Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2018 11:16 Чоп этиш версияси

Кўз қурубтур ашкдин ул ой ҳавойи ишқида

Адабиёт гулшани

Navoiy.jpg
Алишер Навоий

Йўқки, ёмғурдин мени ҳолимға даврон йиғлағай,

Кўргузуб гулгун булут истар магар, қон йиғлағай.

Анжум эрмаским, эрур афлок ашки донаси,

Ҳар тун аҳволимға баским чархи гардон йиғлағай.

Чок бағрим қону доғин кўз ёшим дафъ этмади,

Лола нафъидур, нечаким абри найсон йиғлағай.

Кўз қурубтур ашкдин ул ой ҳавойи ишқида,

Бас қилур охир булут, чун улча имкон, йиғлағай.

Парда ичра йиғлаб ашким, ваҳки, пинҳон қолмади,

Шамъ фонус ичра элдин қайда пинҳон йиғлағай?

Муътабар эрмас, агар зарқ аҳли кўп тўккай сиришк

Ким, мушаъбид оз дирам истаб фаровон йиғлағай.

Ҳажр тиғидин не ғам ҳар дам Навоий йиғласа,

Кимки бўлди пора-пора бағри, осон йиғлағай.


Луғат:
Гулгун – гул рангида, қизил, алвон.
Анжум – юлдузлар.
Чархи гардон – айланувчи чарх, фалак, осмон.
Нафъ – фойда, наф.
Абри найсон – апрель ойидаги булут.
Зарқ – риё, алдов.
Сиришк – кўз ёши.
Мушаъбид – кўзбўямачи; фирибгар.

Байтларнинг насрий баёни:

Даврон менинг ҳолимда ёмғирдек кўз ёши тўкмаяпти, балки қизил рангдаги булути унинг қон йиғлаётганидан нишонадир.

Осмонда юлдузлар эмас, балки менинг кўз ёшларимнинг беҳисоблигини кўриб, ҳар кеча фалак менинг ҳолимга йиғлагай.

Найсон ёмғири лоланинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлганидек, чок-чокидан сўкилган бағрим доғини кўз ёшим ювиб кетмади.

Ой юзли нигоримнинг ишқи ҳавосида кўз ёшим қуриди; ахир булут ҳам имкон борича йиғлайдику?!

Кўз ёшимни шунча яширсам ҳам, элдан пинҳон қолмади. Фонус ичидаги шамънинг кўз ёшлари қандай пинҳон қолиши мумкин?!

Риёкор кимсалар кўп йиғласалар ҳам, уларнинг гирялари эътиборга олинмайди. Уларнинг йиғилари кўзбўямачининг озгина пул учун фаровон йиғлашига менгзар.

Навоий ҳижрон тиғи захмидан кўп йиғласа, ажаб эмас, чунки бағри пора-пора бўлган кишининг гиряси осон бўлур.

Ғазалнинг умумий мазмун-моҳияти:

Баҳор фасли ҳақида сўзлаганда одатда кўтаринкилик, хуш кайфият улашувчи манзаралар, табиатнинг қишки уйқудан уйғониб, гуллаб-яшнашидан ҳосил бўладиган 
умидли туйғулар, некбин қарашлар ҳақидаги тасаввурлар жонланади. Аммо бу ғазалда Навоий тасвирни ҳижрон тиғидан бағри мажруҳ ошиқнинг ҳолидан гирён бўлган баҳорий булутдан бошлайди. Қуёш ҳароратидан ҳосил бўлган гулгун булут мотамзада ошиқнинг ҳолига қон йиғлаб, тунги осмон унинг кўз ёшлари фаровонлигидан юлдуздек беҳисоб ашк тўкаётгани тасвири орқали баҳорий манзарани фироқнинг қуюқ пардасида жилвагар этади. Найсон ёмғири лолазорларнинг очилиб яшнашига боис бўлганидек, ҳижрон кўз ёшлари чок-чок бўлган бағирнинг қони ва доғини ювиб кетмади, аксинча, янада кучайтиради. Мусибат пайтида йиғлаган киши дарди бироз енгиллашиб, таскин-тасалли топади, аммо ишқ дардига мубтало бўлган одамнинг гиряси сув эмас, балки гулханга сепилган мойдек ҳижрон ўтини янада гуриллатади. Ёмғир вақти келиб тингани каби, кўп йиғлаганидан кўз ҳам булутдек қурийди, аммо ошиқ кўнгил ичра йиғлашни давом этади. Кўп ёш тўкканидан парда боғланган кўзга басират нури қайтиб, ишқ сиррини фош этади. Бу эса, фонус ичра “йиғлаётган” шамънинг ёруғроқ бўлишига ўхшатилган:

Парда ичра йиғлаб ашким, ваҳки, пинҳон қолмади,
Шамъ фонус ичра элдин қайда пинҳон йиғлағай?

Эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги байтда шамъ, фонус ва парда образлари, ундан кейинги байтда мушаъбид (кўзбўямачи) образи келтирилган бўлиб, бу билан Навоий ўрта асрларда жуда кенг ривожланган “Фонус хаёл” томошаларини тамсил этади. Манбаларда берилишича, Фонус хаёл халқ қўғирчоқ театрининг бир тури бўлиб, унда чарм ё тахтадан ясси қилиб ишланган қўғирчоқлар дастчўпларга ўрнатилган. Дастчўпларни ҳаракатлантириш ва уларнинг бўғинларига боғланган ипларни тортиш орқали улар жонланган. Улар юпқа оқ парда ортида, унга жуда яқин масофада ҳаракатлантирилган. Томошалар кечқурун ва тунда бино ичида кўрсатилган. Қўғирчоқларнинг ортидан шамъ ёки фонуслар ёритиб турган. Натижада қўғирчоқларнинг акси пардага туширилган. Агар дастлабки байтда ҳақиқий ошиқнинг аҳволи фонус ичидаги шамъга ўхшатилган бўлса, кейинги байтда риёкор кимсанинг йиғлашлари Фонус хаёл томошасини кўрсатувчи масхарабознинг аҳволига қиёсланади. Ошиқлик мартабаси, содиқлик даражаси кўп ё кам кўз ёши тўкилгани билан ўлчанмайди. Ишқ йўлидаги асосий шартларидан бири – сидқу сафо бўлиб, риё ва ҳийла, макр ва найранг, манфаат ва ғараз аралашган жойда бозорда тўрт танга учун ҳой-ҳой йиғлайдиган масхарабознинг ҳоли каби эътибор назаридан тушади. Ишқ бозорида, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд айтганларидек, ҳижрондан сарғайган юз ва дарвешнинг хирқасидек пора-пора кўнгилгагина харидор топилур:

Ин жо рухи зарду жомаи жанда харанд,
Бозорчаи қасабфурўшон дигар аст.

(Маъноси:
Бу ерда сариқ юз ва йиртиқ тўн харид этарлар,
Беқасам сотувчилар бозорчаси бошқа ёқда.)

Сариқ юз ва кўп ёш тўкувчи кўзнинг илдизи – синиқ, пора-пора бўлган кўнгил. Кўнгли синиқ киши ҳам кўп йиғлайди, аммо унинг йиғиси риёкор кишидан фарқли ўлароқ, ҳижрон тиғидан мажруҳ кўнгилдан чиқади. Ошиқ кўнгил жароҳатидан сизиб чиққан кўз ёши ўзига ўхшаган ошиқларнинг кўнглига албатта таъсир қилади. Зотан, Навоийнинг сўзлари ҳам фақат маърифат ва муҳаббат аҳлининг кўнглига ўрнашади. Унинг мангулиги ва барча давру замонларни ўз забтига олганлигининг сири ҳам шунда.

Олимжон Давлатов,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

ЎзА
7 466