ЎзА Ўзбек

07.03.2019 Чоп этиш версияси

ҚИЗЛАР ГУЛДАСТАСИ

ҚИЗЛАР ГУЛДАСТАСИ


Мухтасар Тожимаматова

ОНАМГА

Отлар елса дупирин қулоқлари иларми,
image_2019-03-06_23-21-44.png
Олислардан йўқласам онагинам биларми,
Гул исидан боламнинг кўнглим кунда сув ичар,
Сочларимнинг бўйини бўйлаб онам йиғларми.

Сочларингиз оқига оқ бўлдимми, онажон,
Оқ рўмолингизча ҳамроҳ бўлдимми, онажон?
Осмондаги ойларни кўзлаб-кўзлаб югурдим,
Пойингизга етмаган тоғ бўлдимми, онажон...

Отлар елса юрагим дупир-дупир учгайдир,
Тошдан қаттиқ бошлардан не савдолар кечгайдир.
Боламнинг кўзларига боқиб минг бор тирилгум,
Оҳ, оналар меҳрини тангрим недан бичгайдир...

Тунлар мижжа қоқмасман, бағримда болам менинг,
Алла айтсам ухламас ўксикдир нолам менинг:
Дупир-дупир от келди, чиқиб қаранг ким келди,

Арғумоқлар бўйнида яраси бор, онажон,
Қадрингизга етмаган нодон болангиз келди.
–Аравада ун келди, алла болам, алла-ё,
Чилдирмада гул келди, ухла болам, ухла-ё...

***********************************
Гуландом Тоғаева

Сени умид билан яхши кўраман,
photo5386667993628518800.jpg
Сени деб тўкилган кўз-ёш ҳам ширин.
Шу боис кўчангда маъюс тураман,
Сен гўзал сиримсан очиқ-яширин.

Шу етти рақамни тераман тинмай,
Мен бахтсиз ҳеч сенга эмасман лойиқ.
Ҳатто бир “алло”га арзимайману,
Фақат сенинг ҳақда орзум чиройлик.

Қишларга бермаган баҳоримсан сен,
Кўчангда тош бўлай, босмасдан ўтма.
Умримнинг энг ширин саҳарисан сен,
Илтимос, юрагим тўридан кетма!

***********************************








МЕН КУТГАН ЭРТА...
Адиба УМИРОВА

Мен кутган эртага чиқаман пешвоз 
Озурда ўйлардан буриб йўлимни.
Шоҳона кўйлагим бўлмаса ҳам гар
Гўзал орзуларга безаб кўнглимни.

Ясайман хаёлим уйларини жим,
Юзимдан ҳам сўлғин дамлардан ҳориб.
Чексиз сабр-тоқат бергани учун
Адиба.jpg

"Шукур"лар айтаман Эгамга бориб.

Ҳазин бир овозда сўрайди кимдир:
– Қачон келар эртам? Кўрмадингизми?
Ўзига хиёнат қилмаганларнинг
Эртадан ғами йўқ билмадингизми?!

Завқланиб қарайман – туфлилар чангин
Меҳр билан артар бир болакай жим.
Балки, қора мойга ботган боланинг
Эртага туфлисин ювар аллаким.

Эҳтимол, қўл чўзиб турган гадолар
Сўқир кўзларини очганча катта.
Бахт излаб қисматнинг пойгакларидан
Эртасин бетоқат кутар, албатта.

Асабий ҳолатда ўтган асрдан
Келар бир қария девонасимон.
Янглиш кўчаларда йўқотиб қўйган
Эртасин излайди юз йилдан буён.

Қандай умид қилсин эртадан, ахир,
Инсонлик шаънига туширганча доғ
Хусуматга тўла юраги билан
Тақдирдан ёзғириб юрганлар шу чоғ.

Қаранг, тонг отмоқда нақадар сулув,
Кутаяпсизми, сиз ҳам ёруғ тилак.
Эй, менинг ёшлигим эслатгувчи қиз
Эшик қоққан янги кунинг муборак!

Қутлайман – бетакрор назокат билан,
Ишқ билан асрадинг покликни мангу.
Уятчанг юзингда югурган ҳаё –
Эртанинг энг сўнгги софлигидир бу.

Саҳардан масжидга йўл олган Ота
Тонгги дуоингиз ижобат бўлсин.
Боласин мактабга кузатган Она
Босган изларингиз гулларга тўлсин.

