ЎзА Ўзбек

21.02.2020 Чоп этиш версияси

Капитуляция актини Берлиндан Москвага олиб келган ўзбек учувчиси (II қисм)

Капитуляция актини Берлиндан Москвага олиб келган ўзбек учувчиси (II қисм)

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига

Самодаги ғалаба йўли

8 май куни эрталаб соат 9.00 да самолётимиз ердан 300 метр кўтарилиб, Ғарбга қараб учиб кетдик. Махсус пакетдаги сургуч билан елимлаб муҳр босилган конвертда Берлинга қараб учиш ва Темпельхоф аэродромида қўниш тўғрисида буйруқ бор эди, – деб эслаганди Абдусамат Тойметов.

Украина Республикаси ҳудудидан, бомбардимону портлашлардан катта зарар кўрган Киев шаҳри устидан учиб кетаяпмиз. Лекин манзил қаер, қаёққа учиб кетаётганимизни билмас эдик.

Биз бошқараётган Америка самолётининг алоҳида дам олиш хонасида соч-соқоллари оппоқ, мўйлови қиртишланган каттароқ ёшдаги зиёли бир киши диванда ёнбошлаб ётар эди. Салонда эса ҳарбийлар ва фуқаро кийимидаги бошқа нотаниш одамлар... Қаерга учиб кетаяпмизу, қандай топшириқни бажараяпмиз, бехабарман. Аста командиримдан:

– Дам олаётган қария ким, деб сўрадим.

Шунда унинг юзида илиқ табассум пайдо бўлиб, барча экипаж аъзолари эшитсин, деб баланд овозда:

– Қария ташқи ишлар вазири Вышинский, деб сирни ошкор қилди. Кейин маълум бўлишича, бу киши шу пайтдаги СССР ташқи ишлар вазири Андрей Януарьевич Вышинский экан. Ана шундан кейин қаерга учиб кетаётганимиз ва бу сирли парвоз қандай муҳим аҳамиятга эга ээканлигини тушуниб етдик.

0_102bf9_a9ae97ac_orig-pic905-895x505-45779.jpg

Буйруққа биноан бизга айтилган йўналиш бўйича учиб кетаяпмиз. Варшава шаҳри устидан ўтдик. Бу ерда ҳали ҳам тўла таслим бўлмаган айрим фашист отрядларининг қолдиқлари билан уруш бораётган экан. Душман устига ёғилаётган ўқ ва снарядларни, еру заминни ларзага келтириб портлашларини кўрдик. Унда одам боласи тирик қолиши мумкин эмас эди. Бир маҳал командир менга қараб:

– Пакетни очгин, деди.

– Хўп бўлади, ўртоқ командир деб, конвертни очдим.

Унинг ичидан сургуч устидан муҳр босилган яна бир конверт чиқди. Командир биринчи конверт ичидаги хатни ўқиб менга қайтарди. Мен хатни ўқидим, унда: 300 метр баландликда 2 марта доира шаклида айланиб, қўл ракетасидан аэродромга қараб икки марта яшил ўқ отилсин, деб ёзиб қўйилган эди. Шунда аэродромдан олтита қирувчи самолёт кўтарилади, деб айтилган. Ана шундан кейингина иккинчи конвертни очишингиз лозим дейилган эди. Агар қирувчи самолётлар кўтарилмаса, учишни тўхтатиб аэородромга қўнинглар, кейин Москвадан бўладиган буйруқни кутинглар! – деб ёзиб қўйилган эди.

Биз буйруққа биноан биринчи бор айландик ва икки марта яшил ракета отдик. Шундан сўнг қараган эдик, аэродромдан олтита қирувчи самолёт осмонга кўтарилди. Қирувчи самолётлар бортимиз ёнига келгунга қадар буйруқ бўйича иккинчи конвертни очдим ва командирга узатдим. Командир хатни ўқиб кўриб: – Тушунарли, деди ва Берлинга қараб учишга буйруқ берди. Хатда самолётимизнинг учиш йўналиши, қай тезликда ва қандай баландликда учиш лозимлиги ҳам қайд этилган эди.

Untitled-Scanned-27.jpg

Биз Берлинга қараб йўл олдик. Қирувчи самолётлар бизни маршрут бўйича иккала томонимиздан учта-учтадан бўлиб, Берлиндаги "Темпельхоф" аэродромига қадар қўриқлаб боришди. Қирувчи самолётларнинг учиш тезлиги бизникидан юқори бўлганлиги сабабли бир биздан олдинга кетиб қолишар, кейин яна ёнимизга қайтиб, бизни қўриқлашда давом этишар эди. Шу пайтда командир радист билан боғланиб, координатларимиз ҳақида Москвага узлуксиз ахборот бериб турар эди.

