ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

Намунали мактаб капитал таъмирдан чиқарилди

Намунали мактаб капитал таъмирдан чиқарилди
Янги ўқув йили яқин

Мактабимиз ташкил топганига салкам 36 йил бўлди. Бу даврда муассаса жуда кўп воқеаларга гувоҳ бўлди. Минглаб ўқувчиларни қалдирғоч сифатида катта ҳаётга учирма қилди. Улар нафақат республикамизнинг турли бурчаклари, балки хорижда ҳам ўз устозларининг ишончини оқлаб меҳнат қилмоқдалар.

Мактабимиз неча йиллардан буён туманда биринчиликни қўлдан бой бермай келмоқда, шаҳарда ҳам ўз нуфузига эга.

Билимлар беллашуви, Фан олимпиадаси, Республика ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида бизнинг ўқувчилар совринли ўринларни эгаллаб келмоқдалар. 2019 йил эса 11-синф битирувчилари олий ўқув юртларига имтиҳон топширишди ва уларнинг 72 фоизи талаба деган шарафли мақомга эга бўлиб, жонкуяр устозларининг юзини яна бир бор ёруғ қилишди.

Бу ютуқлар мактабимиз директори Мукаррам Салимова, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Муҳайё Мақсудханова томонидан таълим жараёнинитўғри режалаштирилгани ҳамда ташкил этилгани, қолаверса, тажрибали устозларнинг фидокорона меҳнати маҳсулидир. Улар давлат таълим стандартида белгиланган устувор мақсадларни кўзлаган ҳолда “Дарс — муқаддас” шиори остида янги педагогик технологиялар, инновациялардан самарали фойдаланган ҳолда сабоқ бериб келмоқдалар.

2019 йил 26 ноябрда Президентимиз томонидан “Замонавий мактаб”ларниташкилэтишчора-тадбирларитўғрисида”ги қарор тасдиқланди. Мана шу ҳужжат ижроси натижасида бизнинг мактаб ҳам бир неча ўн йилликдан сўнг капитал таъмир дастурига киритилди ва янги қиёфа касб этди.

2020-2021 ўқув йилини илмсевар болажонларимиз ана шу замонавий услубда таъмирдан чиққан ҳамда илғор ускуналар билан жиҳозланган мактабда бошлайди. Таътил даври бўлишига қарамай, бу хурсандчилик ҳозирдан ўқитувчиларни ҳам, ўқувчиларни ҳам чуқур ҳаяжонга солган. Шу куннинг келишини интиқлик билан кутмоқдалар.

Бундай шароитда бекаму кўст иш бошлаш биз, устозларга ҳам катта масъулият юклайди, эришган ютуқларимизни янада кўпайтиришга ундайди.

Ахир, замон талабига мос лаборатория хоналарида, барча анжомлар билан таъминланган спорт залда, барча зарур адабиётлар билан бойитилган кутубхонада фаолият олиб бориш, изланиш, янги таъмирдан чиққан фаоллар залида 5 муҳим ташаббуснинг биринчи бўғинида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ижод қилиш кимга завқ бағишламайди, дейсиз!!!

Дилобар Сайдахмедова,
Тошкент шаҳар, Юнусобод
туманидаги 97- мактаб
ўқитувчиси

4 697
ЎзА