ЎзА Ўзбек

14.04.2019 12:28 Чоп этиш версияси

“Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлаётган адабиётшуносликка профессионаллик етишмайди”

“Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлаётган адабиётшуносликка профессионаллик етишмайди”

Адабиётшунослик катта майдон. Унда ҳақиқий илм, тафаккур кишиларигина муттасил ижод қила олади. Ҳар бир адабиётшуноснинг ўз услуби, дунёқараши, фикрлаши, ўзгача илмий ва ижодий қарашлари бўлади. 

Филология фанлари доктори, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Узоқ Жўрақулов ЎзА мухбирининг айрим саволларига жавоб берди. 

– Аввалги адабий танқид мактаби бугун қай даражада ривожланмоқда? 

– Аввалги адабий танқид мактаби деганда собиқ совет даври ўзбек адабий танқидчилиги фаолиятини назарда тутаётган бўлсангиз, бу саволга жавобим шундай: 

мустамлака тузуми, унинг ҳукмрон адабий сиёсати остида соф ўзбек адабий танқид мактаби пайдо бўлиши ва фаолият юритиши мумкин эмас эди. Шунинг учун у даврда адабий жараён ҳақида сўз юритган, янги пайдо бўлган асарларни баҳолаган, киройи истеъдодга эга мунаққидлар борлигини инкор этмасам-да, том маънода адабий танқид мактаби бор эди, дея олмайман. 

Бизда Шарқ ва Ғарб танқидий тафаккури анъаналарини синтезлаган адабий танқид мактаби пайдо бўлиши мумкин эди, агар Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Абдураҳмон Саъдий, Вадуд Маҳмуд каби мутафаккир-зиёлилар авлоди қириб ташланмаганида. 

Отилган авлод жароҳатидан силқиётган қон ҳидини ҳис этиб яшаган кейинги авлоднинг мактабга айланмаганига асл сабаб шу. 

Мустақиллик даврида адабий танқид учун давом эттиришга муносиб мунаққидлик анъанаси бўлмади. Оқибат эркинликка чиққан адабий танқид каловланиб қолди. Қаердаки йилт этган янги гап бўлса, адабий танқид доирасига олиб кириш, тарозига қўймай майдонга сочиш эстафетага айланди. 

Модернизмнинг абсурд, экзистенциалистик йўналишлари дейсизми, Ғарб декадентчиларининг тарғиботига оид фикрлар бўтқаси, дейсизми, Лотин Америкаси наоэстетизмига хос иддаолар дейсизми, Гсссет дегуманизацияси дейсизми, ўзбек адабий танқиди, мулоҳазасига бормай, уларнинг барчасига бир-бир бош суқиб чиқди. Билар-билмас бир-бирини танқид қилди, баҳслашди. Тарафларга бўлинди. Бир-бирини янчиди, бир-биридан хафа бўлди. Аммо асосий масала, янги ўзбек адабий танқиди асосларини ишлаб чиқиш масаласи кун тартибидан тушиб қолаверди. У на мумтоз адабий танқидчилик, на жадид танқидчилиги анъаналарини тузук-қуруқ ўрганди, давом эттирди, на жаҳон адабиётшунослиги янгиликларини саралаб, фильтирлаб ўзига сингдира олди, на ХХ аср охири, XXI аср бошларида пайдо бўлган тузуккина наср ва шеърият намуналари асосида танқид назариясини бунёд эта олди. 

Ўзбек адабий танқиди шу тариқа бошсиз, қўл-оёқсиз, турғун бир кўлмакка айланиб қолди. Демак, мавжуд фактлардан келиб чиққанимизда, ҳозирги ўзбек адабий танқидчилигига хос анъана ва давомийлик ҳақида саволга жавоб йўқ. 

Гапириш осон. 

– Хўш, унда нима қилишимиз керак?

– Шахсий тўхтамимга кўра, замонавий ўзбек танқидчилиги пайдо бўлиши ва ривожланиши учун қуйидаги масалалар ҳал этилиши лозим: 

А) ўзбек адабий танқидининг тарихий ва замонавий турмуш воқелиги, инсон ва борлиққа нисбатан аниқ тўхтами, позицияси шаклланиши мақсадга мувофиқ. Бунда албатта, Шарқ-ўзбек маърифий-адабий анъаналари асос бўлиши лозим: 

Б) ўзбек танқидчилари жаҳон адабиётида мавжуд танқид эстетикасига доир илмларни мукаммал эгаллаши, саралай олиши ва баҳолаш салоҳиятига эга бўлиши муҳим; 

В) замонавий адабиётимизга оид барча бадиий материалларни системали ўрганиб чиқиши, шу асосда янги ўзбек бадиий тафаккурига хос назарий критерийларни белгилаб олиши, яъни миллий танқид назариясини ишлаб чиқиши керак; 

Г) ўзбек адабий танқидини чинаккам фан сифатида шаклланишини таъминлаш, ишни ўз эгаларига топшириш, танқидчилик ва танқид назариясига оид махсус ихтисослик шифри, алоҳида ихтисослашган кенгаш, кафедраларни шакллантириш ва маблағ билан таъминлаш, имкон бўлса, Ўзбек адабий танқиди институтини очиш зарурати бор; 

Д) барча адабий журнал ва газеталарда, радио ва телеведениеда “Глобаллашув ва ўзбек адабий танқиди” деган рукн мунтазам иш олиб бориши, бу муаммо борасида мутахассисларни тинч қўймаслиги керак. 

Шунда бироз силжиш бўлади, деб ўйлайман.

– “Адабий танқид ўлди” деган фикрларга жавобингиз қандай бўлади? 

– Адабиёт ҳам, адабий танқид ҳам ўзимизники. Уни ўлдириш, дафн этиш ҳам, ҳаётга қайтариш ҳам ўз қўлимизда. Бу иш келажаги, авлодлар олдидаги масъулияти, гуноҳу савоби бизнинг бўйнимизда. Асл адабиётни севганлар, уйқудан уйғонишимиз керак.

– Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлаётган адабиётшунослик ҳақида нима дейсиз? 

– Ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишларни кузатиб бораман. Улар ўз характерига кўра, менимча, учга бўлинади: 

А) матбуот учун ёзилган ва ижтимоий тармоққа ҳам “илинилган” салмоқли танқидий мақолалар; 

Б) кимнингдир кўнглини олиш, ўз билимини намойиш этиш учун қўл учида, бир ўтиришда ёзилган фрагментлар; 

В) маълум асар муносабати билан ёзилган шарҳ, муносабат ва репликалар. 

Ўйлайманки, ҳозирча ижтимоий тармоқдаги ўзбек адабий танқидчилиги жиддий, ўз номи ва йўлига эга эстетик ҳаракатга айлангани йўқ. 
Унда профессионализм етишмайди. Ўз профессионалини топмаган иш ўрни ва маромини топишига ишонмайман. Бу ишга жиддий танқидчилар бош қўшмаса, натижа кутиш қийин. 

Дилобар Аслиддин қизи суҳбатлашди.

ЎзА
4 630