Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

30.05.2018 10:16 Чоп этиш версияси

“Каъбамсан, шеърият, эзгу эҳромим, Оғу ҳам бол тўлиқ бебаҳо жомим...”

03.jpg

1910 йил 30 май. Ўзбекистон халқ шоири Миртемир Турсун ўғли Туркистоннинг Иқон қишлоғида туғилди. 

Дастлаб эски мактабни битиргач, 1921-1923 йилларда Тошкентдаги “Алмаий” номли болалар намуна иш мактабида тарбияланади. Шу даврдан адибнинг ҳаёт йўли Тошкентдек катта шаҳар билан боғланади.

Миртемир 1925 йили ўзбек Эрлар билим юртига ўқишга кириб, уни 1929 йилда тамомлаб, Ўзбекистон Давлат педагогика академиясида ўқийди. 

Қизғин ижодий муҳит туфайли Ҳамид Олимжон, Уйғун, Зулфия ва бошқа шоирлар билан яқиндан танишади. 

Соддадил шоирнинг илк шеъри 1926 йилда “Танбурим овози” номи билан “Ёш ленинчи” газетасида босилади. Миртемирнинг “Шуълалар қўйнида” номли биринчи китоби 1928 йилда чоп этилган. Унда Ватан мадҳи, меҳнат гашти ва ёш замондошларнинг маънавий дунёси асосий мавзу сифатида тараннум этилади.

Шоирнинг халқ оғзаки ижодига бўлган меҳри баланд бўлган. “Дилкушо”, “Сув қизи”, “Ойсанамнинг тўйида” каби достонларни яратди. Бу асарлар 30-йилларнинг иккинчи ярмидаги ўзбек лирикасининг ривожланишига ҳисса қўшди.

Шоирнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида яратилган “Вабо”, “Ўч”, “Бу – менинг Ватаним”, “Она шаҳар”, “Денгиз бўйида”, “Мард йигит ёринг бўлай”, “Пилла”, “Кўзларим йўлингда” каби шеърларида душманга нафрат ҳислари жанговар руҳда ифодаланган.

Урушдан кейинги йиллар Миртемир ижодида замон билан ҳамнафаслик, даврнинг энг муҳим масалаларини замондошларимизнинг баркамол образларини яратиш кенг ўрин тутади.

Миртемирнинг таржимонлик санъати ҳам таҳсинга лойиқдир. У А.С.Пушкин шеърларини, Н.А.Некрасовнинг “Русияда ким яшайди”, Ш. Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”, Бердақ асарлари ва қирғиз халқ эпоси “Манас”ни ҳам таржима қилган.

Миртемирнинг “Қорақалпоқ дафтари” туркуми ўзбек поэзиясининг 60-йиллардаги ютуқларидандир. Шоирнинг “Сурат” поэмаси шўро даври ўзбек поэмачилигининг энг нодир намуналаридан биридир. “Мен сени...”, “Чағалай”, “Қирғизистон”, “Маҳтумқули тўйида”, “Онагинам”, “Қозоғим”, “Қайдадир булоқ” каби шеърлар халқлар дўстлигини куйловчи энг яхши асарлардандир. 1979 йилда Миртемирга “Тоғдай таянчим” шеърий тўплами учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилган. У 1972 йилда вафот этган.

Шоир Миртемирнинг самимий ижодидан намуналар

Каъбамсан, шеърият, эзгу эҳромим,
Оғу ҳам бол тўлиқ бебаҳо жомим.
Амалим ва ишқим, умиду армон,
Уйқусиз тунларим – жиндак илҳомим…
Керакмас инжу ҳам сенсиз, ҳақиқ ҳам,
Керакмас шаддод ҳам сенсиз, дақиқ ҳам,
Ҳаёт ҳам мен учун сенсиз бемаъни,
Сенсиз ўтмасин-да ҳатто дақиқам.

* * *

Қоронғулик тушар,
Бағрим увишар,
Танҳоликда қайта туғиламан мен.
Ёрилиб кетгудай
Тамом йитгудай,
Токи тонг отгунча бўғиламан мен.
Кўзимга ёруғлик,
Сўзимга ёруғлик,
Соғ жонга ёруғлик сўрайман тонгдан.
Армонли йўлчиман,
Армонли куйчиман,
Жаҳонга ёруғлик сўрайман тонгдан.

