ЎзА Ўзбек

14.05.2019 10:10 Чоп этиш версияси

Кайвони

Кайвони

Яхшилар ёди унутилмайди

Ҳаётда биз билан ёнма ён яшаётган ҳар бир инсоннинг ўз ўрни бўлади. Армон шундаки, биз айтаётган ўша “ўрин” ўша киши орамиздан кетиб, бағримиз бўшаб қолгандагина сезилади. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дейдилар буни.

Яқинда бир тўй ошига бориб, довдираб қолдик. Хизматчи йигитчалар оёғидан ўт чақнаб югуриб юришибди. Лекин очиқ чеҳра билан “Ассалому алайкум, хуш келибсизлар!” деб жой кўрсатадиган кайвони йўқ. Ўзимиз бир амаллаб жой топиб ўтиришимиз билан чой келмасидан ғириллаб ош келди. Худди: “Заҳарингга ол, е” дегандек. Шунда дўстларимиздан бири аттанг, бу ернинг Олимжон акаси йўқ экан да, деб қўйди.

Оғзимдаги луқма томоғимдан ўтмай қолди. Кўз олдимга башанг кийинган, юзидан табассуми ёғилиб турадиган Олимжон ака келди. У киши қўлларини кўксига қўйиб: “Ассалому алайкум, келсинлар, келсинлар, қадамларига ҳасанот, марҳамат!” деб меҳмонларга жой кўрсатардилар. Орада “Бир чеккадан тўлдириб олайлик а” деб ҳам қўярдилар. Кейин “чой” деб йигитларга им қоқардилар. Ўтириб, нафас ростлаб, дастурхондаги неъматлардан ким ҳохлаганича тотинганидан кейин ош келарди. Лаганлар олингач, ҳар бир даврани “Илоҳа, гўзал юртимизга кўз тегмасин” деб, дуо билан кузатардилар. Бу ўзбекона тавозе ва хуш муомилани кўрган баъзилар Олимжон ака издиҳомнинг эгасимикан, деган хаёлга ҳам бориб қоларди.

photo5391238315572832937.jpg

Дарҳақиқат, Олимжон ака хизматда бўлсалар, тўй эгаси ичкаридан кўнгли хотиржам бўлиб, бемалол келди кеттига қарарди. Ҳайрон қоларлиги шундаки, у киши учун одам кутишда юзтами, беш юзтами фарқи йўқ эди. Улкан издиҳомни бамисоли дирижёрдек бошқарарди. Бош бармоқ чойни, қолган бармоқлар эса нечта ош кераклигини англатарди. Яна энг ҳайратланарлиси, меҳмонларни кимни ким билан, қаерга ўтқазишни ҳам билардилар. “Уйқини ҳаром қилиб, тонг саҳарлаб тўйга бордингми, ошни табиатинг суйган одам билан еганга нима етсин ” деган шиорлари бор эди. Айниқса, юрт кўзидаги таниқли одамлар ва домла- имомларга жуда ҳушёр эдилар. Тўрдан саноқли ўринларни захирада маҳкам ушлаб турарди. Бундай кишилар Олимжон ака бор жойда ҳеч қачон пойгакка тушиб қолмасди. Уларни шундай кутиб олиб, шундай кузатардилар-ки, гўё бутун издиҳом кутиб олиб, бутун издиҳом кузатгандек бўларди. Ҳолатни кузатиб турган киши “Оҳ, шарқона одатларингдан ўргилай, она юртим” деб юборарди. Бирон бир йиғин қиладиган бўлса, Олимжон акани таклиф қилишни кўнглига тугарди. Ўзим гувоҳман, у кишини сўраб, кун бўйи тез тез қўнғироқлар бўлиб турарди. 

Бир куни Тошкент шаҳар имом-хатиби, жойлари жаннатда бўлсин, Анвар қори домла жума намозидан кейин мени йўқлатиб:

– Сиздан илтимос, Олимжон аканинг уйларида бирор йиғин бўлса, мени хабардор қилиб қўйинг, – дедилар.

