ЎзА Ўзбек

20.02.2020 Чоп этиш версияси

Капитуляция актини Берлиндан Москвага олиб келган ўзбек учувчиси (I қисм)

Капитуляция актини Берлиндан Москвага олиб келган ўзбек учувчиси (I қисм)

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига

Москва – Берлин – Москва

Абдусамат Тойметовнинг номи Иккинчи жаҳон уруши саҳифаларига олтин ҳарфлар билан битилган. Бироқ бу машҳур инсоннинг исми-шарифи собиқ иттифоқнинг беш нафар учувчиси қаторида 30 йил ҳеч қаерда қайд этилмас ва қатъий сир сақланарди. Лекин ҳамюртимиз Абдусамат Тойметов ва унинг қуролдош дўстлари ҳар йили 9 май куни албатта учрашишар ва ана шу шукуҳли кунларни эслаб, яна бир бор Ғалаба нашидасини суришар эди.

Абдусамат Тойметов 75 йил муқаддам Американинг СИ-47 самолётида жанговар дўстлари билан Гитлер Германиясининг капитуляцияси актини Берлиндан Москвага олиб келган учувчи эди.

original (3).jpg

Шу ерда яна бир гапни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдик: Абдусамат Тойметов учган ана шу СИ-47 самолёти ҳам Иккинчи жаҳон уруши йиллари Американинг “линд-лиз”и бўйича Тошкентда йиғиб чиқариларди.

Уруш бошланганидан 40 кундан кейин Москва ёнидаги Химки шаҳрида жойлашган 84-авиация заводи унинг техника директори Борис Лисунов раҳбарлигида Тошкентга эвакуация қилинади. Ҳар бирида 20-30 та вагон бўлган 17 эшелонда заводнинг технологик линияларию улкан мураккаб ускуналари Москва остонасидан демонтаж қилиниб, Тошкентга кўчириб келтирилади. Завод бу ерда саноқли ҳафталарда самолёт йиғиб чиқара бошлайди. Маълумки, 1942-1945 йиллари Ўзбекистон фронтга 2 минг 258 та жанговар самолёт етказиб берган эди.

Ўзбек учувчиси Абдусамат Тойметов 1945 йили Германиянинг капитуляцияси акти билан бирга, Рейхстаг биноси узра ўрнатилган Ғалаба байроғини ҳамда 9 май куни ғолиблар оёғи остига ташланган немис дивизияларининг штандартлари – байроқларини ҳам ана шу самолётда Берлиндан Москвага келтирган эди.

original (1).jpg...Ёш пайтида ота-онадан етим қолган Абдусамат болалигидан варраклар учиришни, арғимчоқ учишни яхши кўриб, самоларда парвоз қилишни жуда-жуда орзу қиларди. Болалик, ўсмирлик хаёллари уни не-не манзилларга элтмади дейсиз. Яхши ният Арши аълода ҳам эътиборга олинади, деб бекорга айтилмас экан. Ўрта мактабни битириб, Саратов вилояти Балашово шаҳридаги учувчилар мактабига ўқишга борган Абдусамат Тойметовни давлат танлов комиссияси 12 нафар номзод қаторида ўқишга қабул қилади. Мактабда ўқиётган 2 минг нафар ўқувчи орасида Абдусамат ягона ўзбек йигити эди.

1936 йили ўқишни муваффақиятли тамомлаган Абдусамат Тойметов Тошкентга нақ қаноти чиққан қушдек учувчи гувоҳномаси билан келади.

Ўтган асрнинг 40-йиллари бошида Европа давлатларида қирғинбарот урушлар бошланиб кетган эди. 1941 йили март ойида махсус маълумоти бўлган учувчи Абдусамат Тойметовни Сирдарёдаги учувчилар тайёрлайдиган ўқув эскадрильясига командир қилиб тайинлашади.

1941-1942 йиллар эса у Ўзбекистондаги 43-ўқув эскадрильясининг командири бўлиб хизмат қилди. Шу йиллар у 71 нафар ўзбек йигитини фронтга учувчи қилиб тайёрлаб жўнатади.

Уруш қизғин бораётган 1943 йили Абдусамат Тойметов икки двигателли янги ЛИ-2 самолётини бошқариб, аввал аскарларни, кейин юкларни, сўнгра бомбаларни ташиди. Душман учувчиларидан сақланиш учун у самолётига стволи айланиб, узлуксиз отиб турадиган пулемёт ўрнатиб олади.

116596082_A_Taymetov_13.jpg

1944 йили у аризасига кўра, Москва яқинидаги 10-гвардия авиацияси дивизиясига хизматга ўтади. Моҳир учувчи ўзининг ЛИ-2 самолётида немислар босиб олган Украина, Беларусь ўрмонларида яширинган ва фашистларга катта талафот етказаётган партизанларга кечалари озиқ-овқат, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак етказиб бериш бўйича топшириқларни бажарди.

Биргина 1944 йилнинг ўзида Абдусамат Тойметов 109 та ана шундай ҳарбий жанговар парвозни амалга оширади. Ва ҳукуматнинг бир қанча мукофотларига сазовор бўлади. Махсус авиаполкда у аввал америкалик авиаконструктор Сикорскийнинг икки моторли СИ-47 самолётида иккинчи учувчи бўлиб хизмат қилди.

Авиаполкка келганининг иккинчи куни топшириқ бўйича эрталаб соат 5.00 да бортига бир нафар одам олиб осмонга кўтарилди. Самолёт узоқ учиб душман ҳудудига ўтди ва разведкачини парашютдан ташлади. Парвоз 16 соат давом этди, деб эслайди Абдусамат Тойметов.

