Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.05.2018 21:08 Чоп этиш версияси

"Катта шаҳар ёғдулари"

"Катта шаҳар ёғдулари" Мамлакатимизда маданий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар халқаро ҳамкорликнинг янада кенгайиши ва мустаҳкамланишида, юртдошларимизга ранг-баранг ва қизиқарли дастурларни тақдим этишда муҳим омил бўлмоқда.

Пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида ташкил этилган ижодий лойиҳа ҳам бунинг яна бир амалий исботидир.

11.JPG

Машҳур киноижодкор Чарли Чаплиннинг "Катта шаҳар ёғдулари" номли овозсиз фильми намойиши россиялик моҳир мусиқачи Владимир Спиваков раҳбарлиги ва дирижёрлигида Россия миллий филармония оркестри иштирокидаги мусиқий чиқишлар ҳамоҳанглигида бўлиб ўтди.

Мазкур экран асари учун махсус яратилган мусиқа тароналари санъат мухлисларини йигирманчи аср аввалидаги муҳитга ошно этиши шубҳасиз. Негаки, ўша пайтда Америкада фильмлар намойиши тўлақонли оркестрлар жўрлигида бўлиб ўтган экан.

"Катта шаҳар ёғдулари" фильми овозсиз фильмлар яратиш даври якунига етишининг ўзига хос тимсоли саналади. Бу асар бир неча йиллар мобайнида овозли фильмлар муваффақият билан намойиш этилаётган пайтда чиқди. Фильм қаҳрамони – Чаплин томонидан ўйлаб топилган "кичик дайди" – бутун дунёда томошабинлар томонидан ёқтириб қолинган ва тан олинган бадиий сиймодир. Мазкур асар яна шуниси билан қизиқарлики, Чарли Чаплин бу картинада сценарийнавис, режиссёр, бош роль ижрочиси, продюсер, балетмейстер бўлиб иштирок этиши билан бирга, ўзини композитор сифатида ҳам намоён этган.

2004 йилда америкалик дирижёр Тимоти Брок "Катта шаҳар ёғдулари" партитурасини концерт ижроси учун қайта тузатди. 2009 йилда мазкур асарга моҳир дирижёр Владимир Спиваков қайта мурожаат этиб, ўлмас экран асари намойишини жонли мусиқа жўрлигида йўлга қўйди. Бундай ўзига хос мусиқий дастур "Владимир Спиваков таклиф этади..." номли V Москва фестивалида мухлислар эътиборига ҳавола этилди. Шуниси диққатга сазоворки, бу мультимедиа лойиҳаси наинки Россия, балки унинг сарҳадларидан олисда ҳам катта шуҳрат қозонди.

18.JPG

26.JPG

Чаплин инсон табиатининг моҳиятига чуқур етиб борган буюк ижодкордир. У ўз ижролари орқали инсон руҳияти, қалбини фақат эзгулик сари ундайди. Чаплин инсон ҳаётининг нозиклигини, энг самимий ва чин туйғулар кўпгина иллатларни енгиши мумкинлигини кўрсата олган ижодкордир.

Ўзида мусиқа ва кинематография санъатини уйғунлаштирган ушбу ижодий лойиҳа ўзбекистонлик санъат мухлисларига ҳам ғоят манзур бўлди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
5 426