Ҳайрон бўлдим, домланинг Олимжон аканинг уйларидаги йиғин билан боғлиқ нима иши бўлиши мумкин. Аммо буни Олимжон акага айтмай, фурсат бўлишини кутиб юрдим. Айтмаганим, у киши домла билан фақат издиҳомлардагина учрашарди. Муроджон Мансуровдек, Аҳрор Аҳмедовдек яқин бўлиб кетмаган эдилар. Шунга ҳайрон бўлмасинлар, дедим. Шундай бўлдики, Олимжон ака уйларида яқинларига ифторлик берадиган бўлдилар. Куни аниқ эди. Шунга олдин Анвар қори домлага қўнғироқ қилиб, ифторлик кунини айтдим.

– Бошқа ифторликка бормасам ҳам, шу ифторликка бораман, – дедилар Анвар қори ўзгача бир иштибоҳ билан.

Бу самимий жидди жаҳддан янада ҳайратга тушдим. Ўйлаб, барибир, ўйимга етолмадим. Ахир, у кишини минг бор узр айтиб, вақтлари борми йўқлигини билиб, кейин амру маърифларга таклиф қилардик да. Олим аканикига бўлса, ўз ташаббуслари билан боряптилар. Биламан, рамазон ойида ҳар куни бир эмас, бир нечта жойга таклиф қилинган бўладилар. Воқеани Олимжон акага айтсам:

– Ҳазиллашмаяпсизми, ростдан келарканларми, мен маҳалламиз имоми Равшан қорини айтиб қўйган эдим ку, – дедилар шошиб.

– Ташвиш қилманг, Равшан қори у кишининг шогирди бўлади, устоз шогирд бир бирларини кўриб, хурсанд бўлишади, кейин келишларининг сабабини сўраш ноқулай бўлди да , – дедим.

– Унда ифторликка ўзим бориб айтиб келаман, одатда шундай бўлади ку, ахир, – дедилар Олим ака.

Бу билан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “айтилган жойдан қолманг, айтилмаган жойга борманг” мазмундаги ҳадисларига ишора қилган бўлдилар.

– Яхши қиласиз, ҳурматлари, – дедим мен. 

Балки ташрифларининг боиси кўришганларидан кейин ҳал бўлиб қолар, деган ўйим ҳам бор эди.

Анвар қори келдилар. Қисқагина, чиройли амри маъруф қилдилар.

– Одамлар йиллар мобайнида пул тўплаб, тўй оши берадилар, ўтганларга маърака қиладилар. Олимжон ака эса ўша издиҳомларга ўзларининг чиройли ҳизматлари билан қут барака киритиб юборади. Ўҳ ў, бу осон иш эмас. Олимжон акадек ўзбекларга хос одам кутиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Олимжон акада Худо берган қандайдир туғма талант бор. Мен шунинг ҳурматидан эҳтиромимни атайлаб билдириб қўяй деб келдим, – дедилар-да ўзлари яхши кўрган одми, аммо ҳайит кунлари киядиган чопонни ҳадя қилдилар.

Бу Анвар қори домланинг эл хизматидаги оддий бир кайвонига билдирган ҳурмати ва лутфи эди. Ҳа, зар қадрини заргар билади, қабилида бир иш бўлган эди, ўшанда.

Албатта, Олимжон акага ўхшаган, ўзбекона қадриятларимизни ўрнига қўядиган, бошқаларга ибрат бўладиган кайвони, яъни кўпни кўрган, кўп нарсани биладиган кишиларнинг дорилфунуни йўқ. Улар ҳалқимиз орасидан, маҳаллаларимиздан етишиб чиқадилар. Олимжон аканинг оталари Ҳаким бойвачча урушга кетиб, қайтиб келмади. Опаси, синглиси, укаси, ўзи дўппидўз онанинг қўлига қараб қолишди. Кунни тунга улаб, хом дўппиларга пилта уриб ўтиришарди. Тонг билан бозорга чопишарди. Шундай кунларнинг бирида улар яшайдиган Айрилиш маҳалласининг оқсоқоли Маҳкам ака Олимжон акани издиҳомларда қорнинг тўйиб, уйга оғирлигинг тушмайди, деб ўзларига югурдак қилиб олади. Ёшлигидан маҳалланинг катта кичик ташвишлари ичида яшаб, одам кутиш, муомала қилиш маданиятини, урф одатларимизни ўрганиб вояга етади. Мулоҳазали, тилли жағли йигит бўлиб, кўзга ташланиб қолади. Бир куни тўй ошида ҳозирги “Саодат” журналининг масъул котиби, таниқли журналист Солиҳ Ҳасаннинг эътиборига тушади. Бу пайтда журналнинг техник муҳаррири Зокир ота кексайиб, ишдан кетаманлаб қолган эдилар. Шунда Солиҳ ака Зокир отага сизга бир одобли йигитчани олиб келдим, ишингизни қанча тез ўргатсангиз, шунча тез жавоб берамиз, дейдилар. Меҳнаткаш, ўта зийрак Олимжон ака орадан кўп ўтмай қариянинг ўрнига техник муҳаррир бўлиб, шоира Зулфия опанинг қўлига ишга ўтади. Шу йилиёқ опанинг тавсиялари билан журналистикага сиртқи ўқишга киради. Олий маълумотли бўлади. Бироқ маҳалла ҳаётидан қонига сингган кайвонилик у киши учун бир хоббига айланади. Ишда профессионал техник муҳаррир, Тошкентдек азим шаҳримизда эса профессионал кайвони бўлиб танилади.

Баъзи кишилар тўйларда одам кутувчиларни “ўртакаш” деб менсишмайди. Танишлардан бири тўй оши берадиган бўлди. Мен одам кутишга Олимжон акани айтинг, қойилмақом қилиб ўтказиб беради, дедим. У шогирдларим кўп, улардан ҳам ўтказиб боплашади, деди беписандлик билан. Тўй куни ошда шунақанги бошбошдоқлик бўлдики... Ош еяётган меҳмонлар олдига янги келганлар ўтқазиб қўйилди. Чойдан олдин бошга муштлагандек ош келади. Тўй ошида на хайр бўлди, на барака. Шунда кузатувчан, синчков дўстимиз Аҳмаджон Мелибоев менга иддао билан: “Нима... Олимжон акани айтмадинглар” деб қолди. Мен сабабини айтдим. Шунда Аҳмаджон: “Баттар бўсин, бу бошқаларга ҳам “урок” бўсин, деб ош берганни ҳам аямай яниб қўйди. Тўй соҳиби ҳам одам кутиш ҳазилакам иш эмаслигини тушунди, лекин кеч.

Ўтти даврон, кетти даврон, энди даврон қайдадир, деганларидек, Олимжон ака ҳам кексайиб, “Шарқ”дан нафақага чиқди. Уларни тўй оши берадиганлар ҳамиша нашриётимиздан излаб топардилар. Шунда бу беминнат ҳизмат ва савобли ишга нашриёт катталари ҳам бефарқ қарамади. Йигирма қаватли биномизнинг биринчи қаватидан телефонли битта хона ажратиб беришди. Қирқ йил бир жойда ишлаган, жамоа ва эл назарига тушган ходимини нашриёт ўзидан узоқлаштирмади. Ахир нашриётнинг ўзида ҳам қанча одам ишлайди! Кунда бўлмаса ҳам ҳафтада бир тўй, маърака бўлиб туради. Бу марҳаматдан Олимжон аканинг боши осмонга етди. Ишламасалар ҳам ишлаётгандек ўз кабинетлари бор, ахир. Шунгами, одатдагидек ишхонага вақтида келиб, вақтида кетардилар. Ишлаб чиқариш бўлимидаги Максим деган технологга қарашган бўлиб, ҳақига янги чиққан бадиий китобларнинг нишона нусхасини олиб, ўқиб, воқеалар таъсирида йиғлаб ўтирганларини кўрардим. Ўқиб, тинчгина юрмасди, балки ўша китобнинг тарғиботи – рекламачисига айланарди. Китобга бўлган муҳаббат у кишини шу даражага олиб борди-ки, уйларида кутубхона ташкил қилди. Бундан биз, жўралари ҳам руҳланиб, ҳар бир янги китобдан сўрамасларидан ҳадя қиладиган бўлдик. Муҳр тайёрлайдиган жойга буюртма бериб, “Олимжон Ҳакимов уй-кутубхонаси” деган муҳр тайёрлатдилар. Китобларига муҳр босиш учун бир эмас, бир неча кун кетганини эслайман. Қизлари Нодира кутубхоначи. Кимга қандай китоб берилганини журналга қайд қилиб борарди. Кечикиб кетса, талаб қилиб олади. Олимжон ака китобларини ўқиган набираларини вақти вақти билан “Тушуниб ўқидингми, фалон жойида кўзингга ёш келдими?” деб имтиҳон ҳам қилиб турарди.

Қизиғи шундаки, Олимжон акада китоб "касаллиги"дан ташқари, газета "касаллиги" ҳам пайдо бўлди. “Шарқ” катта нашриёт бўлгани учун кунига ўнлаб номда газета ва журналлар чоп этилади. У киши ҳар куни иш охирлаётган пайтда бош муҳаррир – ўз ўғилларидек бўлиб қолган Аҳрор Аҳмедовнинг олдига кирар, ўқиб, поёнига етилган газеталарни бир даста қилиб кўтариб кетарди. Бу янги даврий нашрларни нима қиларди? Олдинига ўзлари кўздан кечирарди, кейин маҳалла идораси ва кексалар гурунглашиб ўтирадиган чойхонага обчиқиб берарди.

Олимжон аканинг оддий, аммо ажойиб ва ғаройиб фазилатлари ҳақида айтаверсак, битта китоб бўлади. Улар “Саодат”да Зулфия опанинг қўлларида ўттиз йил ишлади, кичкинтойлар журнали – “Ғунча”да масъул котиб бўлди. “Саодат”да ҳам, “Ғунча”да ҳам бирга бирга ишладик. Айтардилар, мен ўлсам қабрга сиз қўясиз, сиз ўлсангиз мен дердилар. Умрларининг охирида тўшакка михланиб қолди. Мен бормадим, тўғрироғи, бора олмадим. Уларнинг қай аҳволда ётганлари кўз олдимга келарди ва шоира Зулфия опанинг бемор бўлиб, сафарлари охирлаб қолганда: “Менинг олдимга ҳеч кимни қўйманглар, мен яқинларимнинг кўз ўнгида илгари қандай кўрган бўлсалар, шундайлигимча қолишни истайман”, деган ҳикматлари мени ушлаб турди. Дарҳақиқат, Олимжон ака менинг ҳам, жўралари Аҳмаджон Мелибоев, Жаббор Раззоқов, Абдусаид Кўчимов, Сафар Остонов, Аҳрор Аҳмедов, Сотим Холбоев ва бошқа кўплаб қадрдонлари кўз олдида сертабассум, қувноқ ва дилкаш, сўрашганида “бола – жон омонми” деб қўлини тортиб олишга шошилмайдиган бир дўст сифатида қолди. Ҳа, ўзларининг васиятларига кўра уч азамат ўғиллари: Ҳотамжон, Раҳматжон, Адҳамжонлардан рухсат сўраб, қабрларига тушдим ва майитни гўрковга узатиб бердим. Бу ёруғ дунёда қилган яхши амаллари кафолат бўлиб, охиратлари обод бўлсин! 

Эркин МАЛИК, 
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган журналист. 

ЎзА
2 201