* * *

Кўзингни ўйнатма, кулма, қарама,
Нозли нигоҳларинг керакмас сенинг.
Боғлаб оларман, деб энди ўйлама…
Тортган у “оҳ”ларинг чин эмас сенинг.
Кўп кунлар судрадинг тусмол йўлларда,
Мен-да тилсизларча эргашдим-кетдим.
Адашган эканман, билсам, чўлларда,
Мана эндиликда тушуниб етдим…
Тушундим: у тотли хаёллар – хаёл,
Алданмас бу юрак ширин сўзингта.
Йўқол, эй алдамчи, ёндашма, йўқол,
Термулиш йўқ энди орсиз юзингга!
Жилмайма, қарама, сўзлама менга,
Эски афсонани куйлама менга…

ХЎРСИНИҚ…

Қўлимдан ҳар нима келади, юртдош,
Ғариблик, юпунлик – барин кўрганман.
Қўш ҳам ҳайдаганман, ўроқ ўрганман,
Айриликда кўздан тўкканман не ёш…
Ғўза ҳам экканман, жувари, кунжут,
Қўлимда рақс этур тешаю ранда,
Йўл ҳам, қўналға ҳам мўл бу Ватанда,
Камчил ҳам бўлганман, тўқ, қувноқ ва бут…
Чувак ҳам тикканман, мол ҳам боққанман,
Кудуқ ҳам қазганман нақ ўн бир қулоч,
Зилол сувларида ювишарди соч,
Не-не қиз сочига лола таққанман.
Тақдиримга ҳеч ҳам ўпка қилмайман,
Қўлимдан келмайди деган пеша кам.
Баъзан кўзларимда томчи-томчи нам…
Ҳануз шеър ёзишни билмайман.

БЕТОБЛИГИМДА…

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қоврилмай то ғашлик алангасида.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Нафасимни ростлай кўланкасида.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қушлар овозига қулоқ солайин.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Хаёл оғушида ором олайин.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Шу кунгача ўзни мен чеклаб бўлдим.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.

ЎЛАН АВЖЛАРИДА…

Ўлан авжларида гул очади дашт,
Ўлан авжларида замон уйғонур.
Ўлан авжларида дунё-дунё гашт,
Ўлан авжларида олам тўлғонур.
Ўлан авжларида туғилур суйгу,
Ўлан авжларида туғилур жужуқ.
Ўлансиз на ранг бор, на ёруғ туйғу,
Ҳаёт лабларига тошади учуқ…


***

Саратонда соябонинг бўлайин,
Тоққа ошсанг, кўк довонинг бўлайин,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Ярим кеча каҳкашонинг бўлайин.

Кетар бўлсанг, хазон ёғар боғимга,
Санчиқ ботар дилимдаги доғимга,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Оғу сочма менинг хушвақт чоғимга.

Керак эмас сенсиз гул ҳам, чаман ҳам,
Керак эмас Қандаҳор ҳам, Яман ҳам.
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Керак эмас бўз тарлон ҳам, саман ҳам.

Пок оламим булғанмасдан жилмайгин,
Олам ғамга чулғанмасдан жилмайгин,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Юрак дир-дир тўлғанмасдан жилмайгин.

То тирикман, ўша қайсар боламан,
На тиним бор, на излашдан толаман,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Бари бир мен сени топиб оламан.

(СочмаҚУНДУЗ  

Эсингдами, Қундуз! Салқин еллар сочларингни тўлқинлатиб эсган, қалбимизда суюнч ўсган бир кун?

Кўклам.

Қуёш табассумкор, то узоқларда яшариб кўринган қирлар жилодор, сен эсанг, маъсум қиз! – нималарнидир тўпловдинг, гуноҳлардан пок, ишсевар дўстим! – Эсингдами, ўрим-ўрим сочларинг-ла шафақдай юзингни қопловдинг…

Болалик...

Юракда қайғу кезса-да, юракни ўраган муҳитда бахтсизлик кезса-да, – ўйин севган болалик!

Туш пайти – барча кўланкага ошиқади, тол остларига оқади. Болалик мавж урган соф қалбимиз буйруғида биз сой бўйлаб кетдик. Узоқлашиб, ўйноқлашиб кетдик…
Сув бўйи…

Кўклам безаклари тўла сочилган сув бўйи…

– Қўчқор, ҳув… Қўчқ-оо-р!

Ёнингга бордим, сенинг билан кўклам чечаклари тердим, сенга бердим ва тарқоқ сочларингга чечаклар тақдим, чечаклардек очилган юзингга суқ билан боқдим…

Эсингдами шу?

Эрта кўкламнинг шундай ёқимли кезларида армон ўрайди мени…

Омочлар судраган қирлар усти, бахтсизлик кезган далалар сийнаси кулиб турган пайтларда орзулар ўрайди мени!

Кетсаммикин?

Балки, Қундуз – маъсум Қундуз, тағин,барно бўлгандир… Кулар юз қиз бўлиб, тўлгандир…

Кетсамми?

– Қундуз!

Эсингдами, қирларда уйқули омочлар тентирарди – болаликда, биз ўйнаб юрган кунларда…

Бу кунларда ўт омочлар куйлайдиргандир-а?

Сочларинг елларда тарқалиб, кўзларинг ўйнайдиргандир-а?

Эсингдами, тўлқин сочган, бола қалбимизга сўнгсиз суюнч бағишлаган бир кун…

Эсингдами, Қундуз!


Дилобар АСЛИДДИН қизи

7 390