ЎзА Ўзбек

01.12.2019 Чоп этиш версияси

Итнинг кўйлаги борми?

Итнинг кўйлаги борми?

Она тилим - олтин сандиғим

Чақалоққа биринчи марта кийгизиладиган кўйлак ёки кўйлакка ўхшаш буюм қадимги даврларда “иткўйлак” деб аталган. Адабиётшунос Тўра Нафасовнинг изоҳига кўра, бу сўз ҳозир ҳам тилда сақланиб қолган. Бу сўзнинг пайдо бўлишига қадимда чақалоқни ёмон кўзлардан, инсу жинс­лардан асраш мақсадидаги иримлар сабаб бўлган бўлиши керак. Қолаверса, ҳали эсини танимаган гўдак кўйлаги кир-чир бўлиши тайин. Ёш болаларни бизда “кучук”, “ит” деб эркалаш бўлган. Умуман, “иткўйлак” ўзига хос образли сўз.

Набототнинг наботи

Тилимизда шакар қиёмидан тайёрланадиган сариқ рангли кристалл шаклидаги қаттиқ ширинлик “новвот” ёхуд “набот” деб аталади. Хўш, бу сўзнинг асл илдизи қандай маънога эга? Тилимизда “наботот” деган сўз бор. Ўсимликлар олами шу сўз билан ифодаланади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да таъкид­ланишича, арабча “набот” – ўсимлик, форсча “набот” – ширинлик маъносини ифодалаб келади. Яъни “набот” деган сўз “ўсимлик”, “ўт” маъносини ифодалайди. Миртемир домла бу сўзни аслига яқин маънода ишлатган:

Бу ясси қирғоқларда боболар ётур,

Туғмадир ҳар ялпиз, ҳар шох, ҳар набот.

Ширинлик маъносида Эркин Воҳидов бу сўзни қуйидагича қўллайди:

Сен борсанки, кенг воҳада ҳаёт бор,

Демак, юртнинг лабида бол, набот бор.

“Ўзбек тилининг этимологик луғати”да “новвот” сўзига “ўсимлик, ўт” маъносини англатадиган тожикча “набот”оти бўлиб, кўчма маънода “оч-сариқ ранг” маъносини англатади деб изоҳ берилган.

Эшқобил ШУКУР,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

"Бобо сўз изидан" китобидан олинди.


5 896
ЎзА