ЎзА Ўзбек

14.05.2018 17:05 Чоп этиш версияси

Ижодкорлар билан учрашув

Жиззахда “Адабиёт яшаса, миллат яшайди” шиори остида адабий тадбир ташкил этилди.

Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, жумладан, атоқли адиблар номи билан аталадиган ижод мактаблари фаолиятини ўрганиш ва уларга ижодий-методик ёрдам, тавсия беришга доир чора-тадбирларни аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Сайидов раҳбарлигида юртимизнинг бир гуруҳ таниқли ижодкорлари вилоятга ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йили Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, уларнинг музейи барпо этилиб, ҳайкаллари ўрнатилган, ижод боғи ҳудудида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилган эди.

Тадбир ана шу муқаддас масканда адабиётимизнинг улкан намояндалари ҳайкаллари пойига гулчамбар қўйиш билан бошланди. Иштирокчилар боғ ҳудудидаги Ёшлар кутубхонаси, мактаб-интернат фаолияти билан танишди.

Ўтган йили фаолиятини бошлаган мактаб-интернатнинг 5, 6, 7, 8-синфларида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан 120 нафар иқтидорли ўғил-қиз таълим олаётир.

Тадбир доирасида таниқли ижодкорлар томонидан барча синфларда ижод, адабиёт, шеърият мавзусида очиқ дарслар ўтилди. Дарслар давомида ижодкорлар билан юзма-юз мулоқотда бўлган ўқувчилар учун ушбу учрашув унутилмас воқеага айланди.

Ижодкор ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ижодий учрашуви янада сермазмун, қизиқарли ўтди.

Учрашувда мамлакатимизда ижодкорлар, айниқса, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор адабиётимиз ривожига хизмат қилаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан Жиззахда ёш ижодкорларни камолга етказишда мазкур мактаб-интернатда таълим-тарбия ишларини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

– Бу заминда ўз ҳаётини халқ хизматига бахшида этган буюк аждодларимизнинг нафаси сезилиб турибди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Нодир Жонузоқ. – Айниқса, халқимизнинг икки оташнафас шоири – Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги махсус мактаб-интернатнинг очилиши тарихий воқеа бўлди. Биз бугун мактаб фаолияти билан танишиб, муассасада адабиётимиз дарғаларига муносиб ёш ижодкорлар вояга етиши учун барча имконият ва шароит яратилганидан беҳад мамнун бўлдик.

Учрашувда Ёзувчилар уюшмаси томонидан мактаб жамоасига мамлакатимиз нашриётларида чоп этилган бадиий китоблар совға қилинди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
5 297