Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 20:07 Чоп этиш версияси

Хўжа Насриддин барчани Бухорога чорлади

1 апрель куни эрта тонгдан Бухоро шаҳрининг марказий кўчалари одатдагидан гавжум ва ўзгача қиёфа касб этди. Боиси, кўҳна Арк қўрғонидан бошланиб, Лаби Ҳовуз мажмуаси ва унинг атрофини қамраб олган ҳудудда “Насриддин Афанди” ва “Шарқ таомлари” фестиваллари бўлиб ўтди.

Карнай-сурнай садолари остида бошланган тантанали байрамда миллий либослар кийган минглаб фестиваль иштирокчилари қарийб бир ярим километр масофа йўл босиб, барчани Буюк ипак йўли чорраҳасида ўтаётган қадимий шаҳар шодиёналарига чорлади.

Бухоро нафақат меъморий обидалари, балки номоддий маданий мероси, ўзига хос миллий анъаналари билан ҳам довруғ қозонган. Бинобарин, ҳудудга сайёҳларни жалб қилиш имкониятлари кенг бўлиб, улардан самарали фойдаланиш аҳамиятлидир.

Халқимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш, ёш авлод ўртасида халқ томошалари, айниқса, кулгу томошалари, фольклор, ҳажвий қўшиқчилик, тасвирий ва амалий санъат анъаналарини, халқ оғзаки ижоди қаҳрамонлари саналмиш Насриддин Афанди, Мулла Мушфиқий, Ёртиқулоқ каби донишмандларнинг зукколик, ҳозиржавоблик фазилатларини тарғиб қилиш, сайёҳларга Бухоронинг туризм йўналишидаги имкониятларини намойиш этиш, шу орқали халқлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги 2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Арк қўрғони олд майдони, “Тоқи Саррофон”, “Тоқи Телпакфурушон”, “Тоқи Заргарон” савдо мажмуаларида турли тадбирлар, дор ўйинлари, Ошиқ дароз ва Маъшуқ танноз тимсоллари ҳамда халқона услубдаги Чодирхаёл масхарабозлик томошалари шаҳарликлар ва меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди. Кўкалдош мадрасасида вилоят қўғирчоқ театри жамоасининг чиқиши намойиш этилди, Бухоро санъат музейи ёнидаги майдонда амалий ва бадиий ҳамда ҳажвий расмлар кўргазмалари ўтказилди.

Бугунги кунда воҳада ўндан зиёд фольклор-этнографик ансамбллар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг фестиваллардаги чиқиши ҳудуднинг ўзига хос этнографик қўшиқлари, урф-одатларини кўз-кўз этди.

“Насриддин Афанди” томошаларининг асосий қисми Нодир Девонбеги мадрасаси олд майдони ва Хўжа Насриддин ҳайкали ўрнатилган боғ ўртасида ўтказилди. Бу ерда Бухородаги “Афанди ШАЙ” қизиқчилар гуруҳи, пойтахтдан келган кулгу усталари, водийлик аскиячилар ва ёш ҳаваскорлар ижросидаги ичакузди ҳангомалар, қўшиқлар, театрлаштирилган томошалар халқимизнинг бетакрор кулгу санъати имкониятлари намойишига айланди.

Томошабинлар орасида хорижлик меҳмонлар ҳам кўпчилик.

– Хўжа Насриддин ҳақида жуда кўп эшитганман, – дейди италиялик сайёҳ Клавдия Росси хоним. – Мана шу майдонда ўрнатилган самимий чеҳрали, қувноқ ва ҳақгўй Хўжа Насриддиннинг ҳайкалини кўрдиму, у ҳақдаги ажойиб латифалар эсимга тушди. Қизиқчиларнинг чиқишини тилмочлар таржима қилиб берганида мириқиб кулдим. Халқингизнинг оғзаки ижоди бойлигига қойил қолдим.

Тадбир давомида томошабинлар орасида Бухоро давлат университети профессори, немис тили бўйича мутахассис Сано Саидовни учратиб қолдик.

– Донишманд, ҳар қандай вазиятдан топқирлик билан чиқа оладиган Насриддинни Ғарб аҳли ҳам яхши билади, – дейди олим. – Масалан, Германияда у ҳақдаги латифаларни кўпчилик севиб ўқийди. Буни анча йиллар олдин менинг муҳаррирлигимдаги “Афанди латифалари” китоби Германияда босилганида билган эдим. Бугунги фестивалда намойиш қилинган Насриддин Афанди тўғрисида, шунингдек, бошқа миллий ҳажвий фильмлар ҳам маданий меросимизни сайёҳлар ўртасида тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Юртимизга келган хорижликларни миллийлигимизнинг ажралмас қисми бўлган таомлар жуда қизиқтиради. Бу “Шарқ таомлари” фестивалида ҳам намоён бўлди. Тадбирда вилоят ошпазлари ўз маҳоратини намойиш этиб, улар тайёрлаган турли таомлар, айниқса, палов меҳмонларга хуш ёқди.

Фестивалда Япониянинг юртимиздаги элчихонаси ходими Масанобу Мияхара фақат меҳмон сифатида иштирок этгани йўқ. Унинг токиоча суши таомини тайёрлашда пазанда эканига татиб кўрганлар тан берди.

Тадбирда турли ширинликлар, қандолат ва карвинг санъати бўйича кўргазма ва маҳорат дарслари намойиш этилди. Моҳир қизиқчилар, рассому ошпазлар ва ўз ишининг усталари орасида аниқланган ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

Фестиваль катта концерт дастури билан якунланди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
7 368