Берлинга яқинлашиб қолдик. Чор атрофга қараб кетаяпмиз. Ниҳоятда аянчли аҳвол. Берлиндек вайрон бўлган шаҳарни умримизда кўрмаганмиз. Учинчи рейх пойтахти ер билан яксон бўлган эди. Шаҳардан ҳамон тутун чиқиб турарди. Айтилган йўналиш бўйича манзилга етиб, секин қўна бошладим. “Берлин деганинг шунақа экан-да” деб, нотаниш бўлган шаҳарга қарар, ҳам самолётни бошқарар эдим. Аэродромга қўниш арафасида радист: – Биз Берлин аэропорти устидамиз, – деб хабар қилди. Самолётни аниқ курс бўйича йўналтириб секин қўна бошладим.

Ерга қўниб, аэровокзалга яқинлашаётганимда самолёт йўлининг икки томонида ҳам ҳар 50 метрда олтин погонли зобитлар честь бериб туришганини кўрдим. Бу самолётимизда келган Олий Бош Қўмондон ва Совет давлатининг расмий вакилларини тантанали кутиб олиш маросими эди. Самолётда ёнбошлаб олган оппоқ соқолли қария эса бир маҳал СССР ташқи ишлар вазирининг расмий кийимида пайдо бўлди. Аэродромда сон-саноқсиз мухбирлар, фотосуратчилар, қўлида кинокамералар бўлган операторларнинг сон-саноғи йўқ эди. Самолёт олдига биринчи бўлиб генерал Соколовский яқинлашди. У Вышинский ва делагация аъзолари билан қуюқ саломлашди.

Биздан 50 метр масофада 1945 йил май ойида Берлинга биринчи бўлиб кирган Совет армияси аскарларидан ташкил топган фахрий қоровул турар эди. Манзилга келдик. Топшириқни бажардик.

Самолётимиз олдига бир нечта енгил автомашина келиб тўхтади. Улар орасида командир А.И.Семенковга кўзим тушди. Биз ҳаммамиз самолётдан ташқарига чиқдик. Ҳамма ўзида йўқ хурсанд, бир-бирини қучоқлаб табриклар эди. Ана шу пайтда биз биринчи бор: “Ғалаба!”, “Ғалаба!”, “Ғалаба!” деган сўзларни, ҳайқириқларни, табрикларни эшитдик. Биз идора қилиб бўлмайдиган қалбдаги титроқ, кўзда ёш билан қучоқ очиб, бир-биримизни қизғин қутлар эдик.

Биз олиб келган ҳукумат делегациясини аэропортда маршал Георгий Жуковнинг ўринбосари, Берлинни олган 1-Беларусь фронтининг қўмондони, армия генерали Василий Соколовский бошлиқ ҳарбий қўмондонлар кутиб олишди. Шундан сўнг Америка Қўшма Штатларининг, Буюк Британия, Франция делегациялари учиб келаётган самолётлар бирин-кетин аэродромга қўна бошлади. Охирида яна бир самолёт келиб қўнди. Ундан урушда мағлубиятга учраб, капитуляция актига қўл қўйган Гитлер қўшинлари қўмондонлигининг вакиллари чиқиб келишди. Энг сўнггида фельдмаршал Кейтелнинг қиёфаси кўринди. Барча СИ-47 самолётимиз олдида турган экипажимиз олдидан ўтди.

Шу пайт бири ҳарбий формада, иккинчиси оддий фуқаро кийимидаги икки киши олдимизга келиб, қўлидаги пакетни командиримиз А.И.Семенковнинг қўлига берди ва унинг қўлини қаттиқ қисиб: – Бу пакетни Москвага омон-эсон етказиш зарурлигини, унда Германиянинг таслим бўлганлиги тўғрисидаги капитуляция акти борлигини, ғилоф кийдирилган байроқ эса Рейхстаг биноси узра ўрнатилган Ғалаба байроғи эканлигини ва уларни тезроқ Москвага, Олий Бош Қўмондон ставкага етказишни тайинлади. Самолётимиз душманни чалғитиш учун атайлаб илон изли айланма маршрут билан Москвага қараб йўл олди. Биз уч соат ўрнига олти соат учдик. Ва соат 11 лар чамаси Москвага етиб келдик.

Аэропортга яқинлашиб қолганимизда у ерда бизни халқ кутиб олишга чиққанини кўрдик. Мен қаттиқ ҳаяжонда эдим. Сабаби, командиримизнинг топшириғига биноан фашистлар Германиясининг капитуляцияси тўғрисидаги акт солинган пакет мендаги штурман планшетининг ичида, матога ўралган Ғалаба байроғи эса ўнг томонимдаги учувчи ўриндиғи ёнида турарди.

