ЎзА Ўзбек

28.11.2019 Чоп этиш версияси

Ижодкорни чўққига етаклаган ташаббус

Ижодкорни чўққига етаклаган ташаббус

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ўқувчиси Кавсар Тўлқинованинг “Ижодкорни чўққига етаклаган ташаббус” деб номланган шахсий кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир очилишида мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар уларнинг жамият ҳаётида ўз ўрнини эгаллашида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

photo5404673269627465003.jpg

Иқтидорли Кавсар Тўлқиновани мамлакатимиздаги ана шундай шарт-шароитлар ижод қилишга ундади. У кўп қиррали ижодкор. Экспозицияга қўйилган асарларда бу янада яққол намоён бўлган. Унинг мойбўёқ, рангтасвир, қаламтасвир ёрдамида яратилган, натюрморт, манзара, кубизм, ижодий композиция каби услубларда чизилган рангтасвир асарлари, миллий услубда тикилган Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилояти аёлларининг тарихий ва замонавий либослари, ижодкор ўз қўллари билан ясаган Тошкент, Фарғона, Самарқанд вилоятлари аёлларининг тарихий-миллий заргарлик тўпламлари (тиллақош, зебигардон, зирак) намойиши томошабинларни бефарқ қолдирмайди. 

photo5404673269627465004.jpg

photo5404673269627465006.jpg

– Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси юзасидан бугун юртимизда ёшларимизнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига бўлган қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш бўйича кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда, – деди Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Васила Файзиева. – Бу ишлар натижасида ёш ижодкорлар етишиб чиқиб, ўзининг иқтидорини намойиш этиб келмоқда. Бугунги кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад юртимизда етишиб чиқаётган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ишлари билан бошқаларга ўрнак ва намуна қилиб кўрсатиш, мамлакатимизда ёш иқтидор эгаларининг шижоатини намоён эттиришга қаратилган. Кавсар Тўлқинова ҳам иқтидорли ёшлар сафида ижод қилиб, элимиз назарига тушмоқда. Тошкент шаҳрида туғилган бу қизимиз Ватанга бўлган меҳрини ижод намуналари орқали намоён этишга ҳаракат қилгани бизни қувонтирди.

Кўргазмада ёш ижодкорнинг тасвирий санъат, тарихий ва замонавий либослар дизайни яратиш, миллий заргарлик буюмлари ясаш йўналишидаги 50 дан ортиқ ижодий иши тақдим этилган. 

3 042
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА