ЎзА Ўзбек

06.03.2020 Чоп этиш версияси

Иймонга элтувчи зинапоялар...

Иймонга элтувчи зинапоялар...
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!

Шоҳи Зинда –
заминнинг сирли ҳовучи.
Бир сиқим тупроқни
авайлаб, асраб
кафтида тутиб турган
Садоқат рамзи.

Шоҳи Зинда –
муқаддас узлатгоҳ,
руҳлар бешиги.
Беун алласидан
неча минг йиллар
ором топиб,
покланар диллар.

Шоҳи Зинда –
тирикликнинг кўҳна изи,
ҳайрат ўлкаси.
Нураётган, янгиланаётган
тилсимлар,
дилсимлар аро
мангу борлиқ узра
азалу абад
ғоройиб ривоятлар,
эртак, афсона.

Шоҳи Зинда –
сергак бир нигоҳ,
ҳаққул тарозу.
Ҳақиқат топмишлар
шоҳу гадолар,
ожизу беноволар,
кулоҳу тожлар,
эҳсону божлар.

Шоҳи Зинда –
тилсимлар шаҳри.
Минг бир тафаккуру
минг бир ғоялар.
Гоҳ ҳажр дашти-ю
гоҳо соялар.
Кўксингдан ўткувчи,
иймонга элтгувчи
зинапоялар.

* * *

Ватан ранги сингиб борар қароғимга,
Тоғу-тошдан жавоб топдим сўроғимга.
Дилимдаги армонларим бут бўлгайму,
Бир баҳорий насим бўлсам Сурхонимга.

Дарёларни қумсаб кўнглим бўзлайверар,
Қалдирғочлар кўшиғини излайверар.
Кўкламларда бойчечекдек кулиб турган
Бир баҳорий насим бўлсам Сурхонимга.

Зилол сувлар, чашмаларнинг кўз-кўзидек,
Бахмал гулли бинафшанинг гул юзидек,
Янги тушган келинчакнинг ҳур сўзидек,
Бир баҳорий насим бўлсам Сурхонимга.

Дилимдаги дилга яқин наволарим,
Ривоятлар сўзлаб турган момоларим,
Кўксимдаги кенгликларим, самоларим,
Бир баҳорий насим бўлсам Сурхонимга.

* * *

Турналар “қур–қур”лашиб,
Не хаёл-ла билмам, бирлашиб,
Тизилишиб, кўнгил узишиб,
Кунботарга учиб кетмоқда.

Шул қадрдон, боғлар қўйнидан,
Жаннатмисол райҳон бўйидан,
Нелар ўтди, билмам ўйидан,
Қай хаёлни қучиб кетмоқда?

Дарахтлару боғу роғлардан,
Кузнинг сахий ардоқларидан,
Ҳайрат тўла нигоҳларимдан,
Айрилиқни ичиб кетмоқда.

Қандай кўзи қияр экан, ё,
Олисларда чорламиш рўё,
Дил тутгандан юз буриб гўё,
Қанот силтаб, кечиб кетмоқда.

Турналарнинг йўлида ҳижрон,
Ҳижронларнинг бағрида армон,
Бир ишқ ҳайрон, кўзларим гирён,
Сирларимни сочиб кетмоқда.

Ишқ шаҳрининг овозасини,
Айролиқнинг андозасини,
Кўринг ҳижрон дарвозасини,
Кўз-кўз қилиб, очиб кетмоқда.
Сирларимни сочиб кетмоқда...

Дилором АБДУРАҲМОН,
шоира

2 952
ЎзА