Кўп ўтмай мен шу пайтда бутун инсоният бисотида мавжуд бўлган энг қимматли, беназир юк – капитуляция акти бўлган пакет билан байроқни командиримга топширдим. У киши шахдам қадамлар билан юриб, пакет билан байроқни ерда ҳаяжон билан кутиб турган тўрт кишига топширди. Улардан иккитаси генерал формасида бўлиб, погонидаги юлдузлар ялтираб турар эди. Микрофонларини кўтариб олган мухбирлар, фото ва кинооператорлар ишга тушиб кетишди.

494d47ec632686779f50f9f227ff8e84.jpg

Ҳарбий қўмондонлар ўтирган машиналар капитуляция акти ва Ғалаба байроғи билан Олий Бош Қўмондон ставкасига – Кремлга қараб катта тезликда юриб кетди. Берлиндан Москвагача бўлган уч соатлик йўлни олти соатда учиб ўтган самолёт экипажи эса халойиқ қуршовида қолди.

Ана шундай қилиб биз Москва – Берлин – Москва махсус авиамаршрутимизни амалга оширган эдик.

Гитлер Германиясининг мағлуб бўлганидан хабар топган Москва, иттифоқ, йўқ, бутун дунё аҳолиси шу кунлари кўчага чиққан эди. Москвадаги Қизил майдонга кириб бўлмас эди. Йиғлаган, хурсанд бўлган, бир-бирини қучоқлаб табриклаётган ёшу қари, эркагу аёллар, тўрт мучаси соғу уруш ногиронлари – барча-барчаси ўзида йўқ хурсанд эди.

Халқ хурсандчилигини томоша қилгани Қизил майдонга биз – уч киши: мен, борт механиги Демин, борт радисти Гордиенко бордик. Штурман Калинин билан командиримиз шу дақиқада бошқа иш билан банд эди. Биз ҳеч кимга ҳеч нарса демасак ҳам кўпчилик келиб бизни қучоқлашар, қувонч кўз ёшлари билан чин дилдан қутлашар эди.

Кремль курантлари кечки соат 21.00 бўлганидан хабар берувчи 21 марта бонг урди. Ва машҳур радио сухандони Левитаннинг этни жунжитадиган, кишини сеҳрловчи ўзига хос овози янгради. У Совет Иттифоқи Қуролли Кучлари фашистлар Германияси устидан Ғалаба қозонганлиги ва шу бугун Германиянинг сўзсиз таслим бўлганлиги, капитуляция актига қўл қўйганлиги тўғрисидаги Совинформбюронинг хабарини ўқирди...

Кўп ўтмай экипаж аъзолари, ўзбек учувчиси Абдусамат Тойметов Жанговар Қизил Байроқ ордени билан мукофотланди. Польша партизанлар ҳаракати штабининг топшириғига биноан алоҳида жасорат ва маҳорат талаб қиладиган 60 та тунги парвозлари учун Абдусамат Тойметов Ватан урушининг II-даражали ҳамда Польшанинг «Virtuti Militari» орденлари билан мукофотланди. Бундан ташқари, ўзбек учувчиси Тошкент авиазаводида йиғилган ўнлаб “ЛИ-2” жанговар самолётларини Ўзбекистондан Россия, Украина, Беларусь ҳудудларига ўзи бошқариб етказиб берган эди.

Моҳир ҳарбий учувчи Абдусамат Тойметов урушдан кейин Ўзбекистонга, фуқаро авиацияси тизимига қайтди. Аввал учувчи бўлиб хизмат қилди. Кейин Тошкент аэропорти бошлиғи вазифасида ишлади. Яна шуни айтиш жоизки, Абдусамат Тойметовнинг умр йўлдоши Бибинисо Болтабоева ҳам машҳурликда турмуш ўртоғидан қолишмасди. Бибинисо Оқила Атаулаева, Башорат Мирбобоева каби Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги дастлабки беш нафар ўзбек парашютчи хотин-қизларидан бири эди.

Авиация ветерани Абдусамат Тойметов Тошкент юридик институтига кириб ўқиди, олий маълумотли бўлди ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясида юридик масалалар бўйича катта маслаҳатчи бўлиб ишлади.

Учувчининг набираси Бобурдан олган маълумотимизга кўра, унинг бобоси, моҳир ҳарбий учувчи Абдусамат Тойметов 2008 йили Россиянинг Пермь шаҳрида юз берган авиаҳалокатда 81 ёшида ҳалок бўлган.

И.АБДУХОЛИҚОВ


8 536
ЎзА