таъкидлади. Дарҳақиқат, адабиёт ҳаётимизни, халқимиз характерини, портретини акс эттирувчи ойина экан, ёшларни қандай қилиб адабиётсиз, китобсиз тарбиялашимиз мумкин? Бугун китобхонликни кучайтириш давлат сиёсатига айланди. Бу борада жорий йил бошида Президентимиз фармойиши қабул қилинди. Буюк тарихимиздан, дунёга машҳур ажодларимизнинг оламшумул ишларидан, оддий меҳнаткаш халқимизнинг улуғ мақсадларидан фахрланиш ва уларга муносиб бўлиш ҳиссини ёшлар қалбига бадиий асарлар орқали сингдиришимиз керак.

Андижон вилоятида Муҳаммад Юсуф номидаги бир юз эллик ўринли ёш ижодкорлар мактаби бу йил фойдаланишга топширилади. Шоир номида барпо этилаётган хиёбонга унинг ҳайкалини ўрнатиш, шоирнинг ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи музей ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу маскан келажакда халқимиз ва ёш авлод учун энг файзли маданият ва маърифат марказларидан бирига айланиши шубҳасиз.

Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил вилоятимиз аҳли учун Бобур йили деб эълон қилинди. Шу кунларда Андижон шаҳрининг Боғишамол ҳудудидаги “Боғи Бобур” дам олиш масканида улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари авжида. Бобур номи билан боғлиқ қадамжоларни нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик меҳмонлар учун ҳам зиёратгоҳга айлантириш кўзда тутилган. Ҳар бир ташкилот, муассаса, корхоналарда улуғ шоирнинг асарларини ўқиб-ўрганиш соатлари ўтказилмоқда. Маънавият хоналари, ахборот-ресурс марказлари, янги ташкил этилган кутубхоналар шоирнинг адабий мероси билан бойитилди.

Президентимиз таъкидлаганидек, шу кунгача яратилган асарлар шахсий ташаббус, шахсий имконият асосида дунёга келди. Янги асарни китоб ҳолида чоп этиш, халққа етказиш учун маблағ қидириш оғриқ нуқта бўлиб келди. Ёзувчининг қишлоқдан пойтахтга бориб, нашриётларга, таҳририятларга учраши, мақсадларига етиб-етмай қишлоғига қайтиши ҳам Президентимиз назаридан четда эмас экан. Энди давлатимиз раҳбарининг эътибори ва шу эзгу мақсадлар учун кенг йўл очиб бераётганидан оқилона фойдаланиб, бу борадаги муаммоларга ҳам биргаликда барҳам беришимиз керак. Бунда нашриётларга берилаётган кенг имконият, имтиёз ва преференциялар ижодкорлар учун ҳам кенг йўл очади. Ишонамизки, энди ҳақиқий ижодкорлар китоб чиқариш учун ойлик маоши ёки пенсия пулини йиғиб топширишига ёки чоп этилган китобларни сотиш учун елиб-югуришига ҳожат қолмайди.

Шу ўринда етакчи ижодий ташкилотларнинг дўстлари клуби ташкил этилиши катта аҳамиятга эгадир. Жуда кўп муаммоларнинг ижобий ечими айнан маърафатпарвар ҳомийларнинг дўстлик ёрдамлари асосида ҳал этилиши аниқ кўрсатиб ўтилди. Андижонлик ижодкорлар Хоразмни, Сурхон элини ёки Қорақалпоқ юртини кўргиси, у ерда яшаётган дўстлар билан ижодий мулоқотлар қилгиси келади. Юртимиздаги жаннатмонанд сиҳатгоҳларда даволаниб қайтган, Зомин ёки Паркентда қурилаётган ижод уйларида эмин-эркин, яйраб ижод қилишга муяссар бўлган адиб яхши асарлар яратмаслиги мумкинми? Албатта, ёшларни тарбиялаш, уларга адабиёт сирларини беминнат ўргатиш доимо ҳар бир ижодкор учун бурч, масъулият ҳисобланган. Бу улуғ устозларимиздан мерос. Давлатимиз раҳбари яратиб бераётган шароитларда бундай эзгу ишларни амалга ошириш ҳар бир адиб учун чинакам бахт, юксак фахр эмасми!

Вилоятимизда 2005 йилдан буён “Бобур издошлари” адабий тўгараги жамоатчилик асосида фаолият юритади. Тўгаракнинг бағри ҳар бир ёш ҳаваскор учун очиқ. Тўгарак аъзолари Юлдузой Ўрмонова, Саидабону Абдусаломова, Ойдиной Абдумуталибова, Гўзалой Абдуллаева, Илтижо Тоштемирова Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари бўлди. Зулфира Нўъмонова, Эъзоза Обиджонова, Дилфуза Қурбонованинг “Биринчи китобим” лойиҳаси асосида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” фонди томонидан илк китоблари чоп этилди. Қатор истеъдодли ёшларимиз олий ўқув юртларини тамомлаб, катта ҳаётга, катта адабиётга қадам қўйди.

Ёшлар ичида бадиий ижодга қизиқадиганлари жуда кўп. Ҳамиша қалб амримиз бўлиб келган севимли машғулотимиз – ёшларимизга ижод сирларини ўргатиб, илк китоблари чоп этилишига ҳисса қўшиш учун тўла имкониятлар яратилмоқда. Китоблар учун маблағ ҳам ҳал этиб берилиши жуда қувончли. Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Олий адабиёт курсининг қайта ташкил этилиши ҳам ёшлар учун жуда катта имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.

Маънавий ҳаётимизни янги босқичга кўтаришда адабиётнинг, санъатнинг аҳамияти катта. Асарларимизда янги руҳ, янги изланиш бўлиши учун халқнинг дарду ташвишлари, орзу-интилишлари билан бирга яшашимиз, ҳамиша халқ билан ҳамнафас бўлишимиз лозим. Улкан бунёдкорлик ишларини, барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни, ютуқ ва марраларни бетакрор бадиий бўёқларда акс эттириш айнан биз ижодкорларнинг зиммамиздадир. Бунда зўрма-зўракиликка чек қўйиб, Президентимиз айтганидек, маданий ҳаётимизда воқеа бўладиган замонамиз қаҳрамонлари образини яратиш бугунги кун талабидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”, деган фикрни қатъият билан таъкидлади. Буюк марраларга эришиш йўлларини ҳам кўрсатиб берди бизга.

Яратган ижод аҳлига одамларни ортидан эргаштира олиш қобилияти, руҳиятга, қалбларга таъсир ўтказиш хусусиятини ато этган экан, бундан унумли фойдаланиш, жамиятга шу тарзда наф келтириш ҳам қарз, ҳам фарздир. Ахир халқининг дардию қувончига шерик бўлиш, уларнинг қалбига йўл топиш ва бу йўлда саодатга эришишдан олий мақсад борми инсонга!

Хуршида Қўчқорова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Андижон вилояти бўлими раҳбари.

ЎзА
3 579






Все о погоде - Pogoda.uz