Парвозларининг бирида душман зенитчилари уч ярим минг метр баландликда учаётган совет самолётини сезиб қолади. Биз самолётни душман сезмасин деб бир моторини ўчириб ҳам учдик, кўриб қолишганидан кейин эса самолётни бир осмонга кўтариб, бир пастлаб, ўнгдан ва чапдан келаётган снарядларга чап бериб, ўзимизни душман артиллериясидан сақлаб қолар эдик, деб эслаган эди Абдусамат ака.

49.taymetov.jpgМен фақат кечаси учар эдим. Бир гал самолётимга уч марта шундоққина ёнимизда портлаган зенит снарядининг парчаси келиб тегди, душман қирувчи самолётларининг ўқлари эса самолёт қанотию биқинларини тешиб ўтиб кетарди.

Немис учувчиларининг жонига тегдим шекилли, қирувчи самолётларнинг айрим учувчилари “таран” қилиб, менинг самолётимга ўзларини ташлашадиган бўлишди. Бу ҳолатда учувчи совуққонлик билан тез ва ягона тўғри қарор қабул қилиб, иложи борича душман самолётини уриб тушириши, ўзининг самолётини сақлаб қолиши лозим эди.

Бир гал Тойметовга фавқулодда тезликда амалга ошириш лозим бўлган буйруқ келади. Биринчи Украина партизанлар дивизиясининг қўмондони, машҳур қаҳрамон Ковпак отрядида ярадорлар кўп бўлиб, уларни зудлик билан душман ҳудудидан олиб чиқиш топширилади.

...Қоп-қоронги тун, кўзни қамаштирувчи чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбирламоқда. Шунда мен самолётимда кўтарилдим-да, Ровно шаҳри аэродромидан Ғарб томонга қараб учдим. Самолётда 3,5 тонна қурол-яроғ, дори-дармон ва озиқ-овқат бор эди. Иложи борича яширин ҳаракат қилиб, секин учиб кетаяпман. Манзилга яқинлашганимда ўрмон ўртасидаги ялангликда учта гулхан кўринди. Шу ерга қўнишим керак эди. Тезда юкларни тушириб, партизанларни самолётимга олишим лозим. Мен келишимдан сал илгарироқ душман билан партизанлар ўртасида отишмалар кетаётган экан. Бир маҳал ўқларнинг шовқини тўхтади ва мен ялангликни мўлжаллаб, ерга яқинлаша бошладим. Самолётни бир амаллаб қўндирдим. Биринчи бўлиб самолёт олдига иссиқ қулоқчин ва фуфайка кийиб олган, биқинида тўппонча бўртиб турган ўша машҳур Ковпак яқинлашди. У ташқи кўринишидан иродали, жасур кўринарди, серсоқол, қошлари қалин, кўзлари ёниб турар эди. Зудлик билан юкларни тушириб, бортга ярадорларни олиб чиқдик.

Қўлимдаги батарейкали фонарни кўриб, Ковпак фонусни унга қолдиришимни илтимос қилди, ҳеч иккиланмай қўлига тутқаздим. У менга немис зобитининг фуражкасини ҳадя қилиб: отганингда нақ пешонасига тегадиган қилиб отгин, шунда Ғалабага тезроқ эришамиз, деди. Ковпак қанча ярадор партизанни олишим мумкинлигини сўради. 25-30 одамни оламан, қўниш жойи кичикроқ экан, кўтарилишим қийин кечади, дедим. Юкларни туширишга ва ярадорларни бортга олишга 12 дақиқа вақт кетди. Вазият мураккаб, вақт эса зиқ, ҳар дақиқада немислар келиб қолиши мумкин эди.

Осмонга кўтарилишим билан фашистлар етиб келди шекилли, яна отишмалар бошланди. Қоронғи эмасми, учувчи кабинасидан ёниб учиб кетаётган ўқлар, снарядлар шундоққина кўриниб турар эди. Яна турли геометрик фигуралар қилиб, ердан отилган снарядлардан чап бериб учдим...

Абдусамат Тойметов экипажи 1945 йил 6 май куни Эрон пойтахти Теҳрондан Москва ёнидаги авиаполк базасига келганида: – Ҳозир дам оласизлар, лекин ҳеч қаерга чиқмайсизлар, муҳим буйруқни кутинглар, деган топшириқ келади.

yodl.jpg

Командир Абдусамат Тойметов, иккинчи учувчи Пётр Гордиенко, штурман Николай Смирнов, борт радисти Михаил Калинкин ва борт механиги Василий Деминдан иборат экипажни ўта муҳим топшириқ кутаётганди. Дам олишга ётдик. Соат 4.00 да бизни штаб бўйича навбатчи уйғотади. Тезда юз-қўлингларни ювинглар, нонушта қилинглар, деди.

Бироздан сўнг негадир иккинчи учувчининг курсиси бўшаб қолади. Демак, Пётр Гордиенко биз билан учмас экан, деган фикр ўтди хаёлимдан. Шу пайт самолёт олдига машиналарда генераллар, полковниклар ва фуқаро кийимидаги кишилар келиб тўхташади. Кейин маълум бўлишича, улар орасида маршал Георгий Жуковга Сталин томонидан сиёсий маслаҳатчи этиб тайинланган, СССР ташқи ишлар вазири А.Я.Вышинский ҳам бўлган.

Шундан кейин подполковник Алексей Семенков Тойметовга қараб: - Иккинчи учувчининг жойини эгалла, мен сизлар билан бирга учаман, буйруқ солинган пакет сенда бўлсин, уни қачон очиш кераклигини айтаман, – дейди.

Давоми бор...

И.АБДУХОЛИҚОВ


7 444
ЎзА