ЎзА Ўзбек

02.07.2020 Чоп этиш версияси

Ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларига 32 та олтин ва 5 та кумуш медаль берилди

Ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларига 32 та олтин ва 5 та кумуш медаль берилди

2019/2020 ўқув йили натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тизимига кирувчи таълим муассасалари битирувчиларига 32 та олтин ва 5 та кумуш медали топширилди.

Жумладан, ижод мактаби битирувчилари 26 та олтин ва 3 та кумуш медални қўлга киритди. Ихтисослаштирилган мактабларнинг олти нафар битирувчиси олтин ва икки нафари кумуш медаль соҳибларига айланди.

Маълумот учун: 2019/2020 ўқув йилида Президент мактаблари Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳарларида фаолият юрита бошлади ва ҳозир мазкур мактабларда 11-синф битирувчилари йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлаган эди.

Низомга кўра, олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфлари ҳамда академик лицейларда барча фанлар бўйича якуний назорат, чораклик, йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли, шунингдек, жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилиши белгиланган. Кумуш медаль эса умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномага эга, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида ёки академик лицейларда барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

5 476
ЎзА