ЎзА Ўзбек

11.07.2019 14:51 Чоп этиш версияси

Кўҳна ва навқирон Марғилонда катта санъат байрами

Кўҳна ва навқирон Марғилонда катта санъат байрами

Марғилон шаҳрида қайноқ меҳрга йўғрилган, дилбар наволар, мумтоз қўшиқлар, жозибадор рақслар анжумани –“Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали бошланди.

Мамлакатимизда номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, хусусан, фольклор санъатини ривожлантириш ва кенг тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, инсоният яратган бебаҳо маданият дурдоналари энг аввало ҳар қайси миллатнинг фольклор санъатида мужассам топгани ҳаммамизга яхши маълум. Турли халқларнинг миллий ўзлигини, уларнинг тили ва ҳаёт тарзини, анъана ва урф-одатларини ифода этадиган бахшичилик санъати умумбашарий маданиятнинг узвий қисми сифатида барчамиз учун қадрлидир.

7.JPG

Мазкур фестивалдан кўзланган мақсад ҳам – маданият ва санъатнинг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида санъатга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, давлатлараро, халқлараро дўстлик, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришдир.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида 5 та – Марғилон шаҳрида “Чодир жамол”, Қўқон шаҳрида “Қўқон ёр-ёри”, Қўштепа туманида “Кабутар”, Сўх туманида “Сўх чашмаси”, Фурқат туманида “Шодлик” ва Қувасой шаҳрида “Қўш чинор” фолкьлор-этнографик ансамбллари, шунингдек, 41 та ҳаваскор фольклор гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир гуруҳнинг бир-бирига ўхшамаган, ўзига хос репертуари мавжуд. Уларнинг мусиқий ижрочилигида ялла, лапар, айтишув, ўлан, ёр-ёр, аллалар алоҳида ўринга эга.

10.JPG

Марғилон қадим-қадимдан улуғ аллома ва шоирлари, санъат ва маданият аҳли, қўли гул усталари, моҳир ҳунармандлари билан шуҳрат қозониб келади. Унинг бағридаги ноёб меъморий обидалар, нодир ёдгорликлар бу ҳақиқатни яққол тасдиқлайди Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Юлдуз Усмонова каби санъаткорларимизни халқимиз севиб, ардоқлайди. Бу санъаткорларнинг мухлислари Европа ва Осиё қитъасида ҳам кўплаб топилади. “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалининг Марғилонда ўтказилишини уста санъаткорлар ижодига эҳтиром намунаси, дейиш мумкин. 

15.JPG

Шаҳарда санъат байрамига катта тайёргарлик кўрилди. Фестивалга тайёргарлик доирасида катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Кўча ва хиёбонлар, кўп қаватли кўплаб турар жой бинолари жорий таъмирланди. Фестивалга оид панно ва рекламалар, суратлар, электр нури билан узатиладиган ёзувлар ўрнатилди. Фольклор санъатига оид турли кўргазмалар тайёрланди, миллий созлар, либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари фестивалга тахт ҳолга келтирилди. Пурсиддиқ мажмуаси, Миллий ҳунармандчилик маркази, “Ёдгорлик” корхонаси каби тарихий жойлар таъмирланди.

17.JPG

Фестивалда Италия, Германия, Франция, Канада, Жанубий Корея, Малайзия, Россия, Ҳиндистон, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Япония, Эрон, Польша, Монголия, Дания каби йигирмага яқин давлатдан меҳмонлар иштирок этади. 

23.JPG

Фестиваль ғолибларига ҳар бир номинация бўйича 1 ўрин – 3 500, 2 ўрин – 2 500, 3 ўрин – 1 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари, ташкилий қўмита томонидан дипломлар, совринлар ва фестиваль рамзлари туширилган эсдалик совғалари топширилади.

М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА
3 158