Ташвишлардан безиб, тушларида ҳам
Кўзгуни соғинган Эй, моҳтоб Аёл.
Кимнингдир юкини елкага ортиб,
Кетиб бораётган ҳожатманд ҳаммол.

Бир(оз) шодлигимдан алам ютганлар,
Қон йиғлатган шу толеингиз кулсин.
Эзгу ҳисларимни барбод этганлар,
Сизнинг ҳам эртангиз хайрли бўлсин!

Мен кутган эртага бораман кулиб,
Дунёнинг тасвирин тушириб ёдга.
Қабрга хотиржам бош қўйиш учун
Ва қайтиш истаги билан ҳаётга.

***********************************


Зилола Хўжаниёзова

Согинч соҳили

Бу йўлларда еллар сарсон, йиллар сарсон, 
photo5188156537942682287.jpg
Умрим оқар Насаф-Тошкент орасида. 
Йўл чизгилар, ошиққанда манзил томон, 
Соғинч, дийдор кўзим оқу-қорасида. 

Мунисгинам, менинг тобим ўйидасиз, 
“Йўлинг олис, чарчадингми, болам”, дейсиз.
Гулдай заиф, титраб турар қўлларингиз,
Дардмансизу, мен ношуднинг ғамин ейсиз. 

Сиз тахтимсиз, давлатимсиз, кўрк-савлатим, 
Сизсиз мендай ғариб, ночор топилмайди.
Остонага кўзин тикиб, муштоқ кутиб,
Тун оққунча қўшдарвоза ёпилмайди.

Кўзларимга халқобланиб ёш қуйилар,
Тишлаганим буғзимдаги тош туюлар. 
Сиз-ла дунё оқибати бисёр Она,
Бировларнинг ёлғон меҳри фош туюлар.

Шукур етдик, интиқ кутган баҳорларга,
Дастор олма гул очибди, оқ- пуштиранг.
Она, яна ният айтиб саҳарларда,
Бир бор бизмас, ўзингизга умр сўранг.

Бу чархидун ғам,қайгуга бозор экан,
Қўлим силтаб, найсонлар-ла елдим яна.
Нурга интиқ майсадайин бўй кўрсатган,
Соғинчларим маҳкам қучиб келдим ОНА..

Соғинчларим маҳкам қучиб келдим ОНА.....

***********************************

Гулбаҳор Жумаева:

Баҳорга илтижо... 

Ўрик, кафтингни оч, дуолар қўнсин, 
Гулбаҳор.jpg

Очилсин, кўнглимнинг сара гуллари. 
Ариқлар шилдираб шеърини айтар, 
Нотасиз бошланар баҳор куйлари. 

Бўйини бўйига ўлчар ялпизлар, 
Менчи? Деб эргашар, эрка чучмомо. 
Гулнинг ифорига боши айланиб, 
Булбул ўз тилида айтар тасанно. 

Март-агар қор ёғса, бошингга кўтар, 
Ахир, оқликларга дўнган хосият. 
Кучлисан, майсажон ўзингга ишон, 
Илдизингни тишлаб топа ол тоқат. 

Юлдуз кўз қисяпти, баҳорга қараб, 
Ошиқда, ўчяпти, ёняпти, лип-лип. 
Баҳоржон, кел ўзинг кўнглимни кўтар, 
Инсоф қил яшамай, энди қиш бўлиб. 


***********************************

БАШОРАТ ОМОН


Буюк севги

Мен сени шунчалар суйдим 
photo5465361015786023522.jpg
Ҳеч бир зот суймаган мендек аслида
Номингни минг бора ёдимга олдим 
Юрагимга ёздим қонли қасида 

Мен сени шунчалар суйдим 
Ишон! Телбаликка гўё бир қадам 
Сени таърифингни ёзсам, чўғидан 
Тугаб қолаверар жизғанак қалам

Энг хушсурат, энг соҳибжамол 
Таърифингни яна не дейин 
Керак бўлса сен учун ҳатто 
Ширин жондан шу он кечайин 

Ухламасдан тонгни қаршилаб
Фазилатинг шарҳлаганим он
Гўё жисмим узра ёғилади нур 
Яқин бўлар етти қат осмон 

Менга туюлади Сени менчалик 
Бирон зот суймаган балки чиндандир!?
Сен билан шириндир умрим бетакрор
Фақат ёдинг билан оним шириндир 


Сен билан бахтлиман хатто ўйимда 
Сендан бошқа йўқдир менинг Панохим!
Севгимни эгаси, меҳрин эгаси 
Ўзингсан, азизим, буюк Оллоҳим!


5 941